ҲАР ДОИМ ҚАЛБДАН ДУО…
Дуо қилган банданинг “Раббим” дейиши Аллоҳнинг худди “Лаббай, эшитаман…” дейишидир.
Бир киши ҳар кеча туриб, Аллоҳни эслаб, доим унга ёлвориб дуо қиларди. Бир куни шайтон унинг қалбига васваса қилиб деди:
– “Эй Аллоҳни кўп эслаган банда, ҳар кеча туриб Аллоҳни эслаяпсан, аммо шу илтижойингга бирор марта лаббай деб жавоб қилиндими?.. Сенга ҳеч бўлмаганда бир марта ҳам жавоб келмади, яна қачонгача дуо қиласан?…”
Кишининг кўнгли қолиб, бошини ерга қўйди ва бироздан кейин уйқуга кетди. Тушида унга шундай дейилди:
– “Ўзингга кел, уйғон! Нега дуо қилишни тарк қилдинг, зикр айтишни тўхтатдинг?.. Нима учун кўнглинг қолди?..
Киши: “Лаббай деган бирота ҳам жавоб келмади, даргоҳдан қувилишдан қўрқдим”, – деди.
Унга жавобан шундай дейилди:
– Сенинг ёлвориб дуо қилишинг, Аллоҳнинг сенинг руҳингга хабар юборганидандир… Сенинг ҳаракатларинг, чора излашларинг Аллоҳнинг сени ўзига яқинлаштириши, оёқларингдаги кишанларни ечишидандир… Сенинг қўрқувинг, Унга муҳаббатинг, севгинг, умидинг Аллоҳ лутфининг бениҳоялигидандир… Сенинг ҳар бир “Эй раббим!” деган сўзингнинг замирида Аллоҳнинг “марҳамат қил, лаббай” дейиши бор…”.
Ғофилнинг, жоҳилнинг жони бу дуодан йироқда… Чунки, “Эй раббим” дейишга изн йўқ унга… Оғзига муҳр солинган, тилига ҳам… зарарга, мусибатга дучор бўлганда йиғлаб, ёлвормаслиги, кўз ёш тўкмаслиги учун Аллоҳ унга дард, оғлиқ, алам, ғам, қайғу бермади…
Мана шулардан тушуниб олгинки, Аллоҳга дуо қилишингга ва Унга илтижо қилишингга сабаб бўлган дард сен учун дунё салтанатидан ҳам яхшироқдир. Дардсиз дуо йўқ. Дардли ҳолда қилинган дуо қалбдан чиқади..”.
“Мавнавий” асосида
Олимжон Аллоҳқули тайёрлади.