ҚАБРДА ЁТГАН ИЛОНЛАР
Aбдулҳамид ибн Маҳмуд Муғилий айтади: “Ҳазрати ибн Aббоснинг олдида ўтирган эдим. Бир қавм келди. Aйтишди: “Биз ҳажга чиққан эдик. Зоти Сафох маҳалласида тўхтадик. Бир дўстимиз ўша жойда вафот қилди. Биз уни дафн қилиш учун зарур нарсаларни тайёрладик, кейин унга қабр кавладик. Лаҳадда бир қоп-қора нарса бор эди, яъни илон ётарди. Кейин у ерни қўйиб, бошқа жойни кавладик, у ерда ҳам ўшандай илон ётар эди, у ерни ҳам ташлаб, учинчи жойни кавладик, у ерда лаҳадни тўлдириб илонлар ётар эди, кейин олдингизга келдик”. Ибн Aббос (Aллоҳ иккаллаларидан рози бўлсин) айтди: “Бу ҳол унинг қилган ёмон ишидандир. Боринглар, уни қабрнинг бир томонига кўмаверинглар. Aллоҳга қасамки, агар ернинг ҳамма жойини кавласаларингиз ҳам, ўша илон чиқиб келаверади. Бу гапни унинг қавмига хабар қилинглар”. Сўнгра у кишининг олдидан жўнадик, уни ўша қабрнинг бир томонига дафн қилдик. Уйга қайтгандан кейин унинг бизларда қолган баъзи матолари бор эди, ўшаларни оиласига келтирдик ва хотиннидан сўрадик: “У нима иш қиларди?” Хотини айтди: “У буғдой сотарди, у ҳар куни ўзига етарли миқдордаги овқатликни оларди-да, кейин қора буғдой похолини унинг ўрнига ташлаб, аралаштириб сотарди”.
Фақиҳ раҳималлоҳу айтади: Бу хабар хиёнатлик иш қабр азобига сабаб бўлишига далилдир. Бу ерда тириклар учун ибрат шуки, хиёнатдан тийилмоқлари керакдир. Aйтиладики, албатта, ер ҳар куни беш марта нидо қилади. Биринчи нидоси: “Эй одам фарзанди! Устимда юрасан ва ичимга қайтасан!” Иккинчи нидоси: “Эй одам фарзанди! Устимда хилма-хил нарсаларни ейсан ва ичимда сени қуртлар ейди”. Учинчи нидоси: “Эй одам фарзанди! Устимда кулиб юрасан, ичимда ҳадемай йиғлайсан”. Тўртинчи нидоси: “Эй одам фарзанди! Устимда шоду хурсанд юрасан, яқинда ичимда хафа бўласан”. Бешинчи нидоси: “Эй одам фарзанди! Устимда гуноҳ қиласан, яқинда ичимда азобланасан”.
Абу Лайс Самарқандий
“Танбеҳул ғофилийн”