МақолаларФиқҳ

ХИЗР АЛАЙҲИССАЛОМ КИМ, У ОДАМЛАРГА КЎРИНАДИМИ?

— Баъзилар Хизр бувани кўрдим, дейди. Хизр бува ўзи ким ва ростдан бор-ми? Одамлар кўзига кўринади-ми?

— Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Хизр алайҳиссалом ҳақида қисса келган. Бу қиссани уламоларимиз “Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссаси” деб атайдилар. Чунки Қуръонда Хизр алайҳиссалом “Хизр алайҳиссалом” номи билан аталмаган, балки “солиҳ банда” деб аталган.

“Каҳф” сурасида келган оятларнинг тафсирида Имом Бухорий келтирган ривоятда солиҳ банда “Хазр” деб аталади, биз “Хизр” деб ўрганиб қолганмиз. Ана шундан Ҳизр алайҳиссалом борлиги, Қуръонда “солиҳ банда” номи билан эсга олинганлиги ва саҳиҳ ҳадисларда “Хизр” номи билан танилганликлари, машҳур бўлганликлари келиб чиқади.

“Хизр алайҳиссалом бор, доим бўлади, одамларга кўриниб туради”, деган уламоларимиз ҳам бор. Бу гапни кўпроқ аҳли тасаввуфлар айтишади. Лекин очиқ-ойдин Хизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эканликлари, қиёматгача боқий қолишлари ва одамларга кўриниб туришлари тўғрисида на Қуръонда ва на ҳадислардан далил келтира олмайдилар. Агар мабодо ҳозирги кундаги баъзи бир кишилар далил келтиришаётган бўлса ҳам, у далиллар нотўғри, тўқима ва заиф ҳадислардан олинганлиги маълум.

Ҳар ким Аллоҳ таолонинг Ўзидан ҳожатини сўраб бораверса, яхши бўлади. Хизр алайҳиссаломни кўриб, у кишидан бирор нарса сўраш маъносидан кўра афзали шу. Ибодатларни вақтида адо қилиб, намозларни ихлос билан ўқиб, дуо қабул бўлиш шартларини ўрганиб, Аллоҳнинг Ўзидан сўраш тажрибадан ўтган ҳақиқат ҳамдир. Аллоҳ таоло барчамизнинг ҳожатларимизни раво қилсин!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

muslim.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг