Янгиликлар

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ НУТҚИ ЮЗАСИДАН ИМОМ-ХАТИБЛАР МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Куни кеча 12 октябр жума намозидан сўнг “Кўкча” масжиди мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги ташаббуси билан шаҳар имом-хатиблари иштирокида жорий йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи юзасидан мажлис бўлиб ўтди. Унда аввал Президент нутқининг видеоси қўйиб берилди. Шундан сўнг ушбу нутқ юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Биринчи бўлиб, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов сўз олди. У киши Президентимизнинг мазкур нутқидаги энг муҳим нуқталар ҳақида батафсил тўхталиб, уларнинг бугунги дунёда қанчалар аҳамиятга эга эканини ёритиб ўтди. Мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдуқулов, Ўзбекитон мусулмонлари диний идораси раисининг маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, Тошкент Ислом университети Диншунослик кафедраси доценти Неъматуллоҳ Муҳаммедов, Тошкент Ислом университети Ислом цивилизациясини ўрганиш ‒ ISESCO кафедраси мудири Даврон Махсудов ва бошқалар мавзуга доир чиқиш қилдилар. Мажлисда имом-хатиблар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор қилдилар. “Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Комилжон ўғли ҳам сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:

«Президентимизнинг БМТ минбарида туриб қилган нутқлари жуда ҳам оламшумул бўлди. Унда бугунги глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари қисқа сатрларда деярли тўлиқ ифода топгани диққатга сазовордир. Очиғини айтганда, у ерда айтилган ҳар бир гап, ҳар бир ибора илм бўлди, халқимиз, ватанимиз, динимиз учун жуда ҳам манфаатли, айни муддао бўлди. Бу нутқ нафақат ўзбекзабонлар ёки Ўзбекистон фуқаролари учун аҳамиятли, балки бутун дунё ҳамжамияти қошида ҳам катта эътиборга сазовор бўлди ва жаҳон ОАВларида ҳам қизғин муҳокама қилинди. Мен шу ўринда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг эътирофини эслашни истардим: “Шу кунгача ҳали ҳеч ким бундай юксак минбардан туриб Ислом динини бундай ҳимоя қилмаган ва буюк аллома имом Бухорийни тилга олмаган эди. Шавкат Мирзиёев ушбу жасоратни биринчи бўлиб кўрсатди. Бунинг учун кишида жуда катта юрак, ўзига ишонч бўлиши керак”.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг бу нутқлари тарихий бир ҳодиса бўлди, десак, хато бўлмайди. Мен бу нутқни тўлалигича мадҳия сифатида ёд олса арзийди, деб биламан.

Мен шу фурсатдан фойдаланиб ва Президентимизнинг нутқларидан илҳомланиб бир таклиф айтмоқчиман. Вилоятларда бўлганимизда у ердаги айрим аҳли илм домлалар фиқҳ, сийрат ва бошқа илмлардан масжидларда маъруза қилиб, одамларнинг саводини ошириш бўйича жуда ажойиб хизмат қилишаётганига гувоҳ бўлдим. Бизнингча, бу иш халқимиз учун жуда ҳам керак ва давлатимизнинг бугунги сиёсати, айни пайтдаги ташаббусларига тўла ҳамоҳангдир. Ҳозир қаерда бўлса имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридийларни эслаб, уларнинг ёдгорликларини жонлантириш бўйича сўз боряпти, шу мақсадда катта-катта режалар, ишлар амалга ошириляпти. Фиқҳ, ҳадис, калом илмлари борасидаги тадқиқотларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Булар жуда қувонарли ҳол. Аммо ушбу исломий илмларнинг пойдевори, асоси бўлган Қуръони Карим борасида ҳалигача бирор янги қадам ташламадик. Президентимиз “Ҳазрати имом” мажмуасидаги учрашувда Қуръон қироатига эътибор бериш, бу борада мусобақалар ўтказиш бўйича сўзладилар, таклифлар беришни сўрадилар. Тўғриси, бугун давлатимиз бу борада мусулмонларга жуда катта йўл очиб бермоқда. Фақат ўзимиздан ташаббус етишмаяпти, ғайрат топилмаяпти. Шу боис, мен юртимиздаги қориларнинг бир вакили сифатида Қуръон таълимида ҳам янги таклифлар билан чиқишни шу ердаги имом домлалардан, хусусан, шаҳар бош имоми Анвар қори акамиздан илтимос қилардим. Мисол учун, бутун дунёда бор услуб ‒ масжидларда жамоат учун Қуръон ўргатиш тўгараклари ташкил қилиш мумкин. Майли, ҳеч бўлмаса дастлаб кичикроқ доирада, ёш чеклови билан бўлса-да, тажриба қилиб кўрайлик. Ҳамма билади, бунга халқимизнинг эҳтиёжи жуда баланд. Бизга ҳар куни, кун ора шу мавзуда мурожаат қилишади. Одамлар «Домла, биз намозимиз дуруст бўлиши учун қироатимизни қаерда тузатсак бўлади? Қуръон саводимизни қаерда чиқарамиз?» деган мазмунда савол беришса, баъзан ноқулай ҳолатга ҳам тушиб қоляпмиз. Бу талабларни тартибли равишда қондириш лозим, акс ҳолда, одамлар бошқа тарафга оғиб кетиши ҳеч гапмас. Халқнинг шу эҳтиёжини қондиришда расмий домлаларга имконият яратиш керак. Айтиб ўтганимдек, вилоятларда имом-хатиблар турли соҳаларда илмий ҳаракатлар қилишмоқда. Тошкент имомлари Қуръон таълимида етакчилик қилишса, айни муддао бўларди.

Ҳозирда масжидларимиздаги имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари юртимиздаги диний билим юртларида таҳсил олиб, диний-дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган, ички ва ташқи вазиятни яхши тушуниб етадиган билимли инсонлар, десак, хато бўлмайди. Улар биз айтаётган вазифага ҳар тарафлама жавоб бера олади, деб ўйлайман. Уларнинг Диний идора тарафидан назорат қилиб турилиши ҳам жуда катта қулайлик. Шу сабаб улардан унумли фойдалансак, жуда яхши бўларди. Имом домлалар ушбу таклифни маъқулласалар, айтсинлар, яна бошқа мулоҳазалар бўлса ҳам ўртага ташлаб, шу масалани етарли даражада ҳал қилайлик».

Абдулҳаким қори ака ўз нутқида ушбу таклифнинг шарт-шароити, қонун-қоидалари, зарурати ва фойдалари ҳақида ҳам батафсил тўхталди. Бу таклиф мажлис иштирокчилари тарафидан бир овоздан маъқулланди.

 

Ислом.уз мухбири

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг