Мақолалар

ТЕЛЕФОН ЖИННИСИ (ҳажвия)

Бошлиқларнинг тинчини бузиш сизга арзонга тушмайди. Ишонмайсизми? Мана ўзингиз кўринг.

Нашриётда эрталабдан шовқин-сурон кўтарилди.
Ёзувчи Дўстжон Муҳамедовни жин урибди, телефон аппаратларини синдириб ташлаётганмиш…
— Ҳой, телефонни яшир! Дўстжон келаётир.
— Эшикни бекитинг.
Бу гап-сўзлар бошлиққа бориб етди. У зудлик билан бош ҳисобчи ва касаба уюшмаси раҳбарини ҳузурига чақирди.
— Муҳамедов маошини олганми?
— Олган.
— Унга тўланадиган қалам ҳақидан қарзимиз йўқми?
— Йўқ.
— Яқин ўртада моддий ёрдам сўрамаганмиди?
— Сўраган эди, олди.
— Уйида ёзув-чизув билан шуғулланиш учун қалам-қоғоздан ёрдам қилиб турибсизларми ўзи?
— Албатта.
— Унда нимага ғалва кўтараётган экан-а? Айтмоқчи, баҳорда дам олишга бораман, деб йўлланма сўраб юрган эди.
— Йўлланмани ўзи қайтариб топширди.
— Нега?
— Кузда борганим маъқулроқ, деди.
— Биздан гина қилишига бирор асоси борми ўзи?
— Йўқ.
— Бўпти. Унда айтинглар, олдимга кирсин!
Бош ҳисобчи билан касаба уюшмаси раҳбари хонадан чиқар-чиқмас бошлиқ ҳузурига ёзувчи Муҳамедов кириб келди. Кайфияти ҳар кунгидай эмас. Кўзлари қизариб кетган. Унга кўзи тушиши билан бошлиқ шошиб қолди. Стол устида турган учта телефондан биттаси жиринглай бошлади. Муҳамедов кабинет соҳибидан бурун чаққонлик билан телефонни олди-да, кўтариб ерга урди. Аппарат чил-чил синди. Бошлиқ не қиларини билмай, бир сочилиб ётган телефон бўлакларига, бир Дўстжон Муҳамедовга қаради. Шу орада иккинчи телефон ҳам жиринглаб қолса бўладими. Буниси ҳам расво бўлди. Учинчи телефон аппаратини бошлиқнинг ўзи қўлига олди ва ташқарига отилиб чиқди. Муҳамедов изидан эргашди.
Қабулхонада котиба қиз ким биландир телефонда гаплашаётган экан. Муҳамедов унинг қўлидаги телефонни юлқиб олди-да, ерга урди. Телефон ўчоққа қаланадиган тарашага ўхшаб бўлакларга бўлинди. Шу орада кимдир омон қолган телефонларнинг биридан «03»га қўнғироқ қилишга улгурди. Тезда уч нафар шифокор етиб келди ва Муҳамедовни машинага зўрлаб жойлашди.
— Ушладик, олиб бораётирмиз, — деди олдинги ўриндиқда ўтирган шифокор рация орқали.
Муҳамедов бир силтаниб, уларнинг қўлидан чиқди ва рациянинг гўшагини ўтирғичнинг темирига зарб билан урди. Рация тамом бўлди. Муҳамедов руҳий касалликлар шифохонаси қабулхонасидаги барча телефонларни ҳам бошига етди. Аслида унинг бундай телефон жиннисига айланишида ўн кунча олдин катталардан бирига бемаҳал қилган қўнғироғи сабабчи бўлган эди.
Сўнгги ярим йил мобайнида ёзувчи Муҳамедовга дурустроқ илҳом келмай, ҳеч нарса ёзолмай юрган эди. Бир куни ярим кечада кутилмаганда илҳом келиб қолса бўладими! У ёзув столига ўтириб иштиёқ билан ёза бошлади. Саҳифалар бирин-кетин тўляпти. Қуйилиб келаётган жумлаларни ёзишга зўрға улгурмоқда. Шу пайт бирдан чироқ ўчиб қолди. Муҳамедовнинг мавж уриб турган илҳоми тўхтади-қолди! Шамнинг ёруғида телефон китобини олиб электр идораси бошлиғининг уйига қўнғироқ қилди.
— Алло! Бу ёшуллининг уйими?
— Ҳа, шундай.
— Сиз бошлиқмисиз?
— Ўзиман!
— Сизнинг уйингизда «свет» борми?
— Бор.
— Менинг уйимда эса йўқ.
— Навбати билан ўчиряпмиз. Ёниб қолар.
— Лекин менинг илҳомим сизнинг навбатингизни кутиб турмайди-да. Мен ёзувчи Муҳамедов бўламан. Эл оёғи тинган пайтда ижод қилаётган эдим, хонамда чироқ ўчиб қолди. Сизнинг уйингизда эса ўчмабди. Шу адолатданми ахир?!
Идора бошлиғи Муҳамедовнинг яшаш жойини, телефон рақамини ёзиб олиб, чироқни ёқтиришга ваъда берди. Сўзининг устидан чиқди ҳам! Сал ўтмай чироқ ёнди. Бироқ Муҳамедовнинг илҳоми сўниб қолган эди.
Эртаси куни тунда Муҳамедов телефоннинг жиринглашидан чўчиб уйғонди.
— Алло, ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ борми?
— Ҳа, ёниб турибди.
— Мен кечаги ГРЭС бошлиғиман. Чироғингизни ўчирмасликка ваъда бергандим. Шунинг учун аниғини билай деб шахсан ўзим телефон қиляпман.
— Раҳмат, раҳмат!
Уйқу бир бўлингандан кейин қайтадан кўзнинг илиниши қийин бўлар экан. Муҳамедовни хаёл олиб қочди. Шу ётишда тонгга яқин кўзи илинди.
Иккинчи куни тунги соат учда телефон жиринглади. Муҳамедов тушиммикан деб аввалига эътибор бермади. Лекин ўнгида жиринглаётган экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Ҳа, шундай.
— Чироқ ўчмадими?
— Йўқ, ёниб турибди.
— Мен ГРЭС бошлиғининг ўринбосариман…
Учинчи куни тунги соат учда ёзувчини хотини туртиб уйғотди.
Туринг, телефонга чақиришяпти!
— Ким? — деди у уйқусираб.
— Билмайман.
Муҳамедов гандираклаб бориб гўшакни олди.
— Ёзувчи Муҳамедовмисиз?
— Ҳа.
— «Свет» борми?
— Бор.
— Мен ГРЭСнинг бош инженериман.
Муҳамедов тўртинчи куни гўшакни олаётиб соатига қаради. Учдан икки минут ўтган экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? Чироғингиз ёняптими?
— Ҳа, ёниб турибди…
Бешинчи куни тунги соат учгача Муҳамедов ухламай қўнғироқ бўлишини кутиб ётди. Умиди пучга чиқмай, қўнғироқ жиринглади.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Шундай.
— Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ борми?
— Бор!
Еттинчи, саккизинчи, ўнинчи, кунлари телефон жиринглаши билан Муҳамедов жавоб қилди:
— Мен ёзувчи Муҳамедовман, илҳомим жойида. Чироқ ўчгани йўқ. Ўз ҳолимга қўясизларми-йўқми?
У ёқдан дарҳол жавоб қайтади:
— Бизда тўқсон олтита оператор, қирқ саккизта техник бор. Ҳаммамизга ушбу топшириқ бўйича график тузиб берилган.
Ана шу гапдан кейин Муҳамедов телефонни деворга уриб синдирди-да, кўчага чиқиб кетди. Тонг оқара бошлагач, дастлаб қўшниларнинг телефонларини синдириб чиқди. Сўнг ишхонага келди. Қолган гаплар ўзингизга маълум.

Муродбой НИЗАНОВ,
Нукус.

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг