ҲИДОЯТ МУБОРАК!

Бугун 18 май, муборак Рамазон ойининг 2 куни “Ислом ота” жоме масжидига ислом динини қабул қилиш учун рус миллатига мансуб Даря исмли қиз ташриф буюрди. Унга масжид имом ноиби Фазлиддин домла томонидан исломнинг рукни, мажбуриятлари ва исломнинг фазилати ва азизлиги ҳақида тушунчалар берилди. Имом домла томонидан янги муслимага ўзига муносиб исломий исм қўйиш учун Оиша, Фотима ва Хадича исмлари таклиф қилинди. Ўз ўрнида мазкур исмдаги саодат хонадони хонимлари фазилатлари, уларнинг исломдаги тутган ўрни, динимизга, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга қилган улкан ва беқиёс хизматлари ҳақида маълумот берилди. Муслима бу шахслар ичидан Хадича онамизнинг исмларини муносиб деб билиб, шу исм билан чақирилишлигини фахр деб билишини айтди.
Аллоҳ таолодан Хадичани ўз ҳидоятида бардавом ва собитқадам қилишлигини сўраймиз.Аллоҳ баракотли ва мазмунлик умр беришини илтижо қилиб қоламиз.
Фазлиддин Парпиев
“Ислом ота” жоме масжиди имом ноиби