Ислом тарихиМақолалар
ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЭНГ БУЮК НОТИҚ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли гапирар, сўзламоқчи бўлган фикрларини тушунарли баён қилиб берар, сўзларини қувватлаш учун келтирган ҳужжатлари ўта кучли бўлар эди. Бу борада у Зот энг юқори мартабаларни забт этган эдилар. Шунингдек, у Зотга чуқур ва кенг маъноли қисқа сўзларни ишлатиш қобилияти ато қилинган бўлиб, бундай сўзлар «Жавомиъ ал-калим», деб номланади. Сўзимизни қуйидаги ҳадислар қўллаб қувватлайди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ёш боланинг олдига бориб: «Эй Абу Умайр, нуғайр нима қилди?» дедилар. Араб тилида «Нуғайр» сўзи «Нуғр» сўзининг кичрайтирма шакли бўлиб, «кичкина қушча» деган маънони ифодалайди. Уламолар мана шу бир нечта сўздангина тузилган гапдан олтмишдан зиёд турли фойдали маъноларни чиқариб олганлар! Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Амаллар ниятларга боғлиқ. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади», деган ҳадислари борасида мусулмон пешво уламоларининг бири Имом Шофеъий: «Бу ҳадис бор илмнинг учдан бири ва фиқҳнинг етмишта мавзусига тааллуқлидир», деганлар. Имом Аҳмад: «Исломнинг устуни уч ҳадисдир: «Амаллар ниятларга боғлиқ…», «Ким бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у радд қилинади» ва «Ҳалол очиқ ва равшан, ҳаром очиқ ва равшан…» ҳадисларидир», деганлар. Бошқа баъзи олимлар «Ўзига тегишли бўлмаган нарсаларга берилишни тарк қилиш кишининг мусулмончилиги гўзал эканига далил» ва «Дунёдан зуҳд қил, сени Аллоҳ суяди! Инсонлар қўлидаги нарсадан зуҳд қил, сени инсонлар суяди!» ҳадисларини ҳам қўшганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил, тушуниш осон бўлган сўзлар ва эшитувчининг қулоғига ўрнашиб қоладиган ибораларни ишлатиб сўзлар эдилар. Инсонлар у Зотнинг сўзларидан кўра манфаатли, тўғри ва рост сўзни бошқа ҳеч кимдан эшитмаганлар. Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларнинг ҳозирги кундаги гапиришингизга ўхшаб гапирмас эдилар. У Зот гапирсалар дона-дона ва тушунарли қилиб гапирар эдилар. Бирор киши у Зотнинг сўзларини санамоқчи бўлса, бемалол санай оларди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фасоҳат-у балоғатли сўзлари ва ўткир ҳикматларидан намуналар:
- Сени шубҳага солиб турган нарсани тарк қилиб, шубҳага солмаган нарсани олгин! Чунки тўғрилик хотиржамлик, ёлғон эса шубҳадир!
- Дин насиҳатдир!
- Зарар бериш ҳам, (зарар берган кишига) зарарни қайтариш ҳам йўқ!
- Яхшиликка далолат қилувчи ўша амални бажарувчи кабидир!
- Ким жим турса, нажот топади!
- Ҳақиқий мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўли(нинг ёмонлиги)дан саломат бўлган кишидир!
- Зулм қиёмат кунининг зулматларидир!
- Омонатли бўлмаган кишининг иймони йўқ, аҳдига вафо қилмаган кишининг дини йўқ!
- Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади! Ер аҳлига раҳм қилинг! Осмондаги Зот сизга раҳм қилади!
- Билаги бақувват ҳақиқий кучли эмас, ҳақиқий кучли киши ғазаби чиққан вақтда ўзини тута олган кишидир!
- Аёллар эркакларнинг туғишганларидир!
- Ҳар бир Одам фарзанди хато қилувчидир! Хато қилувчиларнинг энг яхшиси тавба қилувчиларидир!
- Қўшниси оч эканини била туриб ўзи тўқ ҳолда тунни ўтказган киши менга иймон келтирмабди!
- Инсонлар Одамнинг фарзанди, Одам эса тупроқдан яралган!
- Мунофиқликнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса вафо қилмайди ва омонат қўйилса хиёнат қилади. Бундайлар рўза тутса ҳам, намоз ўқиб ўзини мусулмонман, деб ҳисобласа ҳам, мунофиқ бўлаверади!
siyrat.uz