Шайх Муҳаммад Салмон Мансурпурийнинг қисқача таржимаи ҳоли

Болалик ва таълим йиллари
Муҳаммад Салмон Мансурпурий 1967 йил 11 февралда Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳрида таваллуд топган. Унинг аждодлари асли Уттар-Прадеш штати, Музаффарнагар туманига қарашли Мансурпур қишлоғидан бўлган. У киши «Дорул улум Девбанд»нинг собиқ мудир ўринбосари ва «Жамъияту уламои Ҳинд» (Ҳиндистон уламолари жамияти)нинг собиқ раиси Усмон Мансурпурий раҳимаҳуллоҳнинг катта ўғли бўлиб, она томонидан бобоси Ҳусайн Аҳмад Маданий раҳимаҳуллоҳ эди.
Муҳаммад Салмон Мансурпурий дастлабки таълимини Биҳор штатидаги Гая шаҳрида жойлашган Жомеъа Қосимияда бошлаган. Бу ерда унинг отаси мударрислик фаолияти билан шуғулланар эди. 1970 йилда (1390 ҳижрий) у Амроҳа шаҳрига кўчиб ўтди ва 1981 йилгача (1401 ҳижрий) шу ерда истиқомат қилди. Бу давр мобайнида у Қуръони каримни тўлиқ ёд олди ва отасининг назорати остида бошланғич арабий таълим дастурини мукаммал якунлади.
Шу билан бирга, расмий равишда Амроҳа шаҳридаги Жомеъ масжид қошида фаолият юритувчи Жомеъа Исломияда арабий таълимнинг тўртинчи босқичигача таҳсил олди.
Олий диний таълим
У киши 1982 йилнинг охирларида (ҳижрий 1402 йил) Дорул улум Девбанднинг маънавий ва илмий муҳитида олий диний таълим олиш учун ўқишга кирди ва арабий таълимнинг тўртинчи босқичидан таҳсилни бошлади. 1987 йилда (ҳижрий 1407 йил) «Давраи ҳадис» (ҳадисшунослик якуний босқичи)ни имтиёзли даража билан тамомлади. Шундан сўнг, 1988 йилда «Такмили ифто» (фатво бериш маҳоратини ошириш)ни, 1989 йилда эса «Тадриб фил-ифто» (фатво йўналишида амалиёт)ни муваффақиятли тамомлади. 1990 йилда эса «Тадриб фит-тадрис» (педагогик маҳорат) бўлимида фаолият юритди. Шу аснода, 1988 йилда (ҳижрий 1408 йил) ҳаж фарзини ҳам адо этди.
Устозлари
Муҳаммад Салмон Мансурпурий ўз даврининг кўплаб забардаст уламоларидан сабоқ олган. Жумладан:
• Насир Аҳмад Хон Буландшаҳрий: Саҳиҳи Бухорий (1-қисм);
• Абдулҳақ Аъзамий: Саҳиҳи Бухорий (2-қисм);
• Саъид Аҳмад Поланпурий: Жоме ат-Термизий (1-қисм) ва Шарҳу маъонийил осор;
• Аршад Маданий: Жоме ат-Термизий (2-қисм);
• Неъматуллоҳ Аъзамий: Саҳиҳи Муслим (1-қисм) ва Муваттои Имом Муҳаммад);
• Қамаруддин Аҳмад Гўракпурий: Саҳиҳи Муслим (2-қисм);
• Муҳаммад Ҳусайн Биҳорий: Сунани Абу Довуд ва Муваттои Имом Молик);
• Риёсат Али Зафар Бижнурий: Сунани Ибн Можа;
• Зубайр Аҳмад Девбандий ва Маҳмуд Ҳасан Гангуҳий: Сунани Насоий;
• Абдулхолиқ Мадрасий: Шамоили Термизий.
Таълим ва амалий фаолияти
Муҳаммад Салмон Мансурпурий таълимни тамомлагач, 1990 йилда Дорул улум Девбандда «Тадриб фит-тадрис» доирасида мударрислик фаолиятини бошлади. Кейинчалик у Муродободдаги «Жомеъа Қосимия Мадраса Шоҳий»да доимий фаолият бошлаб, у ерда «Саҳиҳи Муслим», «Жомеъ ат-Термизий», «Муваттои Имом Молик», «Шамоили Термизий» ва «Ҳидоя» (охирги қисмлари) каби муҳим китоблардан дарс берди. Ифто (фатво) бўлимида эса «Шарҳу уқуди расмил муфтий» ва «Ал-Ашбоҳ ван-назоир» каби фиқҳий китоблардан таълим берди.
Дарс ва таълим беришдан ташқари, у киши муассасада ноиби муфтий сифатида фатво ёзиш ва аҳолидан келган саволларга жавоб бериш вазифаларини ҳам адо этиб келди. Шунингдек, ифто (фатво бериш) йўналишида таҳсил олаётган талабаларга устозлик қилиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатди. 1990 йилдан то Дорул улум Девбандга тайинлангунига қадар Мадраса Шоҳий томонидан нашр этиладиган «Нидои Шоҳий» ойлик урду журналининг муҳаррири бўлиб ишлади. Ҳозирда эса ушбу журналнинг фахрий муҳаррири ҳисобланади.
Шунингдек, у киши «Жамъияту уламои Ҳинд» (Ҳиндистон Уламолар жамияти) қошидаги Диний таълим кенгашининг бош котиби лавозимида ҳам хизмат қилган. 2021 йилнинг июль ойида «Иморати Шаръия Ҳинд» тизимида «Ноиб Амирул Ҳинд» лавозимига тайинланди.
2022 йил март ойида эса Дорул улум Девбанд Мажлиси шўроси (Олий кенгаши) қарорига мувофиқ, расман ушбу дорулфунуннинг мударрислар ҳайъати таркибига қабул қилинди.
Айни пайтда у киши «Дорул улум Девбанд»да ҳадис ва фиқҳ устози сифатида фаолият юритиб, қуйидаги китоблардан дарс беради:
• Сунани Термизий
• Тафсири Жалолайн
• Ҳидоя (тўртинчи жилд)
• Сирожий
• Расмул муфтий
• Ад-дуррул-муҳтор
Фиқҳий манба ва асослар ҳақида
У киши исломий ҳукм ва фатволарда ҳанафий фиқҳининг асосий манбалари бўлмиш «Фатовои Шомий» (Раддул Муҳтор), «Бадоиъус саноиъ», «Фатҳул Қодир» ва «Ал-Баҳрур роиқ» каби қадимий асарларга таяниш муҳимлигини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, у киши Кувайтда нашр этилган «Ал-Мавсуъатул фиқҳийя» (Фиқҳ энциклопедияси)дан фойдаланишни ҳам тавсия этади. Бироқ, олимларга ушбу энциклопедиядаги мақолаларни асл манбалар билан қиёсий равишда ўрганиб, сўнг хулоса чиқаришни маслаҳат беради.
Таснифий ҳаёти
У киши тажрибали ва маҳоратли муаллиф бўлиб, унинг асарлари фиқҳ, ахлоқ ва ислом тарихи каби турли мавзуларни қамраб олади. Унинг энг сара асарлари сирасига қуйидагилар киради:
• «Китобул масоил» (беш жилдлик);
• «Китобун навозил» (ўн тўққиз жилдлик);
• «Нухбатул масоил» (тўрт жилдлик);
• «Аллоҳдан ҳаё қилинг» (Аллоҳ се шарм кижийе);
• «Раҳмоннинг хос бандалари» (Раҳмон ке хос бандэ);
• «Аллоҳ валийларининг мақбул бўлиш сирлари» (Аллоҳ валўн ки мақбулият ка роз);
• «Китобул фароиз: Осон Сирожий»;
• «Иршодус соилийн»(икки жилдлик);
• «Китобул ваъз ват-тазкир» (уч жилдлик).
У кишининг бошқа асарлари сирасига қуйидагилар киради:
• «Туҳфаи Рамазон»;
• «Диний масалалар ва уларнинг ечими»;
• «Фатво ёзишнинг асосий қоидалари» (Фатво навеси ке реҳнумо усул);
• «Фатовои Шайхул Ислом»;
• «Азм ва ҳиммат тимсоли: Устоз ва шогирд»;
• «Нури нубувват» (Пайғамбарлик нури);
• «Шамоили Расул»;
• «Ҳожиларга зарур кўрсатмалар»;
• «Фотиҳа сураси дарси»;
• «Қодиёнийларнинг уйдирмалари»;
• «Мирзоийликка раддия беришнинг олтин қоидалари»;
• «Никоҳни бекор қилиш ва ажрим сабаблари» (Асбоби фасх ў тафриқ – «Ал-ҳийлатун ножиза» китобининг қисқартмаси);
• «Хутботи сийрати тоййиба» (Пок сийрат ҳақидаги хутбалар);
• «Олимлар ва талабалар учун муҳим ҳамда фойдали насиҳатлар».