ИМОМ ШОТИБИЙ
(538/1143‒590/1194)
Исми ва нисбаси: Абу Муҳаммад ал-Қосим ибн Фирруҳ ибн Халаф ибн Аҳмад ар-Руъайний ал-Андалусий аш-Шотибий. У асли Ямандаги Зу-Руъайн қабиласига мансуб бўлгани учун ар-Руъайний нисбатини олган. Шотибий дейилиши эса олим туғилган шаҳар Шотибага нисбатандир. Шотиба Андалус (ҳозирги Испания) шарқида қалъа билан ўралган катта шаҳар бўлган.
Таваллуд ва вафоти: Имом Шотибий 538/1143 йили таваллуд топган. У 590 ҳижрий санада, Жумодулохир ойининг 28 кунида (1194 йил 20 июнда) Мисрда вафот этган ва Қорофа қишлоғига, Қози Фозил мақбарасига дафн этилган. Ҳозирда унинг мақбараси зиёратгоҳга айланган.
Маноқиблари: Имом Шотибий тафсир, ҳадис, фиқҳ, араб тили қоидалари ва балоғати, луғатшунослик, адабиёт ва таъбир илмларининг билимдони, ўткир шоир эди. Хусусан, Қуръон илмлари ва қироат борасида беназир эди. У ўта зоҳид, обид, тақводор, суннатга қатъий амал қиладиган, валий инсон эди. Унинг ақлзаковати, зеҳнхотираси, нодир қобилиятлари ақлларни лол қолдирар даражада юксак бўлиб, кишилар ўртасида зарбулмасалга айланганди. Хуллас, у Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги мўъжизаларидан бири эди.
Имом Шотибий юксак ахлоқлар соҳиби эди. Кўзлари ожиз бўлсада, қалби очиқ эди. Жисмонан зифлиги, кўп бемор бўлишига қарамай, ҳеч кимга шикоят қилмас, доимо сабр ва шукрда бўлар эди. У доимо ўзини беҳуда сўз ва амаллардан, илммаърифатга манфаати бўлмаган гаплардан сақларди, фақат зурурат туғилгандагина сўзларди. Қуръон таълимига ўтирганда ҳамиша таҳорат билан, покиза кийимда, устибошларини тўғрилаб, суннатга мувофиқ ҳайъатда ўтирарди. Қуръон билан кўп машғул бўлганидан, унинг юзини нур қоплаган эди, кўрган киши ундан ҳайбатга тушарди ва уни яхши кўриб қоларди. У ҳаётлик давридаёқ илм ва тақвоси, етук олимлиги, қироатда моҳирлиги билан бутун Ислом оламида шуҳрат қозонди.
Имом Шотибий «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим» ва «Муватто» китобларидан дарс берганда нусхалардаги хатоларни ёддан тўғрилатар эди. Ёқут Ҳамавий айтади: «У солиҳ, сўзда содиқ, амалда олижаноб киши эди. Унда солиҳ кишиларда бўладиган кароматлар кўринган». Имом Аламуддин Саховий айтади: «Мен Абу Абдуллоҳ Умар ибн Ҳусайннинг шундай деяётганини эшитдим: «Мен Мағриб ўлкаларидаги бир гуруҳ уламоларнинг: «Ким ёшлигида ҳам, катта бўлганда ҳам Аллоҳга ҳаргиз осийлик қилмаган кишининг орқасида намоз ўқишни истаса, АбулҚосим Шотибийнинг орқасида намоз ўқисин», деганларини эшитганман».
Унинг балоғат ва фасоҳатдаги мартабаси ва шеъриятдаги маҳорати барча адибу шоирларни лол қолдирган. Ёқут Ҳамавий унинг шеърини тушуниш қийин, мураккаб эканини таъкидлаган. Имом Жазарий шундай ёзади: «Ким унинг қасидаларини ўрганса, унга бу борада Аллоҳ берган фазлнинг нақадар буюк эканини билади, айниқса «Ломия»сини. Бу асар ундан кейинги барча балоғат эгаларини ожиз қолдирди».
Имом Шотибийнинг фарзандлари ҳам бўлган. Улардан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Қосим отасидан Қуръон ва ҳадис илмларини ривоят қилган.
Имом Шотибийни яхши танимаган одам уни кўзи ожиз деб ўйламас эди. Аллома Алий Қорий шундай дейди: «У муаззинсиз ҳам азонни эшитар эди. Заковати ўткирлиги ва ўта ҳушёрлиги сабабли у зотда кўзи ожиз одамдан содир бўладиган ҳаракатлар кузатилмас эди». Имом Саховий қуйидагиларни ёзади: «Бир куни мен Шотибийга Миср жомеъ масжидини зикр қила туриб: «Айтишларича, унинг ичида муаззинсиз ҳам азон эшитилар, аммо унинг нималигини биров билмас экан-а?» дедим. Шунда у: «Мен уни завол вақтида бир неча маротаба эшитганман, саноғини билмайман», деди. Бир куни у менга шундай деди: «Шайтон билан менинг ўртамда тортишув бўлиб ўтди. У: «Мен бундай иш қилдим, яқинда сени албатта ҳалок қиламан», деди. Мен унга: «Аллоҳга қасмки, мен сенга парво ҳам қилмайман», дедим».
Ҳаёти ва ижоди: Тарих китобларида айтилишича, Шотибийнинг кўзлари гўдаклигида ожиз бўлиб қолган ёки у туғма кўр бўлган. Шунга қарамай, отаоналари унинг олим бўлишини орзу қилиб, унга катта эътибор беришади. У гўдаклигидаёқ Қуръони Каримни тўла ёд олади ва бир қанча ҳадисларни ва фиқҳий масалаларни ўзлаштиради. У аввал Шотиба масжидидаги илм ҳалқаларига қатнашади. Қироат илмлари унда катта қизиқиш уйғотади ва бу илмни Абу Абдуллоҳ анНафазийдан ўрганади. Кейин Булунсияга (ҳозирги Валенсия) бориб, илм талабини у ерда давом эттиради. У пайтларда Валенсия Францияга мустамлака бўлмаган, илммаданият ўчоқларидан бири эди. У ерда Абул-Ҳасан ибн Ҳузайлдан қироат илмига оид «Ат-Тайсир» китобини ўрганади, шунингдек, Абу Абдуллоҳ ибн Саъодадан ҳам қироат илмидан дарс олади ва улардан ҳадис тинглайди. Кейин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳумайддан Сибавайҳнинг «АлКитоб» ва «АлКомил» номли китобларидан ҳамда Ибн Қутайбанинг «Адаб ал-Котиб»идан таълим олади.
Имом Шотибий ёш йигитлик давридаёқ Шотиба шаҳарига бош имом-хатиб этиб тайинланади ҳамда Шотибада катта уламо ва фуқаҳолар бўлишига қарамай, фатво беришга ижозат олади. У ўттиз ёшдан ўтгач, ҳаж сафарига отланади ва йўлда Искандарияга тушиб, ўз даврининг ҳофизи Абу Тоҳир Силафий ва бошқалардан ҳадис илмидан таълим олади. Кейин ҳажни адо этиш учун йўлга чиқади. Ҳаждан қайтишда Мисрга тушади. Ўша пайтда Миср айюбийлар қўл остида эди. У ерда Қози Фозил номи билан шуҳрат қозонган улуғ олим Муҳйиддин Абдурраҳим Байсоний имом Шотибийни катта эҳтиром билан қарши олади ва Қоҳирадаги ўзи асос солган «Фозилийя» мадрасасига шайх этиб тайинлайди ва талабаларга Қуръон, ҳадис, наҳв ва араб тилидан дарс беришни илтимос қилади. Имом Шотибийнинг шуҳрати бутун дунёга ёйилиб, илм толиблари барча Ислом ўлкаларидан буюк олимдан қироат ва ҳадис илмлари бўйича таҳсил олиш учун Мисрга кела бошлайди. Унинг қўлидан имом Алий ибн Муҳаммад Саховий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар Қуртубий каби буюк олимлар етишиб чиқади. Имом Шотибий 589/1193 йили Байтул-Мақдисни зиёрат қилади ва Рамазонни шу ерда ўтказади, Ақсо масжидида эътикоф ўтиради. Кейин Мисрга қайтиб, умрининг охиригача «Фозилия» мадрасасида дарс беради.
Устозлари:
Имом Шотибий ўз даврининг етук уламоларидан таълим олган. Уларнинг айримлари билан юқорида танишиб ўтилди. Уларга яна қуйидагиларни ҳам қўшиш мумкин: АбулҲасан ибн АнНеъма, Ашир ибн Муҳаммад Бадрусий, Абдураҳмон ибн Муҳаммад Андалусий, Мухаммад ибн Жаъфар Умавий ва бошқалар.
Шогирдлари:
Имом Шотибийдан тафсир, ҳадис, араб тили ва қироат илмларида сон-саноқсиз илм толиблари таҳсил олган. Кўплаб уламолар у кишининг «Шотибия» асари асосида Қуръони Каримни етти қироатда ўтказган. Жумладан, Алий ибн Муҳаммад Саховий, Абу Мусо Мақдисий, Абдурраҳмон ибн Саъид Шофеъий, имомнинг куёви Алий ибн Шужоъ ва бошқалар.
Имом Шотибийдан қуйидаги олимлар ҳадис ва айрим қироатларни ривоят қилган: Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб, АбулҲасан ибн Хайра, Муҳаммад ибн Яҳё, Абу Бакр ибн Ваззоҳ, АбулҲасан Жумайзий, Абдуллоҳ ибн Абдулворис ибн Азрақ.
Асарлари:
Имом Шотибий Ислом уммати учун жуда катта илмий мерос қолдирган. Хусусан, унинг Қуръон илмларига доир ёзган китоблари бугунги кунгача ўз қийматини йўқотгани йўқ.
- «Қасидатун далиййатун». Унда муаллиф Ибн Абдулбаррнинг (ваф. 463 ҳ.) «АтТамҳид» китобини назмга солган.
- «Ақийлату атроб алқосоид фий асна алмақосид». Бу асар назмда ёзилган бўлиб, мусҳаф расми илмига оиддир. Уни «Қасидаи роийя» ҳам дейилади, чунки унинг байтлари «ро» ҳарфи билан якунланади.
- «Назимату аззуҳр». Бу китоб ҳам назмда битилган бўлиб, сураларнинг оятлари адади ҳақида. Муаллиф унда Фазл ибн Шозоннинг (ваф. 290 ҳ.) асарини назмга солган.
- «Ҳирзуламаний ва важҳуттаҳаний фий қироат ас-Сабъ ли-сабъ ал-масоний». Бу китоб муаллифнинг шоҳ асари ҳисобланади. У «Шотибия» номи билан машҳур. Унинг байтлари лам ҳарфи билан якун топгани учун уни «Шотибийнинг «Ломийя»си» деб ҳам юритилади. Муаллиф уни қироат илмининг энг буюк имомларидан бири Абу Амр Донийнинг «Ат-Тайсир» («Осонлаштириш») асари асосида яратган. Бу китобни у Валенсияда Абул-Ҳасан ибн Ҳузайл қўлида тўла ёд олганди. Шотибий ўзининг мазкур асарини Андалусдалик давридаёқ бошлаб, унинг аввалидан бир қисмини битган эди. Кейин уни «Фозилия» мадрасасида дарс бериб юрган кезлари тамомига етказди.
Имом Жазарий бу асар ҳақида шундай ёзади: «Бу китобга шундай бир шуҳрат ва мақбуллик насиб этдики, ушбу илмда бошқа бирор китобга бундай бўлганини билмайман. Ислом шаҳарларидан бирортаси бу китобдан холи бўлмаса керак. Балки, ҳар бир илм толибининг уйида ҳеч бўлмаса унинг бир нусхаси бор, деб ўйлайман».
Асарнинг уламолар томонидан қанчалик эътиборга сазовор бўлганини унга ёзилган шарҳлардан ҳам билиб олса бўлади. Унга қирққа яқин шарҳ ёзилган бўлиб, уларнинг аксари араб тилида бўлсада, урду, форс тилларида битилган шарҳлар ҳам бор. Жумладан, Тошкентда яшаб ўтган машҳур Сулаймон қори дада ҳам «Шотибия»ни ўзбек тилида шарҳлашга киришган, бироқ, умр кифоя қилмай, асар чала қолган. Ҳозир унинг қўлёзма шакли муаллифнинг авлодлари қўлида сақланмоқда.