Янгиликлар

Диний соҳа фахрийлари эҳтиром қилинди

Бугун, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида узоқ йиллар хизмат қилиб динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга
Диний идоранинг миннатдорлик табрикномаси ва ҳадялари улашилди.

Мазкур эътибор ва эҳтиромдан беҳад шод бўлган фахрий уламо ва хизматчи ходимлар ўзлари меҳнат қилган пайтдаги хотиралар, бугунги имкониятлар даври ҳақида тўлқинланиб сўзлаш баробарида хайрли дуо қилиб, эзгу тилакларини билдирдилар.

Таъкидлаш жоизки, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан 2022 йили Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлар кенгаши ташкил этилди. Мазкур хайрли ишдан кўзланган мақсад фахрийларимиз имкониятларидан кенг фойдаланиш билан бир қаторда уларни моддий рағбатлантириш, сиҳатгоҳлар ва муборак умра сафарига имтиёзли юбориш каби ҳар жиҳатдан кўллаб-қувватлаш саналади. Бугунги эзгу тадбир ҳам ана шу хайрли ишларнинг мантиқий давомидир.

Дарҳақиқат, динимизда Ислом йўлида соч-соқоли оқарган кишиларнинг кўплаб фазилатлари баён этилган. Жумладан, буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани”, дея марҳамат қилганлар. Шу маънода диний соҳада хизмат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш,  уларнинг маслаҳат ва дуоларини олиш ҳам савоби улуғ ишлардан ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг