Қирғизистон марказий масжидига Каъба ёпинчиғи ҳадя қилинди
Туркия Қирғизистоннинг марказий масжидига Кисва – тилла ипли нақшлар билан қора шойидан қилинган Каъба ёпинчиғини совға қилди.
Қирғизистон Республикаси Мусулмонлар диний идорасининг маълум қилишича, Бишкекда тантанали маросим бўлиб ўтди.
Islam.ru хабарига кўра, совға Туркиянинг Қирғизистон Республикаси элчихонаси томонидан берилди.
Тадбирда Қирғизистон Республикаси муфтийсининг вазифасини бажарувчи Жоробай ажи Шерғозиев, Туркиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Аҳмад Содиқ Доган, Туркиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси диний маслаҳатчиси Нурсел Ўзтурк, совға олиб келган Туркия фуқароси Иброҳим Жетин, Жогорку Кенеш депутатлари ва имомлар иштирок этди.
“Ҳар вақт ўтгач, муқаддас Каъбани қоплаган мато ўзгартирилади. Эски ёпинчиқ эса турли мамлакатларга топширилади. Энди Марказий масжидимизда мусулмонлар ибодатхонасидан бир парча мато сақланади ва уни кўришни истаган ҳар бир кишига тақдим этилади”, – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати