ТАҲАЖЖУД НАМОЗИ ҚАЙСИ ВАҚТДА ЎҚИЛАДИ?
Хуфтон намозини ўқиб, бироз ором олгандан кейин ўқиладиган намоз таҳажжуд намози, дейилади. Таҳажжуд намозини бомдод вақти киргунича ўқиса бўлади. Кечанинг охирги учдан бир қисмида ўқимоқ афзалдир. Чунки, бу муборак вақтни баракали эканлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ يَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ”
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم).
яъни: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: “Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қиламан? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини бераман? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечираман” дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Имом Термизий ривояти).
Таҳажжуд намозининг энг ками 2 ракаат, кўпини чегараси йўқ. Баъзи уламолар саккиз ракаат ўқиса бўлади деганлар.
Таҳажжуд намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Уни икки ёки тўрт ракаатдан ўқиса бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.