Янгиликлар

Мадина «Дунёнинг энг соғлом шаҳри» деб топилди

Мадинаи Мунаввара Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан «Дунёнинг энг соғлом шаҳри» сифатида халқаро эътирофга сазовор бўлди. Бу ҳақда theislamicinformation.com сайти хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Соғлом шаҳар» аккредитациясини иккинчи маротаба қўлга киритган Мадинаи Мунаввара Яқин Шарқдаги энг йирик шаҳарга айланди.

Сертификат унвони пайшанба куни бўлиб ўтган маросимда Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Фаҳад ал-Жалажел томонидан вилоят ҳокими шаҳзода Салмон бин Султонга топширилди.

«Мазкур эътироф Саудия Арабистонининг шаҳарларни яшаш учун янада қулай ва соғлом масканга айлантириш борасида жиддий ҳаракат олиб бораётганини кўрсатади. Бу эса 2030 йил стратегияси режасининг асосий мақсадларидан биридир», дея таъкидлайди шаҳзода Салмон бин Султон.

Муқаддас шаҳар «Соғлом шаҳар» сифатида эътироф этилиши учун жамоатчилик иштирокидан тортиб, ичимлик суви хавфсизлиги, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва шунга ўхшаш 9 та йўналишдаги 80 та турли хил соғлиққа оид талабларни бажариши керак эди.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти озиқ-овқат хавфсизлигидан тортиб, маҳаллий ҳамжамиятларнинг соғлиқни сақлаш бўйича қарорлар қабул қилишда қай даражада фаол иштирок этишигача бўлган барча жиҳатларни кўриб чиқди.

Мадина шаҳри илк маротаба ушбу унвонни 2019 йил қўлга киритган.

Қиролликда ҳозирда ЖССТ томонидан тасдиқланган 16 та соғлом шаҳарлар бор. Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, Саудия Арабистони бу ташаббусни бутун мамлакат бўйлаб амалга оширмоқда.

Баҳолаш жараёни кичик бизнесларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи ташаббусларни ҳам қамраб олди. Бу эса соғлом шаҳарлар фақатгина яхши тиббий муассасалар билан чекланиб қолмай, балки кенг қамровли ривожланиш орқали яратилишини исботлайди.

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни асраш ва турли идоралар ўртасидаги ҳамкорликка қаратилган инвестицияларини намоён этади. Бу эса жисмоний-руҳий саломатликни қўллаб-қувватловчи шаҳарларни барпо этишга хизмат қилади.

islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг