Мақолалар

ИНСОНГА БЕРИЛГАН ЭНГ ЯХШИ НАРСА

Уламолар одобсизлик иллатидан халос бўлиб, одобли инсонга айланиш йўлини иккига ажратганлар:

1. Одобларни назарий жиҳатдан ўрганиш;

2. Ўрганилган одобларни ҳаётга татбиқ қилиш.

Демак, дастлаб ҳақиқий одоб нима экани илмий равишда ўрганилади, сўнгра ўрганилган одоблар тақозосига кўра ҳаёт кечирилади.

Одоб сўзи луғатда «чиройли бўлиш», «ярашиқли бўлиш» деган маъноларга тўғри келади. Одобнинг истилоҳий маъноси тўғрисида Аллома Али ибн Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзган: «Хатонинг барча турларидан сақланадиган нарсани англаш одобдир».

Аллома Журжонийнинг ушбу таърифи назарий одобга берилган таъриф ҳисобланади. Амалий одоб деганда эса мазкур назарий одоб тақозосига кўра амал қилиш тушунилади.

Одобли бўлишга ҳаракат қилиш ва одобсизликдан сақланиш масаласи ҳар бир давр ва ҳар бир жамиятда мусулмонлар орасида доимо муҳим масала бўлиб келган. Бунга қуйидаги ривоятлар ёрқин далилдир:

Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ўттиз йил одоб ўргандим, йигирма йил илм ўргандим. Олдингилар аввал одобни, сўнгра илмни ўрганар эдилар», деган.

Ҳабиб Жаллоб айтади:

«Ибн Муборакдан: «Инсонга берилган энг яхши нарса нима?» – деб сўрадим.

У: «Туғма ақл», деди.

Мен: «Агар у бўлмаса-чи?» дедим.

У: «Гўзал одоб», деди.

Мен: «Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим.

У: «Маслаҳатгўй, меҳрибон дўст», деди.

Мен: «Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим.

У: «Сукут сақлаш», деди.

Мен: «Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим.

У: «Тез етадиган ўлим», деди.

Ҳа, одоб инсонга ақл неъматидан кейин ато этилган энг улуғ неъмат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам машойихлардан «Одоб кишининг улуғ мартабаларга эришишига сабаб бўлганидек, одобсизлик турли балоларга йўлиқишга сабаб бўлади», деган маънодаги ҳикматли сўзлар нақл қилинган.

Имом Заҳабий ривоят қилади: «Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларига беш минглаб одамлар йиғилишар эди. Уларнинг орасидан беш юзтаси (ҳадисни) ёзар эди. Қолганлари эса у зотнинг хулқи ва одобларини ўрганишарди».

Шунинг учун ҳам динимизда одоб-ахлоқлар батафсил баён қилиб қўйилган бўлиб, уларга риоя қилганлар дунёда саодатманд бўлишлари, охиратда ҳам улкан ютуқларга эришишларининг хабари берилган.

Аслида мўминлар зиммасига юклатилган фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларни адо этишдан Яратган Зотга итоат этиш ҳамда У Зот юборган элчига эҳтиром кўрсатиш назарда тутилган. Бир сўз билан айтганда, кимки кунини, кечасини, уйқусини, уйғонишини, бетоблигини, соғломлигини, қўйингки, бутун ҳаётини Аллоҳнинг элчиси бўлган зотга эргашиб ўтказаётган бўлса, у Ислом дини одобларига риоя қилиб яшаётган бўлади. Зеро, Қуръони Каримда мўминлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзлари учун намуна қилиб олишлари лозимлиги ҳақида шундай дейилган: «Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир».

“Ислом одоблари энциклопедияси”дан олинди.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг