Қардош халқларнинг ўзаро зиёратини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 22 январь куни Қозоғистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва умра ишлари бўлими бошлиғи Жандулла Бекжигитов ва “Tawaf Travel” ширкати директори Бектемир Исаков Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қабул қилди. Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов, Диний идора ҳузуридаги “Muslim tour” МЧЖ директори Жаҳонгир Саломов ҳам қатнашди.
Ҳомиджон домла Ишматбеков меҳмонларни ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон Диний идоралари яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, икки қардош юрт ўз мустақиллигига қадар битта диний идорада фаолият олиб боргани, ҳозирда икки давлат муфтийлари ўзаро ва хорижий анжуманларда тез-тез учрашиб туришини таъкидлади. Шунингдек, Юртимизда зиёрат туризми бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идорада Зиёрат туризми бўлимлари очилгани, Диний идора ҳузурида “Muslim tour”, Мир Араб Олий мадрасаси ҳузурида “Mir Arab Travel” сайёҳлик фирмалари очилганини қайд этдилар.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси биринчи котиби Ойдин Маннопова қабул учун ташаккур билдириб, меҳмонларнинг ташриф мақсадини айтиб, Ўзбекистондаги зиёрат туризми салоҳияти ва имкониятларини Қозоғистонга намойиш этиш мақсадида инфо тур ташкил этилгани ҳақида маълумот берди.
Жандулла Бекжигитов икки давлат диний идораси ўртасидаги узоқ йиллик мустаҳкам алоқалар ҳақида сўз юритиб, қозоғистонлик кўплаб уламолар Ўзбекистонда таълим олгани ва бу ерда бир қанча қозоғистонлик валийларнинг қабри борлигини таъкидлади.
Шунингдек, Қозоғистонда зиёрат туризми бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, қозоғистонлик зиёратчиларни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига ташрифини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бунинг учун “Tawaf Travel” сайёҳлик фирмаси ҳамкорликка тайёрлигини қайд этди.
Шундан сўнг “Tawaf Travel” сайёҳлик фирмаси раҳбари Бектемир Исаков фирма фаолияти ҳақида тўхталиб, ҳаж ва умра зиёрати тўхтаб қоганидан сўнг муфтий Науризбай Таганули ҳазратлари ички туризмни ривожлантириш бўйича топшириқ бергани, бу бўйича зиёрат одобларига доир Уламолар кенгашининг махсус йўриқномаси ишлаб чиқилганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонга саёҳат ташкил этиш учун барча имкониятлар борлиги, пандемиядан сўнг зиёратларни йўлга қўйишни айтиб, икки ширкат ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашни таклиф этди.
Ҳомиджон домла Ишматбеков зиёрат туризми орқали қардош халқлар ўтган аждодлари тарихи, улар қолдирган мерос билан яқиндан танишиш имкони яратилгани, бунинг учун зиёрат одоблари бўйича тарғиботни кучайтириш ва зиёратчиларга қулай шароит яратиб бериш лозимлигини таъкидлади.
Ҳамидбек Ҳасанов ҳам Ўзбекистонда Зиёрат туризми бўйича қилинаётган ишлар, шароит ва имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, “Muslim Tour” МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Саломов ширкат ва унинг фаолияти хусусида маълумот берди.
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган учрашув самимий руҳда ўтди, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича келишиб олинди. Тадбир якунида меҳмонларга ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати