МақолаларФиқҳ

КРИПТАВАЛЬЮТАЛАР ОРҚАЛИ ТОПИЛГАН ПУЛЛАР ҲАЛОЛМИ?

523-CАВОЛ: Криптавальюта, Биткоин, Ватсмайнер, Майнер ортидан топилган пуллар ҳалолми?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сўнгги пайтларда “биткоин” деб аталадиган электрон пуллар, яъни, криптовальюталар пайдо бўлди. Уларни доллар, евро каби бошқа вальюталар билан таққослаш мумкин бўлсада, улар ўртасида айрим фарқлар бор. Энг асосийси ушбу пуллар электрон пуллар бўлиб, фақат интернет тармоғидагина айланади ва ҳақиқий вужудга эга эмас.
Биткоинлар орқали тармоқ фойдаланувчилари ўртасида молиявий муомалалар, электрон имзолар юритилиб, унда шахслар орасида ҳеч қандай ушбу муомалаларни тартибга солувчиларсиз, тўғридан-тўғри шифрлаш орқали амалга оширилади. Бунда валюта бир фойдаланувчининг ҳисобидан бошқа фойдаланувчининг ҳисобига бирданига, ҳеч қандай тўлов хизматларисиз, ҳатто банк ва унга ўхшаш воситачиларсиз ўтади.
Бу хизматлар бутун дунё бўйлаб мавжуд бўлиб, ҳар хил шарт ва талаблардан холи ҳамда ҳеч қандай тўсиқларга йўлиқмайди. Қачон пулга эга бўлинса, уни электрон ҳамёнда сақлаб қўйилади. Кейин уларни турли интернет харидларига ишлатиш мумкин. Доллар, евро каби валюталарга айирбошлаш ҳам мумкин. Бунда биткоинларга эга бўлган фойдаланувчи уларни сотиб олмоқчи бўлган ҳақиқий валютаси бор бошқа биткоин олишни истовчи фойдаланувчи билан битим тузади. Битим ўзаро келишув асосида тузилади. Демак, келишув нархини фойдаланувчилар белгилашади. Шунинг учун биткоинларнинг нархи худди ҳақиқий валюта каби бозорга боғлиқ равишда ўзгариб туради.
Биткоинлар анъанавий валюталардан фарқли равишда олтин ёки кумуш каби қимматбаҳо металлардан таянчи бўлмайди. Балки уларни фойдаланувчиларнинг ўзлари ишлаб чиқаришади. “Фойдаланувчи” деганда интернет тармоғига уланган компьютерга эга бўлиб, биткоин билан муомала қилиш истагида бўлган шахс тушунилади. Бу иш компьютерга махсус иловани юклаб олингандан сўнг секин-аста криптовальюталар чиқаришни (mining) бошлаш орқали йўлга қўйилади. Ушбу жараённи ишлатиш воситасида фойдаланувчи маълум миқдордаги биткоин электрон пулларга эга бўлади. Бу пуллар унга компьютерига ўрнатилган илованинг ҳисоб имкониятларини янги валюта ишлаб чиқаришда фойдалана олиши натижасида келади.
Шундай қилиб ҳар бир фойдаланувчи қошида муайян миқдордаги криптовальюталар туғилади. Уларни фойдаланувчилар ўртасида маълум алгоритм асосида тақсимланадики, бунда бозорда мавжуд биткоин валюталарининг умумий қиймати 21 миллион биткоиндан ортиб кетмаслиги керак. Шунингдек, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган компьютер эгаларига валюталардан жиҳозларининг ишлаб чиқариш лимитига мос равишда кўпроқ тегади.
Бу йўл билан мол орттириш, яъни, майнерлик ортидан пул топиш масаласига келсак, “васила (яъни, бир мақсадга олиб борувчи нарса)га мақсаднинг ҳукми берилади”, деган фиқҳий қоидага биноан, унинг ҳукми биткоинларни ишлатиш ҳукмидан келиб чиқади. Биткоинлар борасидаги ҳозирги замон уламоларининг фикрларига қаралса, Миср Араб Республикасидаги “Дорул-ифто” (фатво уйи)нинг фикрига кўра Биткоин ҳаромдир. Чунки мазкур пуллар ҳақиқий асосга эга бўлмаган виртуал пуллар бўлишлиги билан бирга шахслар ва ҳаттоки давлатлар миқёсидаги хатарлардан холи эмасдир.
Саудия Арабистонидаги “Ҳайъати киборил-уламо” (Катта уламолар ҳайъати)га кўра ҳам мазкур валюталар билан муомала қилиш ҳаром. Чунки Исломда ҳаром қилинган қимор ва турли хатарга асосланган ўйинлардаги алданиш даражаси биткоинлар билан муомала қилишдаги хатардан кам.
Юқоридагилардан бугунги кунда олимларимиз томонидан биткоинлар билан муомала борасида рухсат йўқлиги маълум бўлмоқда. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг