МақолаларФиқҳ

АМАЛЛАРНИНГ ҲУКМЛАРИ

1. Фарз. Инкор қилиб бўлмас қатъий далил билан бажарилиши талаб қилинган амал «фарз» дейилади. Беш вақт намоз ўқиш, рўза, закот, ҳаж каби амаллар фарздир. Фарзни бажариш шарт, уни бажарган улкан савобга эришади, бажармаган фосиқ ҳисобланиб, азобланади. Инкор этган эса кофир бўлади. Фарз икки хил бўлади: фарзи айн (ҳар бир мусулмон бажариши шарт) ва фарзи кифоя (бир ёки бир неча кишининг адо этиши билан бошқалардан соқит бўлади). 

2. Вожиб. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши талаб қилинган амал вожибдир. Масалан, витр, ҳайит намозлари кабилар. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Вожибни инкор қилган киши кофир бўлмайди, балки фосиқ бўлади. Вожибни бажарган савоб олади, тарк қилган жазога лойиқ бўлади. 

3. Суннат. Зиммага юкланмаган, лекин бажарилиши талаб қилинган амал суннатдир. Суннатга амал қилиш вожибга амал қилиш каби талаб этилади. Бироқ суннатга амал қилмаган вожибга амал қилмаган каби жазоланмайди, балки қораланади. Мазҳаб уламолари суннатни иккига бўлишган: 

1) Суннати муаккада (таъкидланган суннат) – вожибдан кейинги даражада туради, масалан, жамоат билан намоз ўқиш. Бунга амал қилмаган гуноҳкор бўлади; 

2) Суннати зоида (еб-ичиш, юриш-туриш каби ишларда Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш). 

4. Ҳаром. Инкор қилиб бўлмас қатъий далиллар билан бажарилиши тақиқланган амал ҳаромдир. Масалан, зино, судхўрлик, ўғрилик, ароқхўрлик каби. Ҳаром иш қилган киши охиратда дўзах азобига дучор бўлади, ҳаромни тарк этган эса савобга эришади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади. 

5. Макруҳ. Эътирозга эҳтимоли бор далил билан бажарилиши тақиқланган амал макруҳи таҳримийдир. Масалан, бировнинг совчилиги устига совчи юбориш, эркакларнинг тилла тақиши ва ипак кийим кийиши макруҳи таҳримийдир. Макруҳи таҳримий ҳукми ҳаром ҳукмидадир, фақат уларни инкор этган киши кофир бўлмайди, холос. 

Қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги қилинишидан аъло бўлган амал макруҳи танзиҳийдир. Мушук, йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат олиш бунга мисол бўлади. Улардан сақланганлар савоб олади, қилганларга эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайди. 

6. Мубоҳ. Шариатимиз қилиш ёки қилмасликни одамлар ихтиёрига қўйган ишлар мубоҳдир. Масалан, рамазон ойида кечаси еб-ичиш каби. Буни шариат белгилаган чегарадан чиқмай қилиш мубоҳ саналади. Мубоҳ амалларни қилган ҳам, қилмаган ҳам – баробар, савоб ҳамда гуноҳга эга бўлмайди. Жоиз – луғатда «ижозат берилган, йўл берилган» маъноларини билдиради, мубоҳ тушунчасининг ўхшаши, шариатда рухсат этилган амал ҳисобланади. 

Манба: islom.uz

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг