ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар. Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг замонларида пайғамбар қилиб юборган.
Дастлаб Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар. Кейинчалик Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳим алайҳиссаломнинг изнлари билан Урдуннинг (Иордания) Садум деган жойига кетдилар.
Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг изни билан улар Ўлик денгиз атрофидаги Садум номли шаҳар ҳамда унинг атрофидаги аҳоли яшайдиган жойларда истиқомат қилдилар ва ўша ер аҳолисига пайғамбар этиб юборилдилар.
Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган Садум шаҳрининг аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало бўлишган эди. Улар баччабозлик билан шуғулланишарди. Лут алайҳиссаломнинг асосий вазифаларидан бири уларни шу қабиҳ ишдан қайтариш бўлди.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:
«…ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига деди: «Сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фаҳш ишни қилмоқдасиз» (28-оят).
Бу фаҳш иш нима экани ҳаммага маълум. Бу қавм жинсий бузуқликка муккасидан кетган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фаҳш ишни очиқ баён этадилар:
«Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва йиғинларингизда мункар иш қиласизми?!» Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади» (29-оят).
Лут қавми бу ишга жуда берилганидан мазкур қабоҳатни тўп-тўп бўлиб олиб, очиқчасига қилишар эди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди.
Бу ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, инсонийлик доирасидан чиқиб кетиш эди. Шу даражада тубанликка етганлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнгламасалар, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди.
Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом ўз қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Хўш, қавм бу даъватга қандай жавоб берди?
«Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади».
Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу бузуқ қавмга ўзларидан чиққан пайғамбар – Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Аксинча, туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарига истеҳзо билан: «Агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишди. Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов бўлди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди. Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйишганди. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлворишдан бошқа чоралари қолмади:
«Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» (30-оят).
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.
Азоб фаришталарининг юборилиши ва жиноятчи қавмнинг ҳалокати
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди.
Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар суратида келган меҳмонлар билан баччабозлик қилиш ниятида у зотнинг уйларига ёпирилиб келган фаҳшбоз қавм уларнинг ўзларига топширилишини талаб қилди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом қавмни бу мақсаддан қайтаришга кўп уриндилар, ҳеч фойда бермади.
Йигитлардан бири ташқарига чиқиб, баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда бузуқ қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва тумтарақай бўлиб, келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди.
Ёш йигитлар ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмонлар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари – мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган кучли фаришталар эди. Улар Лут алайҳиссаломга у зотнинг мустаҳкам паноҳда – Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканларини эслатдилар.
Эътибор ва мулоҳаза билан қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг – субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетишган бўлади.
Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб, чаппасига, яъни ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи билан ер остига кўмилган.
«Ислом тарихи» китобидан