АБУЛ МУЪИН АН-НАСАФИЙ
Жорий йилнинг ноябрь ойи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча масжид ва мадрасаларда “Абул Муъин ан-Насафий ойлиги” деб номланди. Шу муносабат билан бугунги жума мавъизамизни у зоти бобаракотнинг ҳаѐтлари ва ижодлари билан сизларни таништириб ўтишга бағишладик. Зеро, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларни яқиндан танимоғимиз, уларнинг илмий мерослари, умуман Ислом оламида тутган ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлмоғимиз сизу бизларнинг у зотларга нисбатан муҳаббатимиз ва эҳтиромимизнинг янада зиёда бўлишига, маънавий меросларини ўрганишга нисбатан қизиқишимизни ортишига сабаб бўлади.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалардан бири Абул Муъин ан-#Насафий ҳазратлари бўлиб, у зоти бобаракотнинг тўлиқ исмлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафийдир. Азизлар! Абул Муъин ан-Насафий Насафда (ҳозирги Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида) туғилганлар. У зотнинг таваллуд топган саналари ҳақида икки хил маълумот мавжуд.
Хайруддин аз-Заркалий “Ал-Аълом”да 418 ҳиж. (1027 мил.) санада таваллуд топиб, 508 ҳиж. (1114 мил.) санада вафот этган деган бўлса, Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифин”да бу фикрга қўшилган, аммо Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим”да Абул Муъин ан-Насафий 508 ҳиж. (1114 мил.) йилда Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчисида етмиш ёшида вафот этган, деган. Бундан 438 ҳиж. (1044 мил.) санада таваллуд топгани келиб чиқади. Иккала сананинг қайси бири ҳақиқат эканлиги борасида аниқ маълумот йўқ.
Абул Муъин ан-#Насафий (раҳимаҳуллоҳ) Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридий ақидавий мазҳаби уламоларининг энг машҳури Имом Мотуридийнинг фикрларини биринчи бўлиб ёқлаб чиққан уламолардан саналадилар. Ашъария ақидасида Боқиллоний, Ғаззолий ва ар-Розий қандай ўрин тутсалар, мотуридия ақидасида Абул Муъин ан-#Насафий (раҳимаҳуллоҳ) шундай муҳим ўрин тутадилар. Шунингдек, ашъария мазҳабида аш-Шаҳристонийнинг китоблари қанчалик аҳамиятга эга бўлса, ан-Насафий нинг китоблари ҳам мотуридий мазҳабида шунчалик муҳим манба саналади.
Абул Муъин Ан-Насафий (раҳимаҳуллоҳ) ҳақида Абдул Қодир ал-Қураший “Ал-жавоҳир ул-музийя фи табақот ал-ҳанафийя” асарида, Абдулҳай Лакнавий “Ал-фавоидул баҳийя фи тарожими ал-ҳанафийя” асарида, Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожим” китобида, ал-Кафавий “Катоибу аъломил ахйор мин фуқаҳои мазҳаби ан-Нуъмон ал-мухтор” асарида, Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун ан асомий ал-кутуб вал фунун” асарида зикр қилиб ўтганлар.
Абул Муъин ан-Насафий (раҳимаҳуллоҳ)нинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин (раҳимаҳуллоҳ) отасидан Абу Ҳанифа нинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муъин ан-Насафий нинг илмий салоҳияти унинг ота-боболаридан мерос бўлиб келган дейиш мумкин.
Абул Муъин ан-Насафий (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдлари:
Абу Бакр Алоуддин ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу ал-Юср ал-Паздавий, Абу Бакр Масъуд ал-Кошоний, Нажмуддин Умар ан-Насафий, Абул Ҳасан ал-Балхий, Маҳмуд ас-Соғарчи ва бошқаларни зикр қилиш мумкин.
Абул Муъин ан-Насафий (раҳимаҳуллоҳ) ҳаётининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода илмий ижодий ишлар билан ўтказган. Шу даврлар орасида 15га яқин илмий асарлар таълиф этган бўлиб, жумладан: “Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари шулардан энг машҳурлари саналади.
Имом Насафий мол-дунѐга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, мотуридий мазҳабини батафсил шарҳлаб, унинг кенг ѐйилишига катта хисса қўшди, мотуридия ақидасига қарши бўлган мўътазила, жаҳмийя, карромийя, ботинийя каби оқимларнинг фикрига қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди.