
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсонни яратиши ҳақида шундай марҳамат қилади:
«Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган музғадан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни гўдак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстиради» (Ҳаж сураси, 5-оят).
Одамнинг табиати қизиқ. Билмай туриб, ўзини яратган Холиқ ҳақида, Унинг мавжудлиги, битта ёки бир нечта экани, қудрати ва бошқа сифатлари ҳақида тортишаверади. Аммо ўзининг қандай пайдо бўлганини ўйлаб ҳам кўрмайди.
Ҳомилани ўрганишда дунёда етакчи ҳисобланган америкалик ва канадалик олимлар бу ҳол билан қизиқиб, Қуръони Каримда ҳомила ҳақида келган оятларни ўрганиб чиқдилар. Хулоса шу бўлдики, ҳомила хусусидаги энг тўғри илм Қуръон илми эканини таъкидладилар, уни илоҳий Китоб деб тан олдилар.
Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор?
Мазкур қонни бирор кишига кўрсатиб, «Келажакда мана шу сенга ўхшаган одам бўлади», – деса, ким ишонади?
Лекин Аллоҳ таоло шуни қилади. Ана ўша ишни қилиб, бир парча алақа қондан одам яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«…сўнгра битган-битмаган музғадан…»
Ҳомила ривожланиб, лахта қон шаклидан бир парча тишланган гўштга ўхшаш ҳолатга ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам.
Энди ўша бир парча тишланган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик.
Ўша гўштдан инсонни яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«…Биз сизга баён қилишимиз учун… яратдик».
Яъни «Сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик».
«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз».
Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради. Хоҳлаганини тушириб юборади.
Демак, ҳомила нутфа, алақа ва тишланган гўшт босқичларидан ўтганидан кейин ҳам унинг ҳали одам бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, онанинг бачадонида қолдиради.
Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Кейин сизларни гўдак ҳолингизда чиқарармиз».
Яъни «Онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз».
Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)».
Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳнинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Бошқа жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бир оз ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади. Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор».
Яъни чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай, ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб, мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг қўлида эмас. Бошқа бирор зотнинг қўлида ҳам эмас.
Фақат ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг қўлида. У Зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, вафот этади. Ана шу нарсага қодир Зот вафот этган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида
www.islom.uz