ҲАҚИҚИЙ ИШҚ НИМА?
Ҳақиқий севги боқий зот Аллоҳ таолони севмоқдир. Мажозий ишқ – бир фоний вужудни, инсонни севишдир. Мажозий ишқ ҳақиқий ишққа етказади. Ҳа, мажоз ҳақиқатга элтувчи кўприкдир. Мажозий аталмиш инсон ишқи ҳам бандани маърифат туфайли бир кун Аллоҳ таоло муҳаббатига олиб бориши мумкин. Фақат бу ишқ бир баданий эҳтирос, нафсоний касаллик, қисқаси, янглиш ва адашган бир истак бўлмаса бўлгани.
Иффатдан йироқ, фақатгина моддий бадан истакларидан иборат туйғуларни асло ишқ деб бўлмайди. Улар инсон ҳирси бўлиб, асло ҳақиқий ишққа етказмайди.
Ҳазрат Навоий ҳам:
Бўлмаса ишқ ики жаҳон бўлмасин,
Ики жаҳон демаким, жон ўлмасин.
Ишқсиз ул танки онинг жони йўқ,
Нетсун кишиким жонни они йўқ,
деганда шундай нафсоний орзулардан батамом холи, покиза, мусаффо, олий ИШҚни назарда тутган бўлсалар ажаб эмас.
Машҳур тасаввуфий шоир Юнус Эмре ҳақиқий, Раббоний ишқни қуйидагича таърифлайди:
Мен юрарман ёна-ёна,
Ишқ бўяди мени қона,
На оқилам на девона,
Кел, кўр, мени ишқ найлади.
Гоҳ эсарман еллар каби,
Гоҳ тўзарман йўллар каби,
Гоҳ оқарман селлар каби,
Кел, кўр, мени ишқ найлади.
Ё қўлимол, турғаз мени,
Ё васлингга етказ мени,
Кўп йиғламдим, кулдир мени,
Кел, кўр, мени ишқ найлади.
Мен кезарман элдан элга,
Шайх сўрарман тилдан-тилга.
Ғурбатда ҳолим ким билар,
Кел, кўр, мени ишқ найлади.
Мискин Юнус бечораман,
Бошдан оёқ ёраман.
Дўст қўлида овораман,
Кел, кўр, мени ишқ найлади.