
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Пайғамбар авлодлари “саййид” дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 3-жуз). Эшон форс, тожик тилларидан олинган бўлиб, “улар” маъносида келади. Айрим ўзбеклар орасида хўжалар – тўралар ҳам дейилади. Саййидлар, хўжалар ва эшонлар пайғамбар авлодлари сифатида қараш одат бўлган.
Охир замон пайғамбари, сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
“Эй одамлар, Албатта сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта, сизнинг отангиз бирдир. Албатта, арабнинг ажамдан фазли йўқ, ажамнинг арабдан фазли йўқ, қизилни қорадан, қорани қизилдан афзаллиги йўқ. Фақатгина тақво ила (Аллоҳ ҳузурида) устунлик бордир”.
Ушбу ҳадисда бутун инсониятнинг Роббиси якка ягона эканлиги, ҳамда уларнинг оталари битта яъни Одам Ато бўлгани айтилмоқда. Одам Ато эса тупроқдан яратилган. Шундай экан кибр-ҳаво, мақтанчоқлик, фахр туйғусига берилмаслик керак. Арабнинг ажамдан афзаллиги йўқ ибораси илоҳий мезонга кўра ҳеч бир шахснинг ва миллатнинг бошқасидан устунлик тарафи йўқ эканлигини англатади. Яъни барчалари бу борада тенгдирлар. Фақатгина афзаллик Аллоҳдан қўрқиш билангина бўлади. Ким Аллоҳдан кўпроқ қўрқса, ўша киши фазилатда ортиқ бўлади. Бундан келиб чиқадики, инсонлар наслу насабда кимнинг авлодлари бўлишларидан қатъий назар Аллоҳ таолодан қўрқишлари, Унинг буюрганларини сўзсиз бажариб, шариатда қайтарилган ишлардан тийилишлари лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати