ПАЙҒАМБАР АВЛОДЛАРИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ
Имом Термизий ҳасан ҳадис деб Зайд ибн Арқам (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳабиби муҳтарам (с.а.в.) бундай марҳамат қилган эдилар: “Шак йўқки, мен сизларга иккита нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (кейингиси) аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавз(и кавсар)га келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга қаранглар!”(14).
Имом Дайламий эса Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилишича, Расули акрам (с.а.в.): “Сизларга авлодимга яхшилик қилишни васият қиламан!” деган эканлар. Уни Имом Ҳоким саҳиҳ деган(15).
Шу маънодаги бошқа бир ривоятни эслаш лозим. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг севимли неваралари Ҳасан (р.а.)дан ривоят қилишича, ул зот ўз хутбаларида бундай деган эканлар: “Мен Аллоҳ таоло уларнинг муҳаббатини ҳар бир мусулмонга фарз қилган аҳли байтдан бўламан!”(16).
Ҳазрати Ҳасан (р.а.)нинг ушбу сўзларига далил қилиб уламоларимиз Қуръони каримнинг Шўро сурасининг 23-оятини кўрсатганлар: “Айтинг, мен сизлардан бу даъватим учун ҳақ сўрамайман, фақат қариндошликдаги дўстлик-яқинликнигина сўрайман!”. Расул (а.с.) Қурайш қабиласидан бўлганлари учун, шу қабила мушрикларидан озор бермасликни сўраганлар; даъватлари эвазига ҳақ сўрамасалар-да, ўзларининг авлод ва зурриётига силаи раҳмда бўлишга чақирганлар. Шайх Абдулазиз Мансурнинг хабар беришича, Имом Табарий ҳам мана шу таъвилни ихтиёр қилган эканлар(17).
Шунинг учун ҳам муҳаддислардан Ибн Адийй ва Ибн ал-Жавзийлар заиф, деб ривоят қилган ҳадиси шарифда кўнглимизни кўтарадиган мана бу башорат мавжуд: “Муҳаммад оиласини бир кун яхши кўриш бир йиллик ибодатдан яхшироқдир!”.
Шунинг учун ҳам уммати Муҳаммадиййанинг энг афзал инсони Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байти борасидаги аҳди ва муҳаббатини муҳофаза қилинг, сақлаб-асранг!”, деб васиййат қилган эдилар.
Мана шундай сабабларга кўра бутун уммати исломиййа саййид ва саййидзодаларни ҳурмат ва иззат қилиб келган. Қадрларини юксак билиб, бениҳоя улуғлаганлар. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг чеваралари Зайн ул-обидийн ҳазратлари буюк саҳобий Ибн Аббос (р.а.)нинг олдиларига кирсалар, ул зот: “Марҳабо, эй ҳабиб ибн ал-ҳабиб!” деб кутиб олишлари нақл қилинган. Бир куни саҳобаларнинг улуғ олимларидан бири Зайд ибн Собит (р.а.) қайсидир жаноза намозида қатнашиб, яқинида турган хачирга чиқмоқчи бўлганларида Ибн Аббос (р.а.) ҳазратлари узангисини тутдилар. Зайд ибн Собит (р.а.) “Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччаси, қўйинг, қўйинг…” дедилар. Шунда Ибн Аббос (р.а.): “Уламо ва кубароларга шундоқ муносабатда бўлишликка буюрилганмиз”, дедилар. Зайд ибн Собит (р.а.) бўлса, Ибн Аббос (р.а.)нинг қўлларидан ўпдилар ва юзларига суртдилар-да, “Биз Пайғамбаримиз аҳли байтига мана шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз”, дедилар.
Тобиъийнлардан бири ҳикоя қилади: “Абу Бакр, Умар ва Али разийаллоҳу анҳумлар бизнинг олдимизга бирор ҳожат билан келсалар, Расули акрам (с.а.в.)га қариндошлиги борлиги учун аввал Ҳазрати Али (к.в.)нинг ҳожатларини битказиб жўнатар эдик”.
Буюк соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда икки аллома – Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний илмий фаолият олиб боргани маълум. Бу икки аллома ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар жуда машҳур бўлиб, тарихий манбаларда батафсил ўз аксини топган. Ана шундай баҳслар Амир Темур саройида ўтказиб турилган. Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний мунозарада тенг бўлиб қолганида, соҳибқирон Амир Темур: “Саййид Шариф Журжонийнинг саййидлиги туфайли баҳсда ғолиб бўлди, деб эълон қилиниши мақсадга мувофиқ” дегани ва Саййд Шариф Журжонийнинг ёнини олгани ҳам тарих китобларида муҳрланган. Бу нарса Марказий Осиё халқлари ва султону хонлари ҳам саййидларни ниҳоятда ҳурмат қилиши, қадрлашини кўрсатувчи далилдир.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кимки аҳли байтга адоват қилса, у мунофиқдир” деган ҳукм ўқилган. Лекин шундай бўлса ҳам, баъзи бировлар уларни ҳурмат қилишда, уларни севиб-ардоқлашда ҳаддан ошадилар, исломий доира чизиғидан чиқадилар. Буларга шиъа ва рофизийлар тоифаларини киритишимиз мумкин бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг чеваралари Зайн ул-обидийн ҳазратлари бу борада жуда чиройли гап айтганлар: “Эй одамлар, бизни исломий муҳаббат доирасида севингиз. Сизнинг севгингиз бизга ор бўлиб қолмасин!”. Ҳазрати Алининг невараси Ҳасан (Ҳасан деган ўғлининг ўғли) бундай деган эканлар: “Бизни Аллоҳ учун яхши кўринг. Агар биз Аллоҳга осий бўлсак, бизга ғазаб қилинг. Бизга ҳақни, ҳақиқатни айтинг. Тушинтиринг, ўргатинг. Сиз истаётган нарсанинг энг яхшиси мана шу! Биз рози бўладиган нарса ҳам мана шу!”.
Пайғамбаримиз (а.с.)нинг авлодлари агар бирорта ношаръий иш қилаётган бўлсалар, уларни насаблари эътиборидан ҳурмат қилган ҳолда, яхшилик билан тушунтирилади, қилмишининг ношаръий эканлиги айтилади. Умуман, бу амри маъруф ва наҳий мункар қилишнинг энг улуғ одоб ва шартларидандир. Бу ҳақда ажиб бир ҳикоят мавжуд.
Тақийуддин ал-Мақризий ҳикоя қилади. Ёқуб ал-Мағрибий унга бундай деган экан: Ул зот Мадинаи мунавварада 817 ҳижрий йилнинг Ражаб ойида Шайх, Обид Муҳаммад ал-Форисий иккалови Равзаи мутаҳҳарада ўтирганларида айтиб берган экан: Мен Ҳусайн (р.а.) авлодларидан бўлган Мадина шаҳри шариф (саййид)ларини Рофизий бўлганликлари сабабидан ёмон кўрар эдим. Ухлаб ётганимда Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қабри шарифлари тарафидан намоён бўлганларини кўрдим. Ул зоти шариф: “Эй фалон!” деб исмим билан чақирдилар ва дедилар: “Нима учун авлодимни ёмон кўрасан?”. Мен дедим: “Аллоҳ асрасин. Ёмон кўрарканманми?!” Улар аҳли суннатга бўйсинмаганликларини кўрганим учун ёмон кўраман, холос”. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) шунда мендан фиқҳий масъала сўрадилар: “Ота-онасига оқ бўлган фарзанд насабга кирадими? Улар мерос ола биладиларми?”. Мен: “Ҳа, эй Расулуллоҳ! Оқ бўлган фарзанд насабга киради”, дедим. Жаноби Расулуллоҳ: “Булар менинг оқ бўлган фарзандларим”, дедилар. Мен уйғониб кетдим. Шундан сўнг Ҳасан ва Ҳусайн авлодидан кимни учратсам, уни ғоят икром ва эъзоз қиладиган бўлдим”.
Шу боисдан Имом Фахриддин Розий ўзининг “ат-Ташриҳ” асарида бундай дейди: “Уламолар иттифоқ қилишганки, алавийнинг (Пайғамбар авлодининг) шарафи гуноҳ ва исённи такрор қилишлиги билан зоил бўлмайди. Чунки, унинг шарафи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафидандир. Бошқа кимсаларнинг шарафи эса наҳий ишларни қилишлиги билан йўқ бўлиб кетади”.
Юқоридаги ҳикоятдан Пайғамбаримиз авлодлари қилмиши ёки эътиқоди жиҳатидан эмас, асосан, насаби, яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга авлод бўлганлиги сабабидан ҳурмат қилиниши лозим ва лобуд эканлиги билинмоқда.
Имом Табароний ривоят қилишича: “Кимки Абдулмутталиб фарзандларидан бировига қўйнинг қўлини тайёрлаб меҳмондорчилик-зиёфат қилиб берса, унга дунёда мукофот берилмайди. Унинг мукофоти эртага, мен билан учрашганда бўлади”. Бошқа бир заиф санад билан келган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Қиёматда тўрт кимса менинг шафоатимга мушарраф бўлур: зурриётимни икром қилувчи; уларнинг ҳожатларини битказиб берувчи; улар изтиробга тушиб қолганда, ишларини битказишга ҳаракат қилгувчи; қалби ва тили билан уларни севувчи”.
Шунинг учун асрлар давомида Пайғамбар авлодларини мадҳ қиладиган асарлар, қасидалар битилган. Уларни улуғлаб ёзилган ашъорлар халқ орасида машҳур бўлган. Абдураҳмон Жомий Имом Зайн ул-обидийн ҳақида “Силсилат уз-заҳаб” асарида 32 байтлик маснавий ёзиб қолдирган. Баҳоуддин Нақшбанднинг бош халифаси Хожа Муҳаммад Порсо эса ўзининг “Фасл ул-хитоб” асарини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлмиш 12 имом ҳақидаги тазкиралар, мадҳлар билан зийнатлаган. Агар мазкур асарда 12 имомни кўкларга кўтарадиган шиалар ёмонланмаганда эди, у асар шиалар орасида энг мўътабар ва машҳур асар бўлиб қоларди. Шунингдек, Муҳаддис Абдулҳақ Деҳлавий ҳам 12 имом ҳақида рисола битган.