Мазҳаблар мутавотир йўл орқали етиб келган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Замонамиздаги аксар диний муаммолар ҳанафий мазҳабининг ҳукмларини бир кишининг фикри, деб ўйлашдан келиб чиқади. Бундай одамлар мазҳаб дегани мустаҳкам қарор топган илм эканидан ғафлатда қолишяпти. Тўғри, бошида бир кишининг тушунчаси бўлган, аммо вақт ўтгани сайин бошқалар ҳам бу фикрларга мувофиқ келиши натижасида бу мазҳаб улуғ бир илмга айланиб кетган. Энди унга кимнингдир шахсий фикри эмас, балки илмий қоидадек муносабатда бўлишга мажбурмиз.
Мазкур мислсиз хизматларни тўрт мазҳабдан бошқасида топмайсиз. Бугун бир кимса келиб, бу мазҳаблардан ташқари бирор ҳукмни кўтариб келса, қаердан биламиз, у одам кимларнинг қаторида эканини? Тўғрими, ўғрими ё бошқами, қаердан таниймиз уни? Уни ким тасдиқлаган бўлади?
Ҳақиқий илм деган нарса асрлар давомида қоидалар яратади, бу борада ижтиҳодлар қилинади, бу ижтиҳодларга бошқа олимлар хизматлар қилади. Ҳақиқий илм мана шундай шаклланади. Энди шунча ишнинг юзига оёқ босиб, «Бу менинг фикрим, бу сенинг фикринг…» дейишга нима бор? Заррача ақли бор одам шундай қиладими, ахир? Жиннилик-ку бу! Йўқ, бу тиббий истилоҳдаги жиннилик эмас. Булар ақлий лаёқатсиз эмас, илмий лаёқатсиз жиннилардир. Афсуски, бугун бундайлар жуда кўпайиб кетган, ҳаммаси тиним билмай ўзининг гапини гапириб ётибди. Илмнинг энг содда қоидаларини ҳам назарга илмай қўйишяпти. Мазҳабларнинг қоида ва асослари минг йиллардан бери қарор топиб келяпти, уламолар тиним билмай хизматлар қилиб келишяпти. Орқасида шундай катта куч бўлган илмларни оддий шахсларнинг фикри билан бир қаторда келтиришга буларнинг қандай қўли бораркин?
Бунга битта ўхшатиш қилишади: подшоҳлар наслидан бўлган бир кишида дунё хазиналари мерос бўлиб жамланибди. Ўша киши бор пулига дунёда тенги йўқ битта бино қурдирибди. Шунақанги ажойиб бино эмишки, ҳамма уни кўргиси келар эмиш. Бу қурилишдан кейин ўша кишида атиги икки-уч минг динор пул қолибди. Энди мана шу одам ота-боболаридан қолган бойлик маҳсули бўлган бу пурвиқор ва мустаҳкам бинони қўйиб, «Бу бино менга керак эмас, мен ўзимга бошқа қуриб оламан» деса, ғалати бўлмайдими?
На маҳоратинг бор, на уйга етадиган пулинг бор. Бу озгина пулингга битта кулбача қурарсан. «Қишда исимайдиган, ёзда совимайдиган харобани нима қиласан, измингда ҳайҳотдек кошона турибди-ку», дейишмайдими одамлар? У ўзига бир уйча қуриб олиб, ичига кириб яшаб ўтирса, уни кўрган одам «Жинни экан», дейиши турган гап эмасми?
Ушбу тўрт мазҳабда барча қоидаларга амал қилинган, уларда бирон камчилик топмайсиз. Одамлар араб тилини шу мазҳаблардан бирон нима олиш учун ўрганади. Бу мазҳаблар етиб бўлмас чўққини забт этган бўла туриб, фоъилни ҳам, мафъулни ҳам, усулни ҳам билмайдиган одамлар келиб, «Биз бошидан ижтиҳод қиламиз» дейишини қандай тушуниш мумкин, ахир?
Бу борада бугунги кун мусулмонларида жуда катта муаммолар бор.
Яна бир ҳақиқат шуки, бу мазҳаблар мутавотир тарзда етиб келган, яъни салаф уламоларимизнинг сўзлари бизга мутавотир йўл билан етиб келмоқда. Ҳанафий мазҳаби китобларини ўқисангиз, сизга Абу Ҳанифанинг ўзи гапираётгандек бўлади. Бу сўзларни Абу Ҳанифа ўз оғзи билан айтганига ишончимиз комил, чунки улар бизга мутавотир йўл орқали етиб келган. Шофеъий мазҳабида ҳам шу ҳолат. Ҳар бир масалани дақиқ ўрганишади, қавллари мустафиз йўллар, яъни кўп санадлар билан етиб келади.
Бошқалар-чи? Имом Каробисий, Суфён Саврий, Ибн Уяйналарнинг сўзлари-чи? Бизга ишончли, мутавотир йўл билан етиб келганми? Йўқ. Жуда борса, оҳод йўл билан келган бўлади. Фиқҳда эса масалалар нақлида оҳод йўл билан келган нақллар эътиборга олинмайди. Масалан, зоҳирур-ривоядан бошқа жойда имом Муҳаммаднинг сўзи келса, муайян матнларга зид келса, ўз шартларига биноан қабул қилинмайди. Булар шаръий ҳукм бўлгани учун фиқҳда фикр мутлақ мужтаҳид томонидан айтилганига ишонч ҳосил қилинган бўлиши талаб этилади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
www.islom.uz
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.