«Йилнинг энг яхши ақоид фани ўқитувчиси» танловининг республика босқичи бошланди
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши Ақоид фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичига старт берилди.
Тадбир анъанага кўра Куръони карим тиловати ва дуои-хайрлар билан бошланди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.
Мазкур кўрик-танловда 3 та олий, 10 та ўрта махсус диний таълим муассасаларидан бир нафардан жами 13 нафар педагог-ўқитувчи иштирок этмоқда. Танлов иштирокчилари 4 та шарт бўйича ўзаро беллашади.
Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказидан тажрибали мутахассислари иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаб бориш учун ҳакамлар ҳайъати жалб қилинган. Шунингдек, Дин ишлари буйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарканд вилояти вакиллиги, Ҳадис илми мактабидан кузатувчилар жалб қилинган.