Алишер Навоийни Усмонийлар давлати шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаганлар…
Ўзбек тили Мовароуннаҳрнинг юрагида гуллаб-яшнаган Турк дунёсининг ҳам асосий бойликларидан биридир. Қадимий заминда пайдо бўлиб, юксалган муштарак тамаддун хазиналарини авлоддан-авлодга етказилишини таъминлаган манба – ўзбек тилидир. Бу маданият, адабиёт, илму ирфон тили сифатида Турк ва Ислом оламида алоҳида ўринга эга. Ўрта асрлар зулмати аро, икки марта ренессанс дейиш мумкин бўлган тамаддун ҳамласи билан бутун жаҳонни ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар билан мунаввар қилган олиму уламонинг, ҳокиму ҳукамонинг, шоиру шуаронинг лисонидир бу тил.
Шубҳасиз-ки, бу тилни энг гўзал тарзда қўллаган, сўзларни наққошдек саралаб, беназир мисралар битган шоирларимизнинг бошида Алишер Навоий туради. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Озарбайжонда ҳам, Анадулида ҳам катта завқ ва ҳайрат билан мутолаа қилинган Алишер Навоийни Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаганлар, шеърларига ўн бешинчи асрдан бери турли назиралар битганлар. «Навоий тили» деб аталган чиғатой тили асосида ривожланган ўзбек тили бугун ҳам унда яратилган асарлари билан бутун жозибасини намоён этиб келмоқда.
Муштарак қадрият – туркий тилнинг ифода қудратига, бойлигига ва гўзаллигига юз йиллар олдин эътиборимизни қаратган туркий тилнинг буюк устози Алишер Навоий ҳазратларининг бугун ҳисларимизни акс эттирган, дилларимизни ёритган, йўлларимизга маёқ бўлган мана бу сўзларини эсламаслик мумкин эмас: «Туркий тил ҳақида фикр юритар эканман, она тилимнинг теранликларини ўйласам, кўзларимга ўн саккиз минг оламдан ортиқ бир олам намоён бўлди» деган эди…
Тошкент Давлат Шарқшунослик университети томонидан «Алишер Навоий жаҳон шарқшунослари нигоҳида» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда дунёнинг кучли олимлари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, Анқара университети ректори жаноб Неждет Унувар, Мармара университети ректори жаноб Эрол Ўзвар, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ректори жаноб Юсуф Текин ва Туркиянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр иштирок этди.
“Йиғилишимизнинг сабаби бўлган бу муҳим анжуман иншооллоҳ туркий тилда, туркий шеъриятда байроқ тортиб, бутун турк мамлакатларини якқалам этганлигини таъкидлаган («Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам») туркий адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий Ҳазратларининг руҳларини яна бир марта шод этади деб ўйлайман. Бу анжуманнинг ва бунга ўхшаш тадбирларнинг муштарак бойликларимизни асрашда давом этишимизга, хусусан, ёш авлоднинг ўзбек тилига бўлган меҳрининг дунё миқёсида ортишига ҳисса қўшишига ишонаман. Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан бир неча кун аввал имзоланган қарор билан 2021 йил “Юнус Эмре ва Турк тили йили” деб эълон қилинди. Маълумингизким, Юнус Эмре вафотининг етти юз йиллиги Ўзбекистоннинг ҳам қўллаб-қувватлашлари билан ЮНEСКО нинг 2021 йилда нишонланадиган саналар рўйхатига киритилди. Айни тарзда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йили октябрь ойида имзолаган фармони билан Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг беш юз саксон йиллиги муносабати билан амалга ошириладиган ишларнинг йўл харитасини белгилаб берган эдилар. Президентларимизнинг бундай олийҳиммат ташаббуслари доирасида уларнинг шафеълиги ва шахсий кўрсатмалари билан 2021 йилда умумий меросимизнинг бу икки буюк сиймосининг хотираси учун биргаликда қанча ажойиб лойиҳаларни амалга ошириш ҳаяжони ва фахр туйғуси барчамизга насиб қилсин”, фавқулодда ва мухтор элчи Меҳмет Сурайё Эр ўз нутқида.
Тадбир иштирокчилари туркий адабиётнинг қутб юлдузи Алишер Навоийга бағишлаб мана шундай мукаммал илмий конференциянинг ташкил этилиши боис ўз миннатдорчилигини билдиришди.
Бу каби илмий-амалий анжуман натижаларининг Ўзбекистон ва бутун Турк дунёси учун хайрли бўлишини тилашди.
uza.uz