Янгиликлар

Муфтий ҳазратлари Афғонистон делегациясини қабул қилди

Кеча, 18 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши раиси маслаҳатчиси Муҳаммад Муҳсин Донеш жаноблари бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.

Мулоқот давомида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Афғонистон уламоларини ташриф билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритдилар. Ўзбекистон ҳукумати ва халқи Афғонистонда доимо тинчлик бўлиши тарафдори экани ва бу йўлда қўлидан келган барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши, экстремизмга қарши курашда уламоларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш ҳар томонлама манфаатли экани, бундай ишлар бундан кейин ҳам давом этишини таъкидладилар.

Муҳаммад Муҳсин Донеш самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки халқни муштарак илдизлар бирлаштириб туриши, охирги йилларда дўстони алоқалар ривожланиб бораётгани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ушбу ташрифдан мақсад икки давлат уламолари ҳамкорлигини ривожлантириш, экстремизмга қарши кураш ишларида алоқаларни мустаҳкамлаш, диний соҳа ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш эканини қайд этдилар.

Шунингдек, учрашувда Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд сўз олиб, Ўзбекистон замини қадимдан Ислом дини тамаддуни маркази бўлиб келгани, Мовароуннаҳр ва Балх уламоларининг асарлари 200 дан зиёд мамлакатда ўқитилиши, уларнинг илмий мероси тараққиёт учун замин бўлишини таъкидладилар.

Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистонда диний соҳадаги ишлар, хусусан, масжид-мадрасалар фаолияти, илмий марказлар ва ихтисослашган мактаблар ишлари ҳақида эшитиб, жуда ҳам қувонганлари, Ислом динининг мўътадил ғояларини халққа етказилиши ўзининг ижобий самарасини бераётгани, қадимда Ўзбекистон замини Ислом динининг сиймоси, уламолари эса дин пешвоси бўлгани, бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ана шу йўлдан кетаётганини яна бир бор тасдиқладилар.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида муҳокама этилган мавзуларда ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг