Имом Жазарий
Исми ва нисбаси: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Юсуф ад-Димашқий аш-Широзий ал-Жазарий. Имом Жазарий аждодлари Сурия-Туркия чегарасидаги «Жазирату Ибн Умар» шаҳрида яшагани учун ал-Жазарий нисбасини, Димашқда туғилгани учун ад-Димашқий нисбасини олган. Шерозда истиқомат қилиб, вафот этгани учун аш-Шерозий дейишган. Имом Жазарий «Имоми Аъзам» унвонига ҳам сазовор бўлган.
Таваллуди: Имом Жазарийнинг отаси тижоратчи киши эди. Қирқ йил фарзанд кўрмади. Ҳижрий 750 сана ҳаж сафарига борганида Замзам олдида туриб, Замзам сувидан ичар экан, Аллоҳ таолодан олим ва солиҳ бўладиган ўғил фарзанд беришини сўраб дуо қилди. Орадан ўн ой ўтиб дуонинг ижобати рўёбга чиқди: Имом Жазарий дунёга келди.
Имом Жазарий Дамашқда 751 сана йигирма бешинчи Рамазон (милодий 1350. 11. 25.) куни таровеҳ намозидан кейин таваллуд топдилар.
Фаоляти: Имом Жазарийнинг отаси солиҳ, илмга берилган, аҳли Қуръон киши эди. Шунинг учун ҳам тилаб олган фарзандини дуода сўраганидек инсон бўлиши учун ёшлигиданоқ Қуръон устозларининг, замона уламоларининг ҳузурига олиб бориб, улардан илм олишини таъминлади. Имом Жазарийни отаси биринчи бўлиб, ўзининг Қуръон таълим берган устози шайх Ҳасан Саружийнинг олдига олиб борди. Имом Жазарий ўн уч ёшида 764 сана Қуръонни тамомлади 765 сана хатмга ўтиб берди.
Имом Жазарий Қуръон таълими билан бирга ҳадис илмини ҳам ўрганиб борди. Дамашқда Фахр ибн Бухорийнинг асҳоблари ва бошқалардан ҳадис тинглади. Муҳммад ибн Исмоил ал-Хаббоздек катта шайхлардан ҳадис илмида ижоза олишга эришди. Ал-Хаббоз имом Жазарийнинг бобосининг тоғаси эди.
Кейин 766-767 йилларда Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор, Аҳмад Таҳҳон, Аҳмад ибн Ражаб каби Шом қориларидан қироатларни жамлашга киришди. Шайх Иброҳим Ҳамавийда етти қироатни жамлади. 768 йили Абул-маъолий ибн ал-Луббонда етти қироатни жамлаб битирди.
Шундан кейин Имом Жазарийнинг қалбига санадини янада олий қилиш ва илмини кенгайтириш мақсадида сафарга отланиш иштиёқи тушди. 768 йили Ҳижоз юртларига сафар қилди. Мадинаи Мунавваранинг имом-хатиби Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатибдан «Ал-Кофий» ва «Ат-Тайсир» китоблари асосида қироатларни таълим олди. Кейин Дамашққа қайтиб, яна у ерда Ибн Саллор ва бошқа қорию олимларда илм таҳсилини давом эттирди.
Кейин 769 йили Қоҳирага бориб, у ердаги улуғ олим ва қорилардан илм олишга киришади. Муҳаммад ибн ас-Сойиғ, Абдурраҳмон ибн ал-Бағдодий, Абу Бакр ибн ал-Жундий каби устозлардан қироатларни таълим олиб, яна Дамашққа қайтади. Аммо Қоҳира уламоларидан илм олишга бўлган иштиёқи туфайли Дамашқда кўп турмай, 771 йили яна Қоҳирага сафар қилади. У ерда Ибн ас-Сойиғ ва Ибн ал-Бағдодийдан яна бир қанча қироат қитобларини дарс олади. Шунингдек, Димётий ва Абрақуҳий каби ҳадис уламоларининг асҳобларидан ҳадис илмларини, Абдурраҳим ал-Аснавий ва бошқа фақиҳларнинг ҳалқаларидан шофеъийя мазҳаби фиқҳини эгаллайди.
Кейин Дамашққа қайтиб, у ерда Қози Аҳмад ал-Куфрийдан етти қироатни бир хатмдан жамлаб ўткизади. Устози Ибн Касир 774 санада Имом Жазарийга фатво беришга изн беради. Имом Жазарий Дамашқда кўп турмай, Зиё ал-Қазвийний ва бошқа уламоларнинг қўлларида «усул», «маъоний» ва «баён» илмларини мукаммал эгаллаш мақсадида 778 йили яна Қоҳирага қайтади. Бу сафарида Абдулваҳҳоб ал-Искандарийдан қироатларни жамлаб ўтказиш учун Искандарияга ҳам боради. Мисрлик устозларидан турли илмларда, хусусан қираот, ҳадис ва фиқҳ илмларидан ижозатларни қўлга киритган имом Жазарий шундан кейин ўз юрти Дамашққа етук аллома бўлиб қайтади.
Имом Жазарий Дамашққа келиб, у ерда таълим беришга киришди. Атроф мамлакатларга ҳам донғи тарала бошлади. Умавий масжидида, Қуббатуннаср тагида бир неча йил Қуръон ўқитиш билан машғул бўлди. Ўша даврнинг одатига кўра, Қуббатуннасрнинг тагида, қайси илмдан бўлмасин, юртнинг энг етук олими бўлган кишигина таълим бериши мумкин эди. Имом Жазарий барчанинг эътирофи билан қироат илмидаги энг буюк устоз сифатида бу мақомга эришди.
Имом Жазарий илм таҳсили учун сафар қилганидек, илм таълими йўлида ҳам сафар қилишни ихтиёр қилди. Зотан бу буюк амалнинг ажру савоби беҳад бўлишини у киши жуда чуқур ҳис этган эди. Миср, Ироқ, Яман, Ҳижоз, Хуросон ва бошқа юртларга бориб, Қуръон ва ҳадис илмларидан таълим бериш учун сафарлар қилди.
Имом Жазарий Султон Боязид даврида илм-маърифат тарқатиш мақсадида Бурса шаҳрига борди. Имом Жазарийнинг келганини эшитган Султон Йилдирим, яъни Боязид ибн Муродхон ўз ҳузурига у кишини иззат-икром билан олиб келишни буюрди. Султон Боязид имом Жазарийдан Бурсага келиб қолишининг сабабини сўради, у киши йўқсил толиби илмларни ўқитиш учун келганини айтди. Султон бу олий ҳимматни жуда ҳам юқори баҳолади. У киши учун бир ҳовли жой, хизматкорлар, от-арава ва ойлик маош тайин қилди ҳамда ҳурматини ниҳоятда жойига қўйди. Имом Жазарий у ерда қироат, Қуръон ва ҳадис илмларидан етти йил дарс берди.
805/1402 йили бўлган Анқара урушида Амир Темур Султон Боязидни мағлуб қилиб, юртдаги илм ва фазл аҳлларини Мовроуннаҳрга олиб кетар экан, имом Жазарийни ҳам келтирди. Амир Темур ҳам бу олимнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйди. Имом Жазарий Кеш ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, Қуръон ва ҳадис илмларидан дарс берди. Жуда кўп толиби илмлар у кишидан истефода қилишди. Мисол учун, ўнта қироатни тўла эгаллаб, ижоза олган кишилардан Кешда Абдулқодир ибн Тилла Румий, Ҳофиз Боязид Кеший, Кеш вилояти қироат шайхининг ўғли Ҳофиз Маҳмудни зикр қилиш мумкин. Шунингдек, Муҳаммад ибн Шиҳоб ал-Хофий ал-Ҳанафий, Муҳаммад ибн Фазлуллоҳ ал-Хатибий каби олимлар имом Жазарийнинг қўлида ҳадис илмидан дарс олишган. «Ибн Арабшоҳ» лақаби билан машҳур бўлган аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳанафий ҳам имом Жазарийдан ҳадис илмидан таҳсил олган ҳамда устознинг бир қанча китобларини унинг ўздан дарс олган. Имом Жазарий Самарқандда «Боғи Худо» мадрасасида ҳам дарс берган.
807 йили шаъбон (1405 йили феврал) ойида Амир Темур вафот этгач, имом Жазарий Мовароуннаҳрдан чиқиб, Хуросон тарафга юрди. Ҳиротда, кейин Язд, Исфаҳон ва Шероз шаҳарларида бўлди. Қайси шаҳарга кирмасин, у ерда илму маърифат тарқатди. Ҳар бир шаҳарда бир нечта шогирдлар қолдирди. Баъзилари етти қироат, баъзилари ўн қироатни ўқиб, ижоза олишди. Шерознинг амири Пир Муҳаммад имом Жазарийдан Шерозда қолишни қаттиқ илтимос қилиб туриб олди. Шерозлик каттаю-кичикларнинг талабларига биноан имом Жазарий ўша ерда қолишга мажбур бўлди ва Шероз қозиси қилиб таъйинланди. Имом Жазарий бундан кейин ҳам кўплаб сафарлар уюштирди, бир неча марта ҳаж қилди. Қаерга бормасин, ўша ердаги мусулмонлар бу улуғ имомнинг илмидан фойдаланишди. Имом Жазарий Ислом оламининг аксар ўлкаларида бир нечталаб етук олим шогирдлар етиштиришга муваффақ бўлди. Шундан кейин умрининг охиригача Шерозда таълим ва дарс ишлари билан машғул бўлди. У ерда бир «Дорул-Қуръон» мадрасасига ҳам асос солди.
Вафоти: Имом Жазарий 833 йил 5-рабиъул-авал жума куни фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилди. Жанозасига каттаю-кичик, хоссу авом, барча халқ йиғилди. Имом Жазарийни Шероздаги ўзи қурдирган «Дорул-Қуръон»га дафн қилишди.
Лавозимлари: Имом Жазарий турли илмий лавозимларда хизмат қилди. Мисол учун, Одилийя мадрасасида Қуръон ўқитиш қисмининг бош шайхи, Ашрафийя дорул-ҳадисининг катта шайхи, Дамашқдаги ўзи асос солган «Дорул-Қуръон»да бош устоз, Шероз қозиси лавозимларида фаолият кўрсатди.
Асарлари: Имом Жазарий ислом олами учун жуда ҳам катта илмий мерос қолдирди. Қироат, ҳадис, тарих ва бошқа илмлрга доир олтмишдан ортиқ муҳим асарлар ёзди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
Қироат ва тажвид илмига доир асарлари: «Таҳбирут-тайсир фил-қироат ал-ъашр»; «Тақрибун-нашр фил-қироат ал-ъашр»; «Ат-тамҳид фий илмит-тажвид»; «Тоййибатун-нашр фил-қироат ал-ъашр»; «Ал-муқоддима фи ма ъала қориил-Қуръани ан яъламаҳ»; «Мунжидул-муқриин ва муршидут-толибин»; «Ан-нашр фил-қироат ал-ъашр»; «Итҳафул-маҳароҳ фий татмиматил-ъашароҳ»; «Ал-арбаъуна ҳадисан»; «Ал-аввалийя фий аҳадисил-аввалийя»; «Ал-ҳисн ал-ҳасин мин калам саййидил-мурсалин»; «Ал-масъад ал-аҳмад фий хотми муснади Аҳмад»; «Мифтаҳул-ҳисн ал-ҳасин»; «Муқоддимату улумил-ҳадис»; «Ат-таъриф бил-мавлид аш-шариф»; «Зайлу тобақотил-қурро лиз-Заҳабий»; «Ар-рисала ал-баянийя фий ҳаққи абавайин-набий»; «Ғоятун-ниҳая фий асмаи рижалил-қироат»; «Фазлу Ҳиро»; «Мухтасар тарихил-ислам лиз-Заҳабий»; «Аҳасин ал-минан»; «Ал-исоба фий лавазим ал-китаба»; «Ал-иътироз ал-мубдий ли ваҳм».