Мақолалар

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таолонинг ой ва кунлари ичида шундайлари борки, унда қилинган тоат-ибодат ва солиҳ амалларнинг савоби бошқа кундагига қараганда ортиқроқ бўлади. Ана шундай фазилатли ойлардан бири шаъбон  ойи бўлиб, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор. Бу ойда кечган энг муҳим тарихий ҳодисалардан бири “Таҳвили қибла”, яъни Қибланинг ўзгартирилиши воқеасидир. Ҳижратнинг биринчи йили, Шаъбон ойининг 15-кунларида қибла Байтул-Мақдисдан Масжидул-Ҳаромга ўзгартирилган. Бу тўғрида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنْتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ 

    “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!..” (Бақара сураси, 144-оят).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамада турганларида қибла Байтул-Мақдис томонда эди. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин қибла яна боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг қибласи – Каъба томонга ўзгаришини иштиёқ билан кутган эдилар. Қибла ҳақида яна ушбу ояти карима ҳам нозил бўлган:

وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِنْ كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَحِيمٌ

   “…Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят).

Қибланинг Байтул-Мақдисдан Байтул-Ҳаромга ўзгартирилиши ҳақида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси шарифлари бор:

حَدَّثَنَا عَمْرُو بْنُ خَالِدٍ قَالَ: حَدَّثَنَا زُهَيْرٌ قَالَ: حَدَّثَنَا أَبُو إِسْحَاقَ، عَنِ الْبَرَاءِ: أَنَّ النَّبِيَّ r كَانَ أَوَّلَ مَا قَدِمَ الْمَدِينَةَ نَزَلَ عَلَى أَجْدَادِهِ – أَوْ قَالَ أَخْوَالِهِ – مِنَ الْأَنْصَارِ، وَأَنَّهُ صَلَّى قِبَلَ بَيْتِ الْمَقْدِسِ سِتَّةَ عَشَرَ شَهْرًا، أَوْ سَبْعَةَ عَشَرَ شَهْرًا، وَكَانَ يُعْجِبُهُ أَنْ تَكُونَ قِبْلَتُهُ قِبَلَ الْبَيْتِ، وَأَنَّهُ صَلَّى أَوَّلَ صَلَاةٍ صَلَّاهَا صَلَاةَ الْعَصْرِ، وَصَلَّى مَعَهُ قَوْمٌ، فَخَرَجَ رَجُلٌ مِمَّنْ صَلَّى مَعَهُ، فَمَرَّ عَلَى أَهْلِ مَسْجِدٍ، وَهُمْ رَاكِعُونَ فَقَالَ: أَشْهَدُ بِالله لَقَدْ صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ  قِبَلَ مَكَّةَ، فَدَارُوا كَمَا هُمْ قِبَلَ الْبَيْتِ

    Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага илк бор келганларида ансорлардан бўлган боболариникига – ёки тоғалариникига – тушдилар. Байтул Мақдисга қараб ўн олти ой ёки ўн етти ой намоз ўқидилар. У зотга қиблалари Байт тарафида бўлиши ёқар эди. Илк (Байтуллоҳга қараб) ўқиган намозлари аср намози бўлди. У зот билан бирга бир неча киши ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бир киши чиқиб, бир масжид аҳлининг ёнидан ўтди. Улар рукуъда эди. Шунда у: «Аллоҳ номи ила гувоҳлик бераманки, шак-шубҳасиз, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макка томонга қараб намоз ўқидим», деди. Натижада улар ўша ҳолларида Байт томонга бурилишди» (Имом Бухорий ривояти).

    Шаъбон ойи энг улуғ ва фазилатли ойлардан бири эканига далиллар жуда кўп. Айниқса, ражаб, шаъбон ва Рамазон ойларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда юқори баҳолаб, бундай марҳамат қилганлар:

” خِيَرَةُ اللهِ مِنْ الشُّهُورِ شَهْرُ رَجَبَ وَ هُوَ شَهْرُ اللهِ ، مَنْ عَظَّمَ شَهْرَ رَجَبَ فَقَدْ عَظَّمَ اَمْرَ اللهِ وَ مَنْ عَظَّمَ اَمْرَ اللهِ اَدْخَلَهُ جَنَّاتِ النَّعِيمِ وَ اَوْجَبَ لَهُ رِضْوَانَهُ الْاَكْبَرَ ، وَ شَعْبَانُ شَهْرِي فَمَنْ عَظَّمَ شَهْرَ شَعْبَانَ فَقَدْ عَظَّمَ اَمْرِي وَ مَنْ عَظَّمَ اَمْرِي كُنْتُ لَهُ فَرَطًا وَ ذُخْرًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَ شَهْرُ رَمَضَانَ شَهْرُ اُمَّتِي فَمَنْ عَظَّمَ شَهْرَ رَمَضَانَ وَ عَظَّمَ حُرْمَتَهُ وَ لَمْ يَنْتَهِكْهُ وَِ صَامَ نَهَارَهُ وَ قَامَ لَيْلَهُ وَ حَفِظَ جَوَارِحَهُ خَرَجَ مِنْ رَمَضَانَ وَ لَيْسَ عَلَيْهِ ذَنْبٌ يَطْلُبُهُ اللهُ بِهِ ”

   “Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан ражаб ойини Ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳнинг ойи” дейилади. Ким ражаб ойини улуғлаб, ҳурматини жойига келтира олса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг Жаннати наимига киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи эса, “Расулуллоҳ ойлари” дейилади. Ким шаъбон ойини улуғлаб, таъзимини бажо келтирса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман”, деб ваъда қиладилар. Рамазон ойи “Умматларим ойи” дейдилар. “Ким Рамазон ойини улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, ўзгаларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинган”, деб Расулуллоҳ башорат берадилар” (Байҳақий ривояти).

Шаъбон ойининг 15-куни, яъни 14-куннинг қуёш ботган вақтидан то эртаси 15-куннинг қуёш ботган вақтигача ойнинг энг улуғ айёмларидан ҳисобланади. Бу кеча “Бароат кечаси” дейилади. Кечанинг улуғлиги ҳақида эса ривоятлар жуда кўп. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниши, ажал ва умрлар белгиланиши қилинган амалларнинг саҳифалари Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилиб намойиш қилиниши каби ҳодисалар бўлиб ўтиши китобларимизда баён қилинган. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ер юзига муттасил ёғилиб тураркан. Агар унинг устига яна истиғфор ҳам айтилса, албатта, Аллоҳ таоло катта-кичик гуноҳларни мағфират этиб юбориши ҳақида ривоятлар кўп.

Бу кечада Ҳақ таоло то субҳ вақтигача ушбу тарзда нидо қилар экан: “Истиғфор айтувчилар бормики, гуноҳларини кечсам, бирор бало ёки мусибатга мубтало бўлганлар бормики, нажот сўрасалар, офият бахш этсам, ризқу рўз сўраганлар бормики, ризқини зиёда қилсам”, деган нидолар билан тонг отар экан. Ибн Ҳажар (розияллоҳу анҳу) шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойидаги нафл рўзалари бошқа ойдаги нафл рўзалардан кўпроқ бўлиб, шаъбонни аксар кунларини рўза тутиб ўтказар эдилар”, дейдилар.

Бошқа ҳадисда эса, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:

“عن أُسامةَ بنِ زَيْدٍ رَضي الله عنهما قال: قلتُ يا رسولَ اللهِ لَمْ أَرَكَ تَصُومُ مِنْ شَهْرِ مِنَ الشُّهُورِ مَا تَصُومُ مِنْ شَعْبَانَ، قَالَ ذَاكَ شَهْرُ يَغْفُل الناسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبَ وَرَمَضَان وَهُوَ شَهْرُ تُرْفَعُ فيه الأعمالُ إلى ربِّ العَالمينَ وأُحِبُّ أَنْ يُرْفَعَ عَمَلِي وَأنا صَائِمُ”

(رواه النسائي في السنن الصغرى).

   “Бир куни Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай савол бердим: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен биронта ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дейдилар” (Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизга шаъбон ойи кечасини ғанимат билиб, уни рўза ва тоат-ибодат билан ўтказишни насиб этсин!

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг