Мақолалар
СЎФИ ОЛЛОЁР
Сўфи Оллоёр (1644, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи — 1724, Денов) — тариқат арбоби ва мутасаввуф шоир. Шайхлар мактаби ва Бухородаги жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган. Ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган, араб ва форс тилларини ўрганган.
Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тариқат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган. Туркий ва форсий тилларида ижод қилган Сўфи Оллоёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасига ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғибт-ашвиқ қилишдан иборат.
У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Мурод ул-орифин» («Орифлар муроди»), «Маҳзан ул-мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавз ун-нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркий тилда яратган. Форсий ва туркийда битилган бошқа шеърлари ҳам мавжуд. «Мевалар мунозараси» номли манзума ҳам унга нисбат берилади.
Сўфи Оллоёрнинг шоҳ асари «Маслак ул-муттақин» бўлиб, 12 минг байт, 135 та катта-кичик бобдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шухрат тутганидан сўнг дўсту яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай бир китоб ёзишни илтимос киладилар. Бунта жавобан у «Маслак ул-муттақин»ни бирмунча қисқартириб, ўзбек тилида назмда битган ва унга «Сабот ул-ожизин» деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асарда тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катга ҳисса кўшган.
Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, «Маслак ул-муттақин» ва «Сабот ул-ожизин» асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. 19-асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан.
Сўфи Оллоёр асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ-тимсоллар кенг шарҳланган.