Мақолалар

ҚУРБОН БАЙРАМИГА ХОС ИШЛАР

Қурбон байрами кунлари риоя этилиши зарур бўлган алоҳида одоблар бор:

1. Бу байрам кунлари рўза тутмаслик.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Арафот куни*, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз – аҳли Исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

*Арафа куни рўза тутмаслик ҳожиларга макруҳдир. Қолганлар рўза тутишлари афзал.

Мазкур кунларда рўза тутиш ман қилинган. Булар хурсандчилик, еб-ичиш, ўйин-кулги кунларидир. Шунинг учун ҳам мазкур кунларнинг рўзасини тутишдан қайтарилган.

2. Қурбон ийдида ҳеч нарса емасдан, намозга чиқилади.

Ўша куни биринчи таом сифатида ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса, яхши бўлади.

3. Йўлда овоз чиқариб такбир айтилади.

Уйдан масжидга етиб боргунча босиб ўтиладиган йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд»ни айтиш вожиб. Яъни ушбу такбир сийғасини бир марта айтиш вожиб, ундан кўп айтиш мустаҳаб ва савоб.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг» (203-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳни саноқли кунларда эсланг» дегани «Ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар» деб такбир айтинг», деганидир».

Бу такбирни айтиш арафа кунининг бомдодидан бошлаб ийднинг аср вақтигача мустаҳабдир. Жамоат ила адо этилган ҳар фарз намозининг ортидан (айтиш) мисрда муқим бўлган кишига (мустаҳаб), эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун вожибдир.

Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад: «Ташриқ кунларининг охирги асригача», деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди. Мазкур такбир бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги керак.

4. Байрам намозидан кейин қурбонлик сўйиш.

Зотан, Ийди Қурбон ҳаж ибодатларининг тамом бўлиши муносабати ила ва Аллоҳ йўлида ҳар қандай қурбон беришга тай­ёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида бундай деган:

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй» (1-2-оятлар).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)

islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг