Янгиликлар

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА ИШТИРОК ЭТГАН ХОРИЖЛИК МЕҲМОНЛАРНИНГ ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИ

Шайх ул-ислом Оллоҳшукур Пашазаде – Кавказ мусулмонлари идораси раиси:

Бугунги тадбирни юксак даражада ташкиллаштиришга яқиндан кўмак берган барчага самимий ташаккурларимни изҳор этаман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Жаноби Олийларига биз учун муҳим бўлган анжуманни ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаганликлари учун алоҳида миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ушбу тадбир давлатларимиз раҳбарларининг халқларимизнинг диний ва маънавий қадриятларига бўлган юксак эътиборидан далолат беради.

Эҳтимол, сиз менинг ёшлик даврларим Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтганлигини биларсизлар. Мени диний уламо ва Шайх ул-ислом даражасига етишимда ўзбек халқининг, хусусан диний олимларининг ҳиссаси жуда каттадир. Шу сабабдан, Ўзбекистон менинг маънавий ватанимдир. Бу заминда менга бошпана берган оилани – ўз оилам, домлаларимни эса маънавий устозларим деб ҳисоблайман.

Конференциямиздан мақсад – ушбу “Ислом бирдамлиги йили”да қадимдан шаклланиб келган ва ҳозирда янгича кўриниш олган Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларини янги босқичга олиб чиқишдир.

Мамнуният билан шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари – муваффақиятли ислоҳотлар билан Ўзбекистонни ҳамма соҳада янада юқори чўққиларга олиб чиқмоқдалар, Марказий Осиё минтақасида сиёсий ишонч даражасини ҳар томонлама оширмоқдалар, мусулмон дунёси бирлигини мустаҳкамлашга чақирмоқдалар.

Айниқса Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича ғоялар алоҳида эътиборга ва ҳурматга сазовордир.

 

Мубариз Гурбанли – Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича Давлат қўмитаси раиси:

Ҳозирги кунда ислом ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги масаласи нафақат мусулмон дунёси, балки бутун жаҳонда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Озарбайжонда 2017 йил – “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас.

Ислом бирдамлигининг долзарблиги ҳозирда кенг тарқалаётган исламофобияга қарши курашишда муҳим омил саналади.

Маълумки, азалдан қардош Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасида тарихий дўстлик алоқалари мавжуд. Озарбайжон келгусида барча соҳалар каби диний соҳада ҳамкорлик алоқаларининг янада кенгайишидан манфаатдор.

Мусулмон давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик ислом оламидаги юзага келаётган муаммолар, келишмовчиликлар ва қарама-қаршиликларни ечишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

 

Холид Эрен – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКА) бош директори:

Мусулмон дунёси турли муаммоларга дуч келаётган бугунги шароитда мамлакатлар ва халқларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги
ва бирдамлигини таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.

Уруш ва низолар, экстремизм ва терроризм, диний камситиш ва ксенофобия турли маданият ва эътиқодга мансуб шахсларнинг ўзаро тинч ва ҳамжиҳат яшашига тўсқинлик қилмоқда.

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда ислом ҳамкорлиги, бирдамлиги ғоясининг юксак даражада тарғиб қилинишини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳудуд тарихан тинчлик, хотиржамлик ва динлараро бағрикенглик, тотувлик ҳукм сурган ҳудуд ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон тинчликпарварлик ва бағрикенгликка мисол бўлиб хизмат қиладиган қадимий диёрдир. Шу сабабдан, Марказий Осиё ҳудудида цивилизациялараро муносабатлар ривожлангани, буюк олимлар етишиб чиққани, илмий мактаблар фаолият юритганини алоҳида таъкидлаш лозим.   

 

Акиф Ализода – Озарбайжон Миллий фанлар академияси президенти:

Исломда илм-фан, сиёсат ва давлат ҳақидаги мусулмон олимлари томонидан ёзилган китоблар ибодат ҳақидаги китобларга қараганда сон жиҳатидан кўплиги бу динда илм-фанга нақадар юксак эътибор қаратилганидан далолатдир. Ислом номи остида зўравонлик, қон тўкиш каби стреотипларни олимлар ва тадқиқотчилар йўқотишлари лозим ва мазкур конференция ана шу мақсадга хизмат қилишига ишонаман.

Ислом дини бағрикенг дин. Озарбайжон ҳудудида ислом дини давлат дини бўлгандан сўнг, бошқа дин вакиллари ҳеч қандай камситилишга йўл қўйилмаган. Ҳозирги кунда турли дин вакиллари тинч ва тотувликда, диний бағрикенглик тамойиллари асосида яшамоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Озарбайжоннинг етук алломалари айнан Ўзбекистонда диёрида таҳсил олганлар.

 

Альбир Крганов – Россия мусулмонлари диний жамияти раҳбари, Москва шаҳри муфтийси:

Ўзбекистон қадимдан динлараро бағрикенглик ва цивилизациялараро мулоқот ривожланган юрт ҳисобланади. Бухорои шариф эса бизни тарбия қилган маскандир. Ўзбекистон юртида улуғ алломалар хоки бор. Уларнинг илмий меросини ўрганиш орқали бугунги кундаги таҳдидларга, хусусан, экстремизм, терроризмга қарши маърифат билан курашишни ўрганишимиз лозим. Бунга дунё ҳамжамияти катта эҳтиёж сезмоқда. Биз Ўзбекистоннинг диний соҳадаги тажрибасини ўрганишимиз ва кенг жамоатчиликка етказишимиз лозим. Ҳозирги кунда дунёдаги 1,5 миллиарддан зиёд мусулмонлар учун Ўзбекистон – диний-маънавий марказ дея бемалол айта оламан.  

Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва Россия мусулмонлари диний жамияти ўртасидаги келишувга асосан кўплаб тадбирлар амалга оширилаётгани, жумладан ўзбекистонлик етук дин арбоблари Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари орасида маърифий исломни тушунтириш ишларини олиб бораётганлари ва бу ўзининг ижобий натижасини бераётганини алоҳида эътироф этиш лозим.

 

Махсадбек Тохтамишов – Қирғизистон Республикаси муфтийси:

Ушбу конференциянинг аҳамияти жуда ҳам юқори. Мовароуннаҳр диёридан – Хоразм, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлардан чиққан буюк зотлар дунёга нур таратиб турганлар.

Икки Президент – Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати, диний қадриятларга эътибори бўлмаганида бу каби конференциялар ўтказилмас эди. Шу нуқтаи назардан, раҳбарларга шукр қилишимиз керак.

Азалдан биз – қирғизлар ўзбеклар билан бир халқ бўлганмиз. Ўзбек устоз бўлса, қирғиз шогирд, қирғиз устоз бўлса, ўзбек шогирд бўлган. Тилларимиз, дилларимиз, бозоримиз, мозоримиз ҳам бир бўлган. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари чегара масаласида келишиб олгани бизни беҳад қувонтирди. Энди иқтисодимиз ҳам, ижтимоий ҳаётимиз ҳам юксалади.

muslim.uz

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг