Мақолалар

КЎЗИ ОЧИҚ БЎЛМАСА-ДА, ҚАЛБИ ОЧИҚЛАР МАСЖИДИ

Юртимизда «Кўзи ожизлар» масжиди борлигини билармидингиз? У қандай масжид экан, бошқа масжидлардан нимаси билан фарқланаркан, деган савол барчани ўйлантириши аниқ. Azon.uz жамоаси бу саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистонда ягона бўлган, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чўпон ота кўчаси, 28а-уйда жойлашган «Кўзи ожизлар» жоме масжидига ташриф буюрган эди. 

Аввало масжидни айнан бу жойда қурилиши тарихи билан қизиқилди. Маълум бўлишича масжиднинг «Кўзи ожизлар» жоме масжиди деб номланиши маҳаллада асосан кўзи ожиз ёки яхши кўрмайдиган инсонлар истиқомат қилиши сабаблидир. Собиқ СССР  даврида бу ерга бутун Ўрта Осиё республикаларидан кўзи ожиз инсонлар олиб келинган ҳамда улар давлат томонидан иш ва уй-жой билан таъминланган.

Бу имконияти чекланган инсонлар учун махсус мактаб ва босмахона қурилган ҳамда брайль алифбосида ёзилган адабиётлар билан таъминланган. Кўзи ожизлар масжиди имом-хатиби Абдуғофур Маликовнинг такидлашича, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг имконияти чекланганларнинг диний маросимларини, ибодатга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ушбу маҳалладаги кўп сонли кўзи ожиз инсонлар маҳалла ҳудудида жойлашган тўйхонанинг бир хонасини олиб масжид сифатида фойдалана бошлаган. 1998 йилга келиб бу хонақо қайтадан таъмирланган ва маҳалла масжиди сифатида рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда  Абдуғофур домла:

“Масжиднинг номи ўша пайтларда «Муҳаммад Амин» масжиди деб номланган. Чунки шу вақтда, мана шу маҳаллада яшаган кўзи ожиз инсонларга ниҳоятда кўп ёрдами теккан Муҳаммад Амин ҳожи ота деган инсон бўлган. Ҳожи ота бу масжиднинг қурилишига бош бўлгани, жуда кўп меҳнати сингган, аниқроғи масжидни тезроқ рўйхатдан ўтказиш ва ишга тушириш учун ўз номига расмийлаштириб қўйган. Маҳалла аҳли, асосан кўзи ожиз инсонлар бу масжидда беш вақт намозни адо этишган. Масжид жоме бўлмаганлиги сабабли кўзи ожиз инсонлар жума намозини «Чўпон ота» жоме масжидига бориб ўқишга тўғри келган. Бир гал намозхонлар жумага бораётган вақтда катта йўлдан ўтаётган автомобиль икки кўзи ожиз инсонни туртиб кетади. Шу сабаб бўлади-ю 1999 йилга келиб ушбу масжид «Кўзи ожизлар» жоме масжиди деб қайта номланади. Бу даврда масжид фақат битта хонадан иборат бўлган. Масжидда намозхонлар кўпайганлиги сабабли 2005-2007 йиллар оралиғида масжид ҳашар йўли билан кенгайтирилади ва ҳозирги кўринишда таъмирланган. Айни вақтда масжид хонақоси икки юз эллик нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, жума намозларида масжид атрофи ва кўп қаватли уйлар ёнида ҳам намозхонлар ибодат қилишади. Таҳоратхонамиз ўн саккиз ўринга мослаштирилган. Ҳозирда беш вақт намозга юздан ортиқ намозхон келади. Шулардан йигирмага яқини кўзи ожиз инсонлардир. Лекин жума ва ҳайит намозларига, Рамазон ойида имконияти чекланган кўзи ожиз намозхонлар сони кўпаяди, чунки улар бутун Тошкент шаҳридан келишади. Нега энди ўзларига яқин масжидлар қолиб бу масжидга келиш сабаби шундаки, кўплаб кўзи ожиз инсонлар ўз даврида бир корхонада ишлашган, бир-бирларини жуда яхши танишади. Жума намозидан сўнг ўтириб суҳбатлашишади. Кўплаб ҳомийларимиз масжид ёнидаги маҳалла тўйхонасида улар учун хайрия дастурхонлари ёзишади. Шу ерда анча вақтгача суҳбатлашиб ўтиришади. Бу масжидимиз бошқа масжидлардан мутлақо фарқ қилмайди. Фақат бу ердаги китоблар кўзи ожиз инсонлар ўқиши учун брайль алифбосида ёзилгани ва қиблани аниқ билиши, намозда сафда текис туриши учун саф тортиладиган жойларга оёқ билан пайпаслаб билса бўладиган ингичка иплар ётқизилган. Масжиддаги китобларимиз кўпроқ диний мавзуда брайль алифбосида ёзилган, аммо мазмуни ўзбек тилида. Брайль алифбосида чоп этилган  Қуръони каримни ҳамма брайль алифбосини биладиганлар ҳам ўқий олишмайди. Уни ўқиш учун махсус устоз таълимини олиш лозим. Бундай устозлар юртимизда ҳам бор, лекин жуда камёб. Кўзи ожиз намозхонлар ичида Қуръонни тўлиқ ёдлаган, жуда гўзал оҳангда ўқийдиган қориларимиз ҳам бор. Улар Қуръонни махсус устозлардан ўрганишган. Бу имконияти чекланган инсонлар учун «Кўзи ожизлар» жамиятида ҳар пайшанба куни Республикамизнинг кўзга кўринган уламолари томонидан илмий дарслар ташкил қилинган бўлиб, намоз, таҳорат ва рўза масалалари бўйича уларни қизиқтирган барча саволларига жавоб беради. Асосийси уларда соғлом, баъзи кўзи кўрадиган инсонларда йўқ матонат бор. Беш вақт намозни доимо масжидда адо этишади, бундан ўрнак олсак арзийди”, –  деб ҳикоя қилади. 


Ҳақиқатдан ҳам “Кўзи ожизлар” жоме масжиди юртимиздаги бошқа масжидлар билан юқорида  Абдуғофур домла санаб ўтган хусусиятларини хисобга олмаганда деярли бир хил. Лекин Республикамизнинг бошқа масжидларида кўзи ожиз инсонлар учун шароитлар яратилганми? Улар масжидни қандай топиб келади? Масжидга келган билан қибла қайси томонда, саф  қаторини қандай билади? Улар учун масжид китоб жавонларида брайль алифбосида ёзилган адабиётлар борми?  

Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиб кўрдик. Уларда кўриш қобилияти чекланган инсонлар учун махсус бўртма йўлаклар ва шу йўлаклар ёнида дўкон, мактаб, бозор, масжид ва шунга ўхшаган кўплаб ташкилотларни номи браер алифбосида ёзилган, қўл билан пайпаслаб топишга жуда қулай қилиб ўрнатилган белгилар мавжуд экан. Бизда ҳам Тошкент шаҳрида янги қурилган метро бекатлари ва янги таъмирдан чиққан йўллар ёнида кўзи ожиз инсонлар учун алоҳида йўлаклар бор. Аммо масжидларимизда кўзи ожизлар учун бундай қулайликлар ҳозирча йўқ, аммо бунга жиддий қараш керак. Айниқса “Кўзи ожизлар” масжиди артофида яшайдиган кўриш қобилияти чекланган инсонлар масжид, Кўзи ожизлар жамияти ва дўконларни топиб бориши жуда қийин. Чунки улар учун махсус йўлаклар ёки йўл ёқасида қўл билан ушлаб юрадиган тўсиқлар йўқ.  Айниқса масжид яқинида жойлашган кўзи ожизлар ётоқхонаси атрофида бундай қулайликларнинг йўқлиги ачинарли ҳолдир. Бу борада шу ерда истиқомат қиладиган, кўриш қобилияти чекланган юртдошларимиздан бири Иброҳим ака шундай деди:

«Аллоҳга беҳисоб шукурлар бўлсинки, йўлларимиз равон. Бу борада нолисак тўғри бўлмас, аммо мана шу йўлаклар қаерга олиб бориши, қайси томонга юриш кераклиги бизга бир оз оғирлик қилмоқда. Кундуз кунлари йўлда одам кўп  бўлади, масжидга боришда кўмаклашади. Лекин бомдод намозида кўчада ҳеч ким бўлмаганлиги сабабли масжидни топиб боришга қийналамиз. Чунки йўл ёқасида тўсиқ йўқ. Яқинда мана шу маҳаллада бир кўзи ожиз биродаримиз йўлда кетаётиб катта бетон ариққа тушиб кетган. Биз нафақат масжидга балки оддий дўконга боришимиз ҳам қийин. Негаки дўконга бошлайдиган ўзига хос йўлаклар йўқ». 

 Бу биргина кўзи ожизларни қийнаётган йўл муаммоси, лекин улар яшаётган ётоқхона ҳам     мақтагулик эмас. Кўриш имконияти чекланган юртдошларимиз яшаётган ётоқхоналарни бориб ўрганганимда кўнглим эзилиб кетди. Бир хонада эр-хотин ва икки ёки уч фарзанди билан яшайди. Шу ерда ётади, овқатланади, меҳмон кутади. Ошхона, ҳожатхона, ювиниш хоналари умумий. Тўғри, ётоқхона учун пул тўламайди фақатгина коммунал тўловлари бор, холос. Ётоқхона таъмири ҳам жойида, аммо бир кичик хонада бир оиланинг сиқилиб яшаши ачинарлидир. 

Биз мақоламизни “Кўзи ожизлар” жоме масжиди билан бошладиг-у, бироқ уларнинг муаммолари билан тугатмоқдамиз. Тегишли ташкилотлар юқорида санаб ўтилган муаммоларга эътибор қаратса яхши бўларди.

“Кўзи ожизлар” жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур Маликов бўлиб, у киши билан (+998 94 9320117) телефон рақами орқали боғланишингиз мумкин.

Масжиднинг ҳозирча ижтимоий тармоқларда саҳифалари йўқ. «Кўзи ожизлар» жоме масжиди Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чўпон ота кўчаси, 28а-уйда жойлашган.

Сизда ҳам ўз масжидингиз тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар бўлса, @masjidlar_bot юборинг.

Нурбек Ғофуров

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг