ХУШХАБАР: САМАРҚАНДДАГИ ЯНГИ ЭНГ КАТТА МАСЖИД ОЧИЛМОҚДА
Ургут туманида Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид қуриб, битказилди, деб хабар беради «Azon.uz». Мустақиллик байрами арафасида очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Масжид хонақоҳида бир пайтнинг ўзида 7500 нафар киши намоз ўқиши мумкин. Масжид ҳовлиси ҳам катта бўлиб, хонақоҳ билан қўшиб ҳисоблаганда 10 мингдан зиёд киши намоз ўқиши тахмин қилинмоқда.
Ушбу масжидга Шайх Қутбиддинхон эшон номи қўйилиши мумкин.
Қутбиддин Муҳиддинов – Эшони Шайх ҳазратлари 1906 йил Ургут шаҳрида Муҳиддинхон Валихон ўғли хонадонида дунёга келиб, 1983 йилда вафот этган.
«Араб, форсий ва туркий тилларни, адабиётни чуқур билганиданми, Шайх Қутбиддинхоннинг атрофи ҳамиша толиби илмлар билан гавжум эди. Ҳазрат ниҳоятда ҳалим ва бағрикенг инсон эди. Хоҳ Қуръони мажид тафсири, хоҳ ҳадиси шариф шарҳи, араб, форс ва туркий тиллар тарихи бўладими, хоҳ Абдулқодир Бедил ёки Алишер Навоий шеърияти билан боғлиқ бўладими, ҳар қандай масала юзасидан ҳазратга ким мурожаат қилмасин, батафсил жавоб эшитар, шайх Қутбиддинхонга чинакам ихлосманд бўлиб, ширин суҳбатларида бўлишни ҳамиша орзу қилар эди», — деб ёзади домланинг шогирдларидан марҳум академик Ботурхон Валихўжаев.