Ислом тарихиМақолалар

АЙЮБ АЛАЙҲИССАЛОМ

АЙЮБ а.с. (أيّوب) Қуръони каримда ваҳий юборилган (Нисо сураси, 163) ва ҳидоят берилган (Анъом сураси, 84) пайғамбарлардан бири бўлиб номи зикр қилинган.[1]

У зот Румда яшаган бўлиб, насаблари қуйидагича: Айюб ибн Амвос (Мус[2]) ибн Зориҳ (Розиҳ[3]) ибн ал-Ийс Исҳоқ ибн Иброҳим..

Айюб а.с. ота томонидан Ҳазрати Исҳоқнинг, она томонидан эса, ҳазрати Лутниниг наслидан. (Табарий, Тарих, Ж. 1. 322-бет; Ибн Касир, ал-Бидоя. Ж. 1. 220-бет). Хотини эса, Яъқуб а.с.нинг қизи Лия ёки Юсуф а.с.нинг ўғли Эфраимнинг қизи Раҳма. Яна баъзилар: “Яъқуб ўғли Юсуф ўғли Мансонинг қизи Лия”, деганлар.

Алишер Навоий “Тариху анбиё ва ҳукамо” асарида шундай келтиради:

“Айюб Сабур а.с. онаси Лут а.с. қизидур. Отасини Иъйс бинни Исҳоқ а.с. авлодидиндурур дебдурлар: Вале баъзи мухолафат қилибдурлар. Мавлуди Румдур, аммо Шомда муқим эрди”.

Айюб а.с.га ҳақида тафсир ва қисасул анбиё китобларида турли ривоятлар келтирилган. Унинг узун бўйли, қалин сочли ва ҳайбатли киши бўлганини нақл қилган манбалар Шомда яшагани, Ҳавронда жуда катта ер мулкига эга бўлганини, бу ерида 1000 та ҳўкизи, 500 та урғочи эшаги, жуда кўп сонли туя, сигир, отлари ва 500 та қули бўлганини қайд этади. (Саълабий, 116-бет).

Алишер Навоий “Тариху анбиё ва ҳукамо” асарида шундай келтиради:

“Ҳар навъ мол ва маноли кўп эрди ва ўн ўғли бор эрди. Ғанимат жуфтидин ҳеч нима йўқ эрдиким, ҳақ таоло ибодати ва тасбиҳи ва таҳлилига ул навъ машғул ва машъуф эрдиким, ҳеч нимага илтифот қилмас эрди”.

Ибн Асокир: “Унинг жуда кўп аҳли ва фарзандлари бор эди. Ундан мана шуларнинг  барчаси олинди. Қалби ва тилидан бошқа ҳамма аъзоларига мусибат, дард, балолар юборилди. Фақат тили ва қалби билан Аллоҳни зикр қилар эди”, дейди.

Айюб а.с.нинг исми Қуръони каримда тўрт марта – Нисо, Анъом, Анбиё ва Сод сураларида[4] зикр этилган: 

“Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик”. (Нисо сураси, 163-оят);[5]

Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз”. (Анъом сураси, 84-оят);

“Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: “Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!” деганини эсла”. (Анбиё сураси, 83-оят);

41. “Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: “Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди”, деди”. 42. “Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув), (дейилди). 43. Ва биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди. 44. “Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма, (дейилди). Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир”. (Сод сураси, 41-44-оятлар).

Юқоридаги икки оятда эса, берилган касалликнинг тафсилоти келтирилмасдан, балки, инсонлар учун диний ва ахлоқий намуна кўрсатилмоқда.

У зот ҳақидаги ҳадис: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в.: “Айюб яланғоч чўмилаётган эди, олдига бир тилла чигиртка келиб тушди. Айюб уни кийимига солиб олди. Робби унга: “Эй Айюб! Сени кўриб турган нарсангдан беҳожат қилмаганмидим?” деди. У: “Иззатингга қасамки, шундай қилган эдинг, лекин, баракангдан беҳожатлигим йўқ”, деди”.[6]

Саҳиҳи Бухорийнинг “Анбиёлар” бобидаги ривоятда “тилла чигиртканинг оёғи” деб келтирилган.

Анас бин Моликдан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Айюб а.с.нинг касаллиги ўн саккиз йил давом этган. (Саълабий. 122-бет; Ибн Касир, ал-Бидоя. Ж. 1. 223-бет). Бу касалликнинг уч ёки етти йил кечгани ҳақида ҳам ривоятлар мавжуд.

Яна бир ҳадисда Айюб а.с.нинг чоршанба куни касалликка чалингани ва сешанба куни касалликдан фориғ бўлгани келтирилади.[7]

Айюб а.с. тақво соҳиби, йўқсилларга марҳаматли, бева-бечора, етим-есирларга меҳрибон, меҳмондўст, мусофирпарвар ва Аллоҳнинг берган неъматларига доимо шукр қилувчи инсон бўлган. Яъқуб а.с. ёки Юсуф а.с. билан замондош; ёки Юнус а.с.дан кейин яшаган. Унга иккиси ўз қавмидан ва бири Яманлик бўлган жами уч киши иймон келтирган. Шайтоннинг уни йўлдан оздириш учун қилган саъй-ҳаракатлари, молу-мулкини ва оиласини йўқотиши, оғир касалликка чалиниши, узоқ вақт сабр ва матонат кўрсатиши, хотинининг уни исён қилишга ундаши, ниҳоят касалликдан шикоят қилиши ва кейинги воқеалар каби маълумотлар исроилиёт манбаларидаги маълумотлари билан ўхшашлик касб этади. Шу билан бирга бу маълумотларга Қуръони карим оятларининг ҳам илова қилинганини кўриш мумкин.

Айюб а.с.нинг Қуръони каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам ўзларига етган мусибатга сабр қилганликларидан бошқа, ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келмаган. Қуръони каримга кўра, Аллоҳ бошқа пайғамбарлар каби Айюб а.с.га ҳам ваҳий юбориб, у зотни Ўзига пайғамбар қилган. Шу билан бирга машҳур пайғамбарлар қаторида санаб ўтган. Синов тариқасида Айюб а.с.га катта зарар етган. Бу синов молу дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлган. Аммо ўша зарарнинг айнан номи зикр қилинмаган. Айюб а.с. буларнинг барчасига сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмай, Унга бўлган ишончи сусаймай, розилигини тилаб тураверган.

Шайтон машаққатли синов лаҳзаларида Айюб а.с. ва мухлисларини васваса қиларди. Мухлислар ичида у зотнинг хотинлари ҳам бор бўлиб, шайтон унга ҳам турли томонлардан васваса қиларди. Унга агар Аллоҳ Айюбни яхши кўрганида уни балоларга гирифтор қилмасди, дейиларди. Бу гаплар Айюб а.с.га етиб келганда, у зот имкон топганида аёлини уришга қасам ичди. Гўзал сабри ва Аллоҳнинг раҳмати ила, соғайди, аҳли ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Шундан сўнг, Аллоҳ у зотга қасамни қандоқ адо қилишни ўргатиб, “Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма”, деди. (Сод сураси, 44-оят).

Қуръони карим ва ҳадисларда бундан ортиқ маълумот зикр қилинмаган.

АДАБИЁТ. Айюб а.с. бошқа илоҳий динларда бўлганидек, Ислом динида ҳам сабр ва бардош соҳиби, обидларнинг энг мухлиси ва машҳурлари бўлиб, назмий асарларда асосан, сабрлари зарбулмасал бўлиб келтирилган. Биров ўзига сабр тиласа, менга Айюб а.с.нинг сабридек сабр бер, дейди.

“Сабрнинг сўнги бўлди чун саломат,

Айюбга эришди Ҳақдан яна ул сиҳҳат”.

Рофеъ ушбу байти билан сабрнинг натижаси хурсандчилик, ҳузур-ҳаловат келтиришини айтмоқда.

Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Айюб а.с. ҳақида шундай дейди:

Бесабр улус гарчи жаҳондин кетти,

Айюб сабур доғи кетмай нети.

БОШҚА ДИНЛАРДА. Айюб а.с.нинг номи Иброний тилида Тавротда Ийюб (Ийюв) кўринишида келтирилади. Бу сўзнинг ўзаги ва маъноси ҳақида ихтилофлар бор. Баъзи ўринларда “Душман бўлиш, душманлик муносабатида бўлиш” маъносидаги “ояв” феълидан келиб чиққани айтилса-да, “сабр қилиб касалликка бардош бериш” ёки “эй илоҳий ота, қаердасан” маноларида ҳам келтирилган.

Бу сўз қадимги Жанубий Арабистон ва Самуд тилида Эйб, қадимги Вавилон тилида Айябум, Тел Амама ёзувларида Аяаб (А-иа-аб) кўринишида келтирилади. Арабча бўлмаган Айюб сўзининг (Мавҳуб ибн Аҳмад ал-Жавалиқий, 102-бет) араб тилида “тавба қилиш” маъносидаги “авб” ўзагига яқинлиги айтилган.

Аҳди атиқ (қадимги аҳдда) бошидан кечирган воқеаларнинг барча тафсилотлари келтирилган Айюб Утс диёрида яшаган. Бу диёр Эдом диёрининг бир минтақаси ва Ўлик денгизининг жануби-шарқида жойлашгани ёки Жалила кўлининг шимоли-шарқидаги Ҳаурон деган жойдир. Қадимги Аҳдда Айюб Аллоҳдан қўрқадиган, ёмонликлардан узоқ бўлган, комил ва ҳақгўй киши деб таърифланади. Етти ўғил ва уч қизи бўлган. Бундан ташқари 7000 қўйи, 3000 туяси, 1000 та ҳўкизи, 500 та урғочи эшаги ва жуда кўп қуллари ҳам бўлган. Шарқдаги барча инсонларнинг улуғи саналган. Аллоҳ уни катта мусибатлар билан имтиҳон қилади ва ниҳоят тавбасидан кейин унга саломатлик беради. Аввалги мол-мулкининг икки мислини инъом этади. Етти ўғил ва уч қиз кўради. Айюб бу мусибатдан кейин яна 140 йил яшайди.

Уламоларимиз, Айюб а.с.га етган жирканчли касалликлар ҳақида баъзи ривоятларда келган гапларда муболаға бор, пайғамбарлик мақомига ҳам тўғри келмайди, дейишади.

Бани Исроил эса, одатдагидек, бошқа анбиёларга тўқиганидек, Айюб а.с.га ҳам бўҳтонлар тўқиб ташлашган. Жумладан, жуда хунук дардга мубтало бўлган, яқинида туриб бўлмайдиган даражада ёмон аҳволга тушган, бадани парча-парча бўлиб узилиб тушаверган, фақат бир хотинигина қолиб, бошқалар ундан нафрат қиладиган ҳолга келиб қолган, аввалида сабр қилиб, кейинчалик Роббисига исён қилган ва ҳоказо. Бундай афсоналар нубувват мақомига мутлақо зид. Зеро, ислом эътиқодига кўра, пайғамбарлардаги хос фазилатлардан бири исмат – катта-кичик барча гуноҳу маъсиятлардан холи бўлишдир. Қуръони каримда ҳам Айюб а.с. ўзининг ҳолатини фақат дуо қилиш билан Аллоҳга ёлворган.  Унинг исён қилгани ва гуноҳкор бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган. Аксинча, Аллоҳ уни сабр қилган бандаларидан топгани, унинг яхши банда эканлиги ва доим Аллоҳга йўналганининг баён қилиниши Қуръони каримнинг Қадимги аҳддаги маълумотларнинг ҳақиқат эмаслигини тасдиқлашидир. Бундан ташқари Айюб а.с.нинг касаллигининг инсонларни ўзидан нафратлантирадиган ва жирканадиган даражада бўлгани ҳақидаги яҳудий манбалари маълумотларни пайғамбарларнинг ҳурмат ва ижтимоий мавқеларига боғлаш асло мумкин эмас. Қуръон ва ҳадисларда бундай маълумотлар мавжуд эмас. Бошқа манбалардаги бунга ўхшаш маълумотлар тўқима манбалардан олинган.

Аллоҳ пайғамбарлар ҳақида турли қиссалар тўқишга ёки касалликнинг турини аниқлашга эмас, балки, бандаларга пайғамбарларнинг қиссаларидан ибрат олишга амр қилган.

Тарихчилар Айюб а.с. 93 ёшда вафот этган дейдилар. Баъзи ривоятларда эса, касалликдан аввал етмиш ва соғайгандан кейин ҳам етмиш йил яшаган, дейилади. У зотнинг 26 та ўғиллари бўлган. Ўшалардан бирининг исми Бишран бўлиб, у Қуръони каримда зикри келган Зул Кифлдир.[8]

Айюб а.с. қиссасида ва унинг бошига тушган мусибатлару хасталикда ҳамда Аллоҳга дуо қилиши оқибатида унинг шифо топиб яна молу дунё соҳиби бўлишида мўъминларга ибрат ва намуна бор.

 

МАНБАЛАР:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007. 284-бет.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим суралари маъноларининг таржимаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007.

Имом ал-Бухорий, Саҳиҳул-Бухорий, Ғусл, 279; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, Ж.2. 243, 314, 490. (олтин силсила, 299 б. 279-ҳадис).

Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язил ал-Қазвиний (Ибн Можа). Сунану Ибн Можа. Байрут, Дорул фикр. 2003-1424. Китобут-тиб. 22-боб. 3488-ҳадис.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007. 292-бет.

Табарий, Жомиъул байан, 12-жилд, 106-109.

Ибн Касир, ал-Бидоя ван-ниҳоя, I, 220-225;

Ибн Касир, Қисасул анбиё, 367-375


[1] Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар: Одам, Идрис, Нуҳ, Xуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, Ҳорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, ал-Ясаъ, Закариё, Яҳъё, Зул-Кифл, Ийсо ва Муҳмаммад алайҳиссаломлардир. Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорийдан (р.а.) қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим. У зот (с.а.в.): «Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим. У зот: «Уч юз ўн учтаси, кўпчилик» дедилар.)

[2] Ибн Касирнинг “Қиссасул анбиё” китобида шундай келтирилган.

[3] Ибн Касирнинг “Қиссасул анбиё” китобида шундай келтирилган.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007. 284-бет.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим суралари маъноларининг таржимаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007.

[6] Бухорий, Ғусл, 279;Муснад, Ж.2. 243, 314, 490. (олтин силсила, 299 б. 279-ҳадис).

[7] Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язил ал-Қазвиний (Ибн Можа). Сунану Ибн Можа. Байрут, Дорул фикр. 2003-1424. Китобут-тиб. 22-боб. 3488-ҳадис.

[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007. 292-бет.

Олимжон АЛЛОҲҚУЛИ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг