МақолаларФиқҳ

ИСТИСҚО НАМОЗИ ҚАНДАЙ ЎҚИЛАДИ?

Ёмғир (сув) сўраб ўқиладиган намознинг номи «истисқо» дейилади. Истисқо намози деб сувга муҳтож бўлиб қолинганда Аллоҳ таолодан бандаларининг ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намозига айтилади. Буни яшаётган жойларининг сувидан экинларию ҳайвонларини суғориб турган, дарё, анҳор ва булоқлари бўлмаган одамлар ўқишади. Мабодо, анҳор ва булоқлари бўлса ҳам, эҳтиёжларига етмаётгани сабабли ушбу намоз ўқилади.

Истисқо намози худди икки ҳайит намози каби адо қилинади, лекин бунда зоида такбирлар айтилмайди. Намоз ўқиб бўлингач, ерда ўзаро туриб иккита хутба ўқиш мустаҳаб амаллардандир. Аммо ҳайит намозларидек минбарга чиқиб хутба ўқиш макруҳдир. Ҳайит намозидаги хутба такбирлари ўрнига имом истиғфор айтади. Икки хутбанинг ўртасини бир оз ўтириш билан ажратади. Имомнинг хутба мобайнида қибла томонга юзланиб туриши мандубдир. Хутбадан бир оз кейин имом кийимини тескарисига ағдариб кийиб олади ва тасбеҳ айтиб, мўминлар ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтади. Лекин имомга эргашган инсонлар кийимларини тескарисига ағдариб киймайдилар. Кейин имом одамлар томонига юзланиб, тик турган ҳолида қуйида келадиган истисқо дуосини ўқийди, одамлар эса қиблага юзланиб ўтиришади ва имомнинг дуосига «омийн» дейишади:

اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ سُقْيَا رَحْمَةٍ، وَلَا سُقْيَا عَذَابٍ، وَلَا مَحْقٍ وَلَا بَلَاءٍ، وَلَا هَدْمٍ. اللَّهُمَّ عَلَى الظِّرَابِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ، وَبُطُونِ الْأَوْدِيَةِ. اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا غَيْثًا مُغِيثًا، هَنِيئًا مَرِيئًا، غَدَقًا مُجَلِّلًا، سَحًّا، عَامًّا طَبَقًا دَائِمًا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا الْغَيْثَ، ولَا تَجْعَلْنَا مِنَ الْقَانِطِيْنَ. اللَّهُمَّ أَنْبِتْ لَنَا الزَّرْعَ، وَأَدِرَّ لَنَا الضَّرْعَ، وَأَنْزِلْ عَلَيْنَا مِن بَرَكَاتِ الْأَرْضِ، وَاكْشِفْ عَنَّا مِنَ الْبَلَاءِ مَا لَا يَكْشِفُهُ غَيْرُكَ. اللَّهُمَّ اسْقِ عِبَادَكَ وَبَهَائِمَكَ، وَانْشُرْ رَحْمَتَكَ، وَأَحْيِ بَلَدَكَ الْمَيِّتَ. اللَّهُمَّ اَنْتَ اللهُ لَا إلَهَ إلَّا اَنْتَ، أَنْتَ الْغَنِيُّ وَنَحْنُ الْفُقَرَاءُ، أَنْزِلْ عَلَيْنَا الْغَيْثَ، وَاجْعَلْ مَا أَنْزَلْتَ لَنَا قُوَّةً وَبَلَاغًا إِلَى حِينٍ. اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْتَغْفِرُكَ إِنَّكَ كُنْتَ غَفَّارًا، فَأَرْسِلِ السَّمَاءَ مِدْرَارًا.

«Аллоҳумма ағиснаа, Аллоҳумма ағиснаа, Аллоҳумма ағиснаа. Аллоҳумма суқйаа роҳматин валаа суқйаа ъазаабин валаа маҳқин вала балааин валаа ҳадмин. Аллоҳумма ъалаз-зироби ва манаабитиш-шажари ва бутуунил-авдийати. Аллоҳумма ҳаваалайнаа валаа ъалайнаа. Аллоҳуммасқинаа ғойсан муғийсан ҳанийьан марийьан ғодақон мужаллилан саҳҳан омман тобақан дааиман. Аллоҳуммасқинал-ғойса валаа тажъалнаа минал-қоонитийн. Аллоҳумма анбит ланаз-заръа ва адирро ланад-даръа ва анзил ъалайнаа мин барокаатил-арзи вакшиф ъаннаа минал-балааи маа лаа йакшифуҳу ғойрука. Аллоҳуммасқи ъибаадака ва баҳааимака ваншур роҳматака ва аҳйи баладакал-маййита. Аллоҳумма анталлоҳу лаа илааҳа иллаа анта, антал-ғониййу ва наҳнул-фуқароу анзил ъалайнал-ғойса важъал маа анзалта ланаа қувватан ва балаағон илаа ҳийн. Аллоҳумма иннаа настағфирука иннака кунта ғоффаароо, фа-арсилис-самааьа ъалайнаа мидроороо».

Ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намоз учун ўз масканларидан четроққа уч кун кетма-кет чиқиш мустаҳабдир. У ерга аҳли зиммийлар (яъни Ислом юртида яшаш эвазига товон тўловчи бошқа дин вакиллари) олиб чиқилмайди. Ҳар кун чиқишдан олдин мусулмонлар тавбаларини янгилаб, зулмларига тавба қилиб, бева-бечораларга садақа қилишлари ҳам мустаҳаб амаллардандир. Ҳар бир мусулмон ер юзидаги барча мусулмон биродарлари ҳаққига истиғфор айтади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг
«Мўминнинг меърожи» — муфассал намоз китоби»дан

www.islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг