БУХОРОДАГИ МИР АРАБ ОЛИЙ МАДРАСАСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ ТАНТАНАСИ
Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Тадбирларнинг бирида юртбошимиз ислом билим юртлари ҳақида шундай сўзларни айтган эдилар:
“Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу илм даргоҳлари таянч бўлиб хизмат қилади”.
Дарҳақиқат, олий мадрасанинг очилиши ислом шариати аҳкомларининг етук билимдони, халқимизнинг диний-маърифий билим ва савияси, соғлом эътиқодини шакллантирадиган, турли хил ёт ғояларга қарши ўзининг маърифати билан кураша оладиган малакали ёш кадрларни тайёрлашда хизмат қилади.
Мир Араб олий мадрасасига қабул қилинган талабалар учун дастлабки дарс машғулотлари 4 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносида бошланди.
2017 йил 6 сентябрь олий мадрасанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Тошкентдаги Ислом цивилизация маркази директори Ш. Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б. А. Дўсматов, Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев, Бухоро вилояти Адлия бошқармаси, Бухоро Давлат университети ҳамда бошқа давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари ва талабаларнинг ота-оналари қатнашдилар. Олий мадрасанинг тантанали очилиш маросими ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда ёритиб борилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Кейин Юртбошимизнинг ташаббуслари билан очилган олий мадраса ҳақида дил сўзларини билдириш учун ташриф буюрган меҳмонларга сўз берилди.
Меҳмонлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлиги, ёшларимиз онги ва тафаккурини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтишди. Халқимиз диний соҳада ҳам эмин-эркин ибодат қилиш имкониятига эга бўлгани, минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилгани ва ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда талабалар диний ҳамда дунёвий фанлардан таҳсил олаётганлари ҳақида фикрлар билдирилди.
Айниқса, Мир Араб олий мадрасасининг олдинги мақоми яна ўзига қайтарилганлиги, бу олийгоҳ орқали, аввало, халқимизнинг диний савияси кўтарилиши, келажакда мазкур даргоҳда хорижий мамлакатлардан таклиф билан чиққан мўмин-мусулмонларга ҳам таълим берилиши тўғрисида алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида Қуръон тиловат қилинди ва давлатимиз равнақи, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, янги очилган олий мадраса фаолияти борасида дуойи хайрлар қилинди.
muslim.uz