ТОШКЕНТ ШАҲРИДА “ЙИЛНИНГ ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЖИДИ” АНИҚЛАНДИ
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). деб марҳамат қилади.
Роббимизга беҳисоб шукурлар бўлсинким, бугунга келиб юртимизда фаолият кўрсатаётган масжидлар сони икки мингдан ошиб кетди. Аҳоли гавжум яшаётган жойларда янги масжидлар қурилиши давом этаётир, таъмир талаблари эса замонавий андозалар асосида таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Намозхонлар эса бундай кўркам ва шинам масжидларда ибодатларини роҳатланиб адо этаётганидан мамнун. Тинч ва осуда юртда ўзгача файз-футуҳ ила масжидларимизда ўтаётган ибодат маросимлари, маърифий тадбирларни дунё аҳли кўриб ҳавас қилмоқда.
Пойтахтимиз масжидлари ҳам йил сайин янгича қиёфа касб этиб, обод бўлиб бормоқда. Ҳозирги кунда ўнга яқин масжидларимизда тубдан қайта қуриш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан Тошкент шаҳридаги масжидларинг умумий ҳолати, улардаги ташкилий ишлар даражасини эътиборга олиб 2017 йилда “Энг намунали масжид” номи аниқланди.
Мазкур эътирофга 2016 йилнинг октябр ойида қайта қуриб битказилган, ўзининг бетакрор меъморий услуби ва кенг имкониятлари билан халқимизга туҳфа бўлган “Ислом ота” жоме масжиди муносиб деб топилди. Жоме масжид қисқа вақт ичида қуриб битказилганидан сўнг, ўзининг кўркам қиёфаси, файзи, кенг имкониятлари билан намозхонлар ва бу масканга ташриф буюрувчи зиёратчиларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Айниқса, Рамазон кечалари, Ҳайит намозлари бу ибодатгоҳда жуда шукуҳли ўтди. Албатта бу ишлар замирида масжид имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов бошчилигидаги масжид жамоасининг холис меҳнатлари бор. Биз фурсатдан фойдаланиб масжид жамоасини 2017 йилда “Энг намунали масжид” номига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этиб, динимиз, халқимиз хизмати йўлидаги меҳнатларида Аллоҳ таолонинг буюк ажру мукофотларини сўраб қоламиз.
vakillik.uz