Мақолалар

ТАКФИР – МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛУВЧИ ТАҲДИДДИР!

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Ушбу хатарли ҳодиса динда чуқур ғулувга берилиб, мутаассиблик ва ботил ақидаларга эргашиш оқибатида вужудга келмоқда. Таъкидлаш жоизки, куни кеча Суриянинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтарилган 25 нафар аёллар ва 73 нафар болаларни Ватандан йироқда хору-сарсон бўлишларига сабабчи бўлган шахсларнинг йўлдан адаштирган ғоялар замирида бузғунчи такфирчилик ётади.

Такфир арабчада “куфр” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “кофирга чиқариш”ни англатади. Истилоҳда дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади. Ўз навбатида, Қуръони Каримда “куфр” сўзи “кофирлик”, айрим жойларида эса “ношукурлик” маъноларида келган.

Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади.

Мазкур ҳолатни таъкидлаб, 2019 йил 15-16-октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган “Фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” мавзусидаги конференцияда сўзга чиққан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом шундай деди: “Такфир масаласи шу даражада кенг авж олиб кетдики, алалоқибат Аллоҳ таоло ҳаром қилган ноҳақ қон тўкилишигача бориб етди. Ундай кучларнинг қадами қаерга етмасин, ўша ерда фитна тарқалди. … Фиқҳий ихтилофни бошқаришдаги қолоқ ва қотиб қолган бундай ҳаракатлар бизларнинг юртимиз ва халқларимизга яхшиликни истамайдиган баъзи бир давлатлар ва кучларнинг режасига жуда мос келди. Оқибатда, ана шундай қолоқликдан динимизга, халқимизга ва тинчлигимизга раҳна соладиган хатарлар пайдо бўлди. Ҳозирги кунда уламолар ва фуқаҳоларнинг зиммасида ана шундай бузғунчи фикрларга қарши туриш масъулияти бордир”.

Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: Пайғамбар (с.а.в.): “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асаридаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Ҳанафийлик мазҳабида имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш (шаҳодат калимаси), қалб билан тасдиқлаш ҳисобланади. Ислом таълимотига кўра, гуноҳ содир этган одам, агар қилган ишини ҳалол деб ҳисобламаса, у кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳи акбар” асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад (с.а.в.) келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган.

Дунё уламолари бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкин эканини ҳақида огоҳлантирадилар. Чунки исломда кофир бўлишлик билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуш ўртоғи орасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлганда дўзахи ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар.

Машҳур ислом олими Имом Ғаззолий “Ал-Иқтисод фил эътиқод” (Ақидада мўтадиллик) асарида шундай ёзган: “Шаҳодат калимасини айтадиган ва қиблага юзланадиган мусулмонларни кофирга чиқариш бу катта хатодир. Мингта куфрда айблашга лойиқ бўлган кишиларни кофирга чиқармай хато қилиш – битта мусулмоннинг қонини ноҳақ ҳукм билан ҳалол қилишдан енгилдир”.

Машҳур ҳанафий аллома, “Ал-баҳрур роиқ” номли асар муаллифи Ибн Нужайм таъкидлаган: “Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”.

Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш шариатга зид эканини ҳам таъкидлайдилар. Мисол учун, “фалон киши кофир” деган фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида шариатга кўра, якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, ўзига тан олдириш лозим ҳисобланади.

Жумҳур уламоларимиз мусулмонни кофирга чиқариш ортидан келиб чиқадиган юқоридаги каби кўплаб фитналар борлиги сабабидан ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтариб келганлар. Ҳозирги кунда имом-хатибларимиз ҳам шаръий қоидага кўра ўта ишончли нарса шубҳали нарса билан кетказилмаслиги, мусулмон одамни кофирга чиқариш хатарли ва нозик масала ҳисобланиши, бу ишга сўз, амал ва эътиқодга қараб ҳукм чиқара олиш даражасида олим бўлмаган одамлар асло жазм қилмасликлари зарур эканини такрор-такрор таъкидлаб келмоқдалар.

Афсуски, айрим ёшларимиз насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавми-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб, беқарор ҳудудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини “Меҳр” операциялари доирасида Ватанимизга қутқариб олиб келинган ожизалар ва гўдакларнинг кўз ёшлари ва аччиқ қисматида кўришимиз мумкин.

Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

 

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Манбалар:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2 китоб. 2-китоб. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 382 б.
  2. Ақоид матнлари. А. Мансуров таржимаси. – Т.: Тошкент ислом университети, 2006. – 25, 35 б.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: “Hilol-Nashr”, 2019. – 113-114 б.
  4. Ислом. Энциклопедия: А-Ҳ. / Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – 446-447 б.
  5. Имом Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. – Байрут: Дорул фикр нашриёти. 1-жуз, 2532-ҳадис. – 462 б.
  6. Абу Ҳомид Ғаззолий. “Ал-Иқтисод фил эътиқод” (Ақидада мўътадиллик). – Миср: Матбаа Ал-Адабийя. Биринчи нашр. – 157 б.
  7. Ҳ.Ишматбеков, “Замонамиз уламолари экстремизмга қарши”. “Фитрат.уз” сайти, 21 ноябрь 2019 йил, fitrat.uz/zamonamiz-ulamolari-ekstremizmga-arshi/
  8. Ислом маърифати: аслият ва талқин./Ўқув қўлланма/.– Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2011. – 91-96 б.
Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг