Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Батаҳқиқ, ким закот ила покланса ва Роббиси исмини зикр қилса, нажотга эришур”. Аъло сураси 14-15-оятлар.
Касир ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди: “Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган”, дедилар”.
Ибн Хузайма ривоят қилган.
Фитр садақасини бериш қандай амал?
Фитр садақасини бериш вожибдир.
Фитр садақасининг вожиб бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбада айтган сўзлари ила собит бўлгандир:
“Ҳар бир балоғатга етган-етмаган ҳур ва қулнинг тарафидан буғдойдан ярим соъ ёки хурмо ва арпадан бир соъ фитр садақасини адо қилинглар”.
Бир соъ – 3.800 гр.
Ярим соъ – 1.900 гр.
Фитр садақасини бериш кимлар зиммасига вожибдир?
Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Шунингдек, мусулмон, нисобга моли етган эркак ўзи ва балоғатга етмаган, нисоб эгаси бўлмаган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Аёл киши, балоғатга етган болалар нисоб эгаси бўлсалар, зиммаларига фитр садақаси
вожиб, нисоб эгаси бўлмасалар, вожиб эмас.
Фитр садақасини бериш яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, кундалик юмушларига керак бўладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли бўлган нарсалардан ортиқча (телевизор, dvd плейрлар, турли хил антенналар, ўйин учун мўлжалланган қурилмалар каби нарсалар ҳам шулар жумласига киради), ўсмаса-да, нисобга етарли мол-мулкка эга бўлган ҳурнинг зиммасига вожиб бўлади.
Уч сидра кийим эгаси бой ҳисобланмайди. Чунки улардан бири, уй кийими, иккинчиси, юмушлар учун, учинчиси, жума ва байрамлар учундир. Тўртинчи кийим эса бойликдир. (“Фатавои Ҳиндия”).
Демак, уч сидра кийимдан ташқари барча кийимлар нисобга қўшилади.
Фитр садақаси беришдаги нисобнинг меъёри қанча?
1. Фақат тилласи ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва сувенирлар каби нарсалари) борларга 85 граммга етса;
2. Фақат кумуши ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва сувенирлар каби нарсалари) борларга 595 граммга етса;
3. Юқоридагилардан бошқа мол-мулки борлар, яъни ҳожати аслийси (яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, кундалик юмушларига керак бўладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли бўлган нарсалар) дан ортиқча мол-мулкнинг қиймати нисобга етса;
4. Озгина тиллоси, кумуши, мол-мулки борлар барчасини қўшганда қиймати нисобга етса;
Фитр садақасида аслий ҳожатидан ташқари мол-мулкнинг нисобга етишида закотдаги каби ўсувчи бўлиши шарт эмас.
Тижорат моли қандай мол бўлмасин, унинг қиймати кумуш ёки тиллонинг нисобига етса, ундан закот вожиб бўлади. Мол эгаси тилло-кумушнинг нисобидан қай бири фақир-мискинларга манфаатли бўлса, фақирларнинг ҳаққини эҳтиётини олиб тижорат молини ўша нисоб билан белгилайди. (“Лубоб”).
Фитр садақаси қачон берилади?
Фитр садақасига қодир бўлганлар молларидан бериладиган фитр садақасини ҳайит намозига чиқишдан аввал ажратишлиги мустаҳаб эканлигига барча уламолар иттифоқ қилганлар. Лекин қанча муддат аввал бериш борасида турли фикрлар айтганлар:
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир-икки йиллигини аввалдан бериб қўйса ҳам адо бўлаверади”, дейдилар.
Ҳанбалий мазҳабидагилар: “Намоздан бир-икки кун аввал”, дейишади..
Шофеъийлар: “Рамазон кирганидан кейин адо қилсалар бўлади”, дейдилар. Лекин ҳайит намозигача адо қилмаган бўлса, зиммасидан соқит бўлмагани боис умрининг охиригача қайсидир кунда бериб қўйса, бўйнидан соқит бўлади.
Шунингдек, бир неча йил фитр садақасини бериш вожиб эканини билмаганлар билганларидан сўнг барча қолдирган йилларига бериб фитр садақаларини адо қилса, бўйинларидан соқит бўлади. Вожиб амални бажарган бўладилар. (“Фатавои Ҳиндия”).