Янгиликлар

ТОШКЕНТДА ИМОМ АТ-ТЕРМИЗИЙ МАСЖИДИ ҚУРИЛИШИ ЯКУНЛАНМОҚДА

Тошкент шаҳри, Олмазор туманида яна бир кўркам иншоот – Имом ат-Термизий жомеъ масжидининг янги биноси тез орада фойдаланишга топширилади.

Айни вақтда ҳудудда қурилиш ишлари давом этмоқда, қурилиш ишлари 70 фоизга якунланган. Усталар ички ва ташқи безак ва ободонлаштириш ишларини олиб боришмоқда. Бино куз ойларига бориб фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Биринчи қавати ертўла, иккинчиси асосий айвон ва учинчиси қўшимча айвон шаклида қурилаётган масжиднинг баландлиги 23 метр. Бу ерда 1800 ўринли катта хонақоҳ, кутубхона ва бошқа хизмат хоналари барпо этилган. Масжидга ёндош жойдан аёллар учун алоҳида ибодатхона бунёд этилди. Унда бир вақтнинг ўзида юздан зиёд аёл намоз ўқиши мумкин бўлади.

Тарихий обидани қайта тиклаш ишларида икки юздан зиёд уста, муҳандис, ҳунарманд, безакчи ва бошқа мутахассислар қатнашмоқда. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш жараёнида Юқори Себзор маҳалласида бўлиб, Имом ат-Термизий жомеъ масжидини қайта қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

19 июль куни эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида ушбу жомега биринчи ғишт қўйилди.

Шундан сўнг, тез орада «Ижод-Ижод» хусусий корхонаси мутахассислари томонидан қурилиш ишлари бошланди.

Масжид 1876 йилда шу маҳаллада яшаб ўтган Исмоил ота ва Сувоқчи оталар томонидан маҳаллий масжид сифатида маҳалла аҳолисининг ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, икки кичик тоқилик хонақоҳдан иборат бўлган. Ўша даврда ушбу маҳаллада асосан мўғуллар яшагани сабабли, масжид «Мўғул кўча» масжиди деб юритилган. Чор Россияси ҳукмронлиги даврида масжид бир муддат беркитилиб, фаолият олиб бормаган.

Масжид 1989 йилда қайта таъмирланган, 2007 йилда эса битта қўшимча ҳонақоҳ қурилган, масжид айвонига бир вақтнинг ўзида мингга яқин киши сиғиши имконияти пайдо бўлган, масжид Имом ат-Термизий номини олган.

Манба: kun.uz

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг