Янгиликлар

«КЕЛИНГ, ҚУРЪОН ЁДЛАЙМИЗ» КИТОБИ НАШР ЭТИЛДИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қуръони Каримни ёд олишни улуғ ибодат даражасига кўтарган, бунинг учун Ўзининг ‎розилигини мукофот қилган Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!‎

Қуръон ҳофизларию қориларининг саййиди бўлмиш Муҳаммад Мустафога салоту ‎саломлар бўлсин!‎

Қуръони Каримнинг бизгача нозил бўлганидек етиб келишида хизмат қилган саҳобаи ‎киромлар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар, қироат имомлари ва барча аҳли Қуръонга ‎Аллоҳ таолонинг розилиги, раҳмати бўлсин!‎

Маълумки, халқимиз қадимдан Аллоҳ таолонинг Каломига муҳаббати беназир, Қуръон ‎аҳлига мухлис, уни ўқиб-ўрганишга, ёд олишга иштиёқманд элдир. Бу азиз халқ ‎Роббининг Каломига бўлган иймони, муҳаббат ва иштиёқи камоли баландлигидан ҳатто ‎шўро даврида ҳам Қуръони Каримни кафтида чўғ тутгандек сақлаб, Қуръонни ўрганиш ва ‎ўргатишни фидокорлик билан давом эттириб келди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ‎юртимиз мустақил бўлгандан буён турли илмий соҳалар қатори, Қуръон таълими ҳам ‎тараққий этди. Халқимизда кун сайин Қуръони Каримга бўлган эътибор ошгандан ошиб ‎бормоқда. Жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг алоҳида ‎‎«Таҳфизул Қуръон» кафедраси мавжуд бўлиб, у Қуръон ҳофизларини тайёрлашга ‎ихтисослашган.‎

Ўтган яқин йилларда юртимизда Қуръон илмлари, хусусан, тажвид борасида ҳам бир ‎қанча асарлар нашр қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳар йили ўз ‎тасарруфидаги билим юртлари ўртасида ­Қуръон қироати мусобақалари ўтказиб келади. ‎Мусобақаларда совриндор бўлган қориларимиз халқаро Қуръон кўрикларида муносиб ‎қатнашиб келмоқдалар. Масжидларимиздаги қори домлаларнинг қироатлари, хусусан, ‎Рамазон ойидаги хатмларнинг сифат ва салмоғи йил сайин ўсиб боряпти. Буларнинг ‎барчаси ҳар қандай мусулмон кишини қувонтиради.‎

Бундай қуръонсевар ҳалқнинг ушбу муқаддас Китобни ўқиб-ўрганишга, ёд олишга ‎интилиши табиий. Бинобарин, уларнинг Қуръони Каримни ўқиб-ўрганиш, ёд олиш ‎йўлларини ўрганишга, бу борада етарли даражада йўлланма ва тавсияларга эга бўлишга ҳам ‎эҳтиёжлари баланд.‎

Камина ходимангиз ҳам Аллоҳ таолонинг инояти билан Каломуллоҳни ёд олиш ‎бахтига эришганим, бу соҳада баъзи илмларни олишга муваффақ бўлганим ва бир неча ‎йилдан буён Хадижаи кубро номидаги хотин-қизлар ўрта махсус ўқув юртида ‎муаллималик қилиб келаётганим боис бу борадаги вазиятдан хабарим бор. Кишиларимиз ‎Қуръон илмлари, айниқса уни ёд олишга алоқадор саволлар билан жуда кўп мурожаат ‎қилишади. «Қуръони Каримни ёдлашда нималарга эътибор бериш керак?», «Нима қилсам, ‎зеҳним қучли бўлади?», «Қайси услубда ёдлаш осон?», «Ўхшаш оятларни адаштириб ‎юбормаслик учун нима қилиш керак?» каби қатор саволлар ҳар қадамда учрайди.‎

‎«Муфассал тажвид» номли китоб нашрдан чиққанидан кейин камина ходимангизга ҳам ‎бундай саволлар сезиларли даражада кўпайди. Қуръон ёдлаш услублари ва ўхшаш оятлар ‎ҳақида яна бир китоб таълиф қилиш таклифи ҳам бўлди. Ушбуларни инобатга олган ‎ҳолда, Аллоҳнинг ёрдами билан яна бир хайрли ишга қўл урдик. ‎

Қўлингиздаги китобда қандай қилиб Қуръон ҳофизи бўлиш ҳақида сўз боради. ‎

Китоб олти бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда Қуръон ҳақида, уни ёд олишнинг ‎фазилатлари баён қилинади. ‎

Иккинчи бобда Қуръони Каримга оид одоблар борасида сўз юритилса, учинчи бобда ‎Қуръонни ёдлаш услублари, зеҳнни ишга солиш, унутишдан сақланиш, такрорлаш каби ‎мавзулар билан танишасиз.‎

Тўртинчи бобдан Қуръони Каримга оид баъзи қизиқарли маълумотлар ўрин олган.‎

Бешинчи бобда эса Қуръонни ёд олиш ва хатм қилишни осонлаштирувчи айрим ‎жадваллар тақдим қилинган.‎

Маълумки, Қуръони Каримда бир қанча муташобиҳ (ўхшаш) оятлар бор. Кўпчилик ‎қорилар ана шу ўхшаш оятларни ёддан тиловат қилганларида адаштириб ҳам қўядилар. ‎Бундай ўхшаш оятларни яхши ўзлаштириш, уларнинг фарқларини билиб, бир‑биридан ‎ажратиб олиш алоҳида эътибор талаб қиладиган илм бўлгани учун сўнгги олтинчи бобни ‎муташобиҳ оятларга бағишладик. Бу мавзуни баён қилиш учун қадимги ва энг ишончли ‎манбалардан иккитаси асос қилиб олинди. Улар шайх Абул Ҳасан Алий ибн Муҳаммад ‎ибн Абдуссомад ибн Аттос Ҳамадонийнинг «Ҳидоятул муртаб» китоби ҳамда Абу ‎Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Асбаҳонийнинг «Дурратут-танзил ва ғурратут-таъвил ‎фил аятил муташабиҳати фи Китабиллаҳил Азиз» номли асаридир.‎

Рисола мустақил ўқувчилар ҳамда исломий билим юртлар талабалари учун ‎мўлжалланган.‎

Қуръон ҳофизи бўлишга киришган ҳар бир киши учун ушбу китобдан фойдаланиш, ‎ундаги тавсияларга амал қилиш улкан натижаларга сабаб бўлади, иншааллоҳ.‎

Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймизки, жонажон юртимизга Ислом оламига буюк ‎Қуръон ҳофизларини қиёматга қадар тақдим қилиб бориш бахтини насиб этсин, ‎қориларимиз сони ва сифати кун сайин ошиб бораверсин, бизларни Ўз Каломининг ‎хизматига муваффақ айласин, саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси Ўзининг розилиги учун ‎бўлсин!‎

 

Муаллиф: Одинахон Муҳаммад Юсуф

Номи: «Келинг, Қуръон ёдлаймиз»

Нашриёт: “HILOL NASHR” нашриёт-матбааси

Сана: 2017

Ҳажми: 416 бет

ISBN: 978-9943-4819-5-4

Ўлчами: 84×108 1/32‎

Муқоваси: Юмшоқ

Манба: islom.uz

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг