ШЕЪРИЯТ: ҚУРЪОН ҚАСИДАСИ
Қуръон тиловатин насиб айлаган,
Иймон-эътиқодни қалбга жойлаган.
Раббимга минг қатла шукрлар бўлсин,
То тирик эканман, зикрлар бўлсин.
Инсонлар ичидан танлаб олинган,
Аднон уруғидан сайлаб олинган.
Набийга дуруду саломлар бўлсин,
Меҳрга лиммо-лим каломлар бўлсин.
Эй нажот истовчи, иштиёқ ила,
Қуръонни ёдлашга куч-қувват тила.
Осон услубини батафсил очай,
Соф олтин донасин қалбингга сочай.
Бу ила Қуръонни ўқигин равон,
Такроринг ҳамроҳинг бўлсин ҳар замон.
Унутиш дардидан топгайсан нажот,
Туну кун мақсадинг бўлса гар сабот.
Раббингга шукрни қўйма тилингдан,
Шайтон васвасасин қувгин дилингдан.
Ёмонликни тарк эт, негаки гуноҳ,
Зеҳнни ўлдиргай, сўрагин паноҳ.
Тақводор, парҳезкор, покдомон яна,
Тартибли ҳам ҳофиз устозни танла.
Ҳидоятда пешво, ибратли бўлсин,
Ҳусни хулқ бобида ҳимматли бўлсин.
Бирор кун дарсингдан қолма узилиб,
Ростгўй бўл, ёлғондан кетма чўзилиб.
Узлуксиз бир бетдан такрорла ҳар он,
Ташналик тафтини босгай бегумон.
Уч қатор ёдлагин ҳар намоздан сўнг,
Ғайратли кишининг иши доим ўнг.
Кунига бир бора саҳифа тўлсин,
Хушчақчақ кайфият ҳамроҳинг бўлсин.
Олти кунда тўпланиб, тўқсонга етгай,
Ишон, хатолар ҳам йўқ бўлиб кетгай.
Ҳафтада тўлиқ бир такрорда бўлмоқ,
Хотира пишиқлик жомига тўлмоқ.
Хоҳласанг кунига беш оят ёдла,
Ишонч ва жиддийлик маромин сақла.
Ҳисобла, бир ойда бўлар юз эллик,
Ажру савоблар ҳам ёғар тизилиб.
Ёдлаган жойингни такрор эт, такрор,
Шижоат қорига ҳар лаҳза даркор.
Такрор эт тунлари ҳамда кундузи,
Оятлар – мўминнинг порлоқ юлдузи.
Ака ё укага ўқийвер бот-бот,
Оятлар лаззатин тотмайсан наҳот?
Майда гап, сафсата не керак асли,
Ҳидоят машъали – Қуръондир рости.
Ўқийвер кундузи ҳам тунда, саҳар,
Ҳар бора Аллоҳнинг лутфи ёғилар.
Қорининг ҳамроҳи – қалбда Қуръони,
Тангрига шукр қил, кенгдир султони.
Оятларга боқиб, тафаккур олмоқ,
Зеҳнга зикрнинг нақшини солмоқ.
Кибр ҳавосидан нафсни пок этмоқ,
Қуръон нури ила дилни ёритмоқ.
Муташобиҳ оят қолсин ўрнашиб,
Адашмайсан келса гоҳо тўқнашиб.
Булар ҳам Қуръонда билсанг каромат,
Чалкашликдан қори бўлгай саломат.
Унутсанг ё хато кўпайса ҳар он,
Умидсиз бўлмагин, удир шайтондан.
Хатмни ҳафтада бир бора қилсанг,
Муҳаммад Расулнинг суннати, билсанг.
Мураттаблик иста, билмоғинг даркор:
Ҳар бетни уч юз бор қилмоғинг такрор.
Ошкора, пинҳона ширкдан узоқ юр,
Нафрату ғазабдан, кекдан четда тур.
Бировнинг мақтовин кутма, биродар,
Бу нарса ҳақиқий таъма, билсанг гар.
Камтар бўл, ораста, хушбўйлик ила,
Покиза либос кий, садоқат тила.
Мисвок ила ҳар дам оғзингни пок эт,
Қуръон тиловат эт, муродингга ет.
Тубанлик, тортишиш балосидан кеч,
Ёш бола сингари инжиқ бўлма ҳеч.
Ифлос маконларда ўқишни бас қил,
Хотирага ёмон таъсирини бил.
Қуръон ўқиб яша қалби покиза,
Соф ният, беғубор, таъмадан тоза.
Дунёга берилма, сен ундан кўра,
Не керак, барини Раҳмондан сўра.
Қуръонга итоат этмоқлик фарздир,
Мусулмон бандага умрбод қарздир.
Эй иймон соҳиби, ўқи куну тун,
Жаннатга мушарраф раббоний мўмин.
«Сизларнинг яхшингиз – Қуръон ўрганган,
Дейилган ҳадисда, – сўнгра ўргатган».
Эй Раббим, кечиргин гар хато қилсам,
Бандалик бурчимдан бир қадам жилсам.
Яккасан, Холиқсан, Карим ҳам Олим,
Қуръон ҳурматидан ўнглагин ҳолим.
Сиз учун шеърият чаманин кезди,
Абул Ҳасан ўғли Муҳаммад тузди.
Сенга ёлворади, эшитгин оҳин,
Хато қилган бўлса, кечир гуноҳин.
Қуръон ёд олмоқда муслим ва мўмин,
Устидан ёғдиргин ризвон неъматин.
Гарчи кибр билан бирлашса риё,
Шафоатдан бизни этма мосуво.
Яшин тезлигида ўтмоқда ҳаёт,
Икки йилда қори бўлмайсан наҳот!
Дуодан умидвор Эркин мударрис,
Тиловат чоғида эслаб ўтгайсиз.
Араб тилидан Эркин ҚУДРАТОВ таржимаси
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси