Мақолалар

ТАЪЛИМ БЕРИШ ВА МУАЛЛИМ ОДОБЛАРИ

Инсон ҳаётида илм ва маърифатнинг қадри шунчалик улуғки, Аллоҳ таоло башариятга нозил қилган илк оятини “ЎҚИ” деб бошлади. Шу оят мазмунидан илм олиш барча нарсанинг аввалида туради. Зеро, ҳар бир нарсани илм орқали билиш мумкин. Ўтган уламоларимиз илм олиш, таълим бериш, илм олувчи ва илм берувчининг бир қанча одобларинини ўрганиб, асарлар ёзганлар. Албатта, бу жуда муҳим. Чунки, барча касб қилинадиган илмлар бир қанча одобларга риоя қилсагина ўзининг натижа ва самарасини беради. Қуйида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сара асарларидан бўлган “Ижтимоий одоблар”да  илмга доир келтирилган одоблардан баъзиларини келтирамиз:

«Таълим» бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. «Таълим бериш», «дарс бериш» ва «ўргатиш» сўзларининг маънолари бир-бирига яқин бўлиб, маълумотларни муаллимдан мутаъаллимга (таълим олувчига) нақл қилишни билдиради. Таълим шарҳлаш, очиқлаш, яқинлаштириш, ҳужжатлаш, далил келтириш, тарбия бериш ва насиҳат қилиш каби ишлардан иборатдир.

Таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Шунинг учун ҳам талаба бўлиб илм олишга қанчалик тарғиб қилинган ва бу ишга савоб-мартабалар ваъда қилинган бўлса, олим бўлиб таълим беришга ҳам шунчалар тарғиб қилинган ва бу ишга ҳам савоб-мартабалар ваъда қилинган. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган.

Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам Исломга амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих ҳали-ҳануз билмайди. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар барча-барчалари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзган.

Ҳа, мусулмонлар бешикдан то қабргача илм излашган. Ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлиги учун ўз ихтиёрлари билан, иймон ва ихлос ила, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан таълим ишларига шўнғишган.

Мусулмонларнинг таълим борасида қилган саъй-ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорилфунунларга асос солинди. Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорилфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганига анча бўлди. Исломнинг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан мусулмон муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача барчалари кирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно», дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса илмнинг асари доимий бўлишидир.

Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади.

Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, ўлганидан кейин ҳам унга савоб етиб тураверади.

Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, илм даргоҳи қуради, ўз маблағидан китоб чоп эттиради, кутубхона қилади ва ҳоказо. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Бу ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам, савоблари узилмай бориб туради.

Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам маълум даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг