Мақолалар

ИСЛОМ САМАРҚАНДГА ҚАНДАЙ КИРИБ КЕЛГАН?

Ислом Самарқандга  қандай кириб келган?

Мақола муаллифи доктор Ашраф Нажм шундай ёзади: «Айтсам, баъзилар ишонмайди. Лекин бу қисса ҳақиқатда Самарқандда содир бўлган. Уни Ибн Касир, Табарий, Балозурий каби муфассир ва тарихчилар ўз китобларида ёзмасларидан олдин ғайримусулмонлар зикр қилишган.

Ушбу қисса худди «Минг бир кеча»га ўхшаш хаёлий қиссага ўхшайди. Аммо бу воқеа ҳақиқат эди. Аллоҳ Мовароуннаҳрни унинг қўли билан фатҳ қилган ноёб қобилиятли мусулмон қўмондон Қутайба ибн Муслим бу сафар нима қилишини билмай, ҳайрон бўлиб қолди. У яшил яйловларга, чўққили тоғларга ва улкан бойликларга эга Самарқанд остонасида эди. Ҳа, шаҳар аҳли бутпараст эди, лекин унинг шаҳарни ҳимоя этадиган кучли қўшини ва ғалабаларга бой тарихга эга ғозийлари бор эди. Қутайба буни яхши биларди. Лекин нодир қобилиятли Қутайбадек қўмондон ҳийлалар устаси эди. Жойни атрофлари билан яхшилаб ўрганди. Сўнг қўшинини бир неча бўлакка ажратиб, шаҳарни ўраб турган улкан ва виқорли тоғлар томон юборди. Мусулмонлар душман кўзидан пана пистирмалар қўйдилар. Тонг чоғи шаҳар эшиклари очилиб, деҳқон ва савдогарлар зироатгоҳ ва тижоратгоҳларига чиққан пайтларида мусулмон қўшини улар томон худди селдек йўлидаги ҳамма нарсани оқизиб келиб, бир томчи ҳам қон тўкмасдан, тезликда шаҳар ўртасида учрашди.

Самарқанднинг таслим бўлмасдан иложи қолмаган эди. Шаҳар ҳокими, аъён ва қўмондонлари тоғлар томон қочишди. Одамлар ғозийлардан қўрқиб, уй-уйларига кириб кетишди. Фавқулодда бу ҳолат уларни эсанкиратиб қўйган, мусулмон қўшини эса ҳеч қандай қаршиликка йўлиқмаган эди. Маълум бир фурсат ўтиб, Самарқанд аҳли секин-аста уйларидан чиқиб, ғозийлар билан эҳтиёт ва ҳазир бўлиб муомала қила бошладилар. Кунлар ўтиши билан улар мусулмонларнинг ёмонлик истамасликларини ва уларнинг «янги нав ғозийлар» эканини сеза бошладилар.

Ғозий қўшин кичикларга раҳм қилар, заифларга ёрдам кўрастар, ёлғиз Илоҳ ибодатига даъват этар, уларда ўғрилик, қароқчилик ва қотилликдан асар ҳам йўқ эди. Балки тинчликни ва тартибни ҳимоя қилишар, тижорат қилганлар уларнинг омонатдорликларига гувоҳ бўлишар, алдов ё ёлғон, зулм ёки ҳийла ишлатишмас эди. Хуллас, улар юқорида айтганимиздек, «янги нав ғозийлар» эди.
Бир куни бозорда ёш самарқандлик билан мусулмон аскар ўртасида қаттиқ жанжал кўтарилди. Одамлар қўрқинч ва ҳадик билан йиғилишди. Улар ҳозир мусулмон қўшин ҳар томондан етиб келиб, ғозийларга қарши чиқадиганларга ибрат бўлиши учун бу йигитга умр бўйи эсидан чиқмайдиган «дарс» беришига шубҳа қилишмас эди.

Дарҳақиқат, бир қанча аскар етиб келди. Улар бир жойга йиғилиб, жанжалкашларни ўраб олишди. Ҳаммани даҳшатга солган ҳолда даъвогарлар ва гувоҳларни қозининг ҳузурига етаклашди. Йиғилганлар бўлиб ўтган иш муҳокама этилишини кутишмаганди. Қози мусулмон аскарни бутпараст йигитнинг ёнига турғизиб қўйиб, ҳодисани яхшилаб, холис ўрганиб чиқди ва мусулмон аскарга қарши ҳукм чиқарди! Ажойиб қисса шундан иборатми? Йўқ, бу фақат бошланиши эди.

Хабар шаҳарнинг бўйи-энига ёйилди: «Бу ғозийларнинг одил қозилиги бор экан…» Бу томонда самарқандлик бир йигит қочқин аъён ҳузурида ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлган ҳодисани ҳикоя қиларди. Аъён ҳикоянинг тўғрилигини ўрганганидан кейин ҳали ҳеч ким қилмаган «мажнунона» қарорини берди. Қутайба ибн Муслим устидан амирул мўмининга шикоят аризаси ёзиб, элчи орқали жўнатди. Ёш самарқандлик учқур отга миниб, халифалик маркази – Дамашққа қараб чопди. У хаёлида муваффақияти иложсиз бўлган вазифаси ва тарих унингдекни кўрмаган давлатни бошқараётган, шарқдан Чин, ғарбдан эса Атлантика океанигача бўлган ҳудуд ҳукмдори – амирул мўминин ҳузурига киришдаги машаққатларини ўйлаганича Дамашққа кириб келди.

Мулкида Кисро ва Қайсардан ўтадиган бу улуғ подшоҳ ҳузурида қандай сўзлайди? У энг кучли қўмондонларидан бири устидан қилинган шикоятни қандай қабул қилади? Ва ниҳоят, давлат душманларидан бўлган ўзига қандай муомала қилади? Бу йигит ҳали амирул мўминин рошид халифаларнинг бешинчиси ҳисобланишини ва дунёни адолатига тўлдирган зот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг набиралари, зоҳиду обид Умар ибн Абдулазиз эканини билмасди.

Йигитнинг сафари Дамашқнинг оддий маҳаллаларидан бирида, лойдан қилинган эски уй олдида ниҳоясига етди. Унга «Амирул мўмининни шу жойда топасиз», дейишганди, лекин асло бунга ишонмади. Зеро, дунёга молик бўлиб турган одамнинг уйи қандай қилиб бундай жойда бўлсин?! Йигит уйга яқинлашиб келиб қараса, бир киши деворни тузатиб турар, унинг қўли ва кийимлари лой эди. Олдидан ўтаётган ҳар бир киши: «Ассаламу алайкум, эй амирул мўминин», дейиши йигитни саросимага солиб қўйди.
«Дунёни бўйсундириб турган подшоҳ мана шуми? Ажаб иш бўлди-ку!» У шундай ўйлар ичра хаёлга шўнғиган пайтда бир аёл боласи билан амирул мўмининдан «Байтул мол»дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул мўмининнинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амирул мўмининнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан, деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби, амирул мўмининнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб, ярасини боғлади. Кейин ҳалиги аёлга ва унинг боласига бақира кетди.

Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абудулазиз қўрқинч чулғаб олган аёлнинг ва боласининг юзига боқдилар. Уларни тинчлантирдилар, сўнг ўз ўғилларидан ўйинчоқни олиб, боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиган нафақасига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларининг юзидан ўпиб, уни ҳам тинчлантирдилар ва хотинларига қараб: «Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади», дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар.

Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб, амирул мўмининга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: «Хўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз уч кун душманга муҳлат бериш ва Ислом ёки жизя, ёхуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш сизнинг одатингиз эканини билардик». Умар: «Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», дедилар. Шунда йигит: «Қутайба бундай қилмади», деди.

Умар озгина ўйлаб турдилар, сўнг котибни чақириб, бир нималарни ёздирдилар ва муҳр қўйиб, йигитга узатдилар-да: «Буни Самарқанд волийсига бер, Худо хоҳласа, у устингиздан зулмни кўтаради», дедилар. Яна деворни тузатишга қайтдилар.

Самарқанд волийси амирул мўмининнинг хатини очиб, ўқиди. Кейин йигитга: «Амирул мўмининнинг амри бош устига! Сизнинг муаммоингизни ечиш учун қози тайинлашимни буюрибди. Буни тезликда бажараман. Икки кундан кейинга келишамиз. Ўғлим, боргин-да, қавмингнинг улуғларини келтир. Биз уларга омонлик берамиз», деди. Сўнг Самарқанд фатҳида Қутайба ибн Муслим билан қатнашган гувоҳни излаб одам жўнатди. Чунки Қутайба ибн Муслим вафот этган эди. Одамлар масжидга йиғилишди. Унда муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқизди. Сўнг Қутайба ибн Муслим билан қатнашган гувоҳ чақирилиб, даъвогарнинг ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб, даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: «Қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов: Ислом ёки жизя, ёки урушни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди», деди. Қози Қутайбанинг гувоҳига юзланди ва: «Бу шикоятга нима дейсан?» деди.

Қутайбанинг гувоҳи унга жавоб қилди: «Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Уруш – бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли бўлиб, фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Биз билардикки, агар икки томон урушадиган бўлса, қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ бизни мана шу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга Исломни танитдик!».

Қози унга: «Сизлар уларни Исломга ёки жизяга, ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?» деди. Гувоҳ жавоб берди: «Йўқ. Айтган сабабларимизга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик». Шунда қози деди: «Сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса, муҳокама тугайди. Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолат ила туриш диндаги буюкликлардандир. Аллоҳга қасамки, биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва унда ноҳақ олий бўлиш учун чиқмаганмиз!»
Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: «Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса, шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя, ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари татбиғи бўлади».
Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай, унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланишди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Улар: «Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин», дея ўзаро гаплашишарди.
Иш узоқ чўзилмай, Самарқанд аҳлининг ҳаммаси Исломни қабул қилди. Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган тарихимиздир!»
 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Тарих китобидан)
INFO.ISLOM.UZ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг