
Юртимизда миллий ва диний қадриятларни асраш, мўмин-мусулмонларнинг ибодатларини эркин ва бемалол адо этишлари учун кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, масжидларни замонавий талаблар асосида қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқимиз маънавий ҳаётини янада бойитишга хизмат қилмоқда.
🗣 Шу муносабат билан Қўштепа туманида жойлашган «Салмони Форсий» жоме масжидининг тубдан қайта қурилиб, фойдаланишга топширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, туман фаоллари, нуронийлар, диний соҳа вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маросим давомида таъкидланганидек, вилоят маркази ҳамда пойтахт томон йўналишидаги асосий автомобиль йўли бўйлаб, Катта Болтакўл маҳалласида жойлашган ушбу масжид ҳозирги кунда нафақат маҳаллий аҳоли, балки йўловчилар учун ҳам қулай бўлмоқда.
🫥 Қайд этилишича, масжид қурилиши ва ободончилигида маҳаллий аҳоли, саховатпеша тадбиркорлар ҳамда ҳомийлар фаол иштирок этган. Уларнинг хайру эҳсон ва фидокорона меҳнати самараси ўлароқ, масжид замонавий инфратузилма, қулай ибодат шарт-шароитлари билан таъминланди. Бу эса юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижаси, шунингдек, инсон қадрини юксалтиришга қаратилаётган эътибордан нишона экани айтилди.
🤲 Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва масжидларимиз доимо обод бўлишини тилаб дуолар қилинди. Янгиланган «Салмони Форсий» жоме масжиди бугундан эътиборан аҳолининг маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, эзгу ишларга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати