ДИН УЛАМОЛАРИНИ БЕОБРЎ ҚИЛИШ, ТАЪНА ОТИШ ҲАРОМ
Қурбон ҳайити муносабати билан Президентимизнинг топшириқларига биноан, давлат бюджетидан “Вақф” хайрия фондига 150 млрд сўм маблағ диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилди. Бундан масжид имомлари, ноиблари, Ислом билим юртлари мударрислари, ходимлари моддий рағбатлантирилди. Бундай савобли ишдан бутун диний соҳа ходимлари хурсанд бўлиб президентимиз ҳақларига, ватанимизни янада фаравон бўлишини Яратгандан сўраб дуои хайрлар қилмоқдалар. Имом хатибларимиз масжидга тушадиган хайриялар ҳисобига ойлик маошлари олиб келишган. Айрим чекка ҳудулардаги масжидларда даромад йўқлиги сабаб ойлик маош ҳам олмасдан ишлаётган имом-хатибларимиз мавжуд эди. Уларнинг дилларига бугун кирган сурур қалбларига сиғмаяпти.
Мўмин киши бир мўмин биродарига етган яхшиликдан хурсанд бўлиши, унга етган қийинчиликдан хафа бўлиши лозим. Аммо бундай етган яхшиликларни кўра олмайдиган ғаламис кимсалар ҳам афсуски мавжуд экан. Улар бу кўрсатилган моддий ёрдамга хурсанд бўлиш ўрнига, турли туҳмат ва иғво гапларни ижтимоий тармоқларда тарқатишди. Ушбу қабилдаги одамлар кундалик иғвогарлик билан машғул бўлиб қолишган. Буни гўё ўзларига диний аҳкомлардай қилиб қарашадиган бўлиб қолишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган, ёки одамлар ўз холига ташлаб қўйган кишидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмонга мусулмоннинг номуси моли ва қони харомдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини хақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” (Имом Термизий ривояти).
Фузайл ибн Иёз рахимаҳуллоҳ айтади: “Мўмин киши насихат қилади яширади. Фожир эса айблайди ва ошкор қилади”. Ушбу мезонларга солиб кўрганда ўзларини тақводор қилиб кўрсатиб бошқаларга таъна отадиганларнинг қилмишлари набавий кўрсатмаларга хамда салафлар ўгитларига зид экани яққол намоён бўлади. Улар иғвогарликни даъват қилиб, айрим ақидаси мустаҳкам бўлмаган ёшларни мана шу нарсаларни гўё уларга дин сифатида тарғиб этишмоқда. Кундалик таънакорлик уларга одатий ҳолга айланиб қолмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дин насиҳатдир”, деганлар. Насиҳат қилувчи одам холис насиҳат қилиши, бир мўмин биродарини камчилиги бўлса, ўзига танҳо тушунтириши мусулмон ахлоқидандир. Уламолар насиҳат қилувчи беш нарсага риоя этиши керак дейдилар:
Аввало, насиҳат қилишда холис ниятли бўлиши керак;
Насиҳат қилишга лойиқ илми ва илмига амал қилган бўлиши керак;
Мулойимлик ва меҳрибонлик билан тушунтириши керак;
Ошкора ва шарманда қилмаслик керак;
Насиҳат қиладиган муносиб вақт ва маконни танлаш керак;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз амаллардан кейин амалларни афзали мўмин кишининг қалбига сурур киргизишдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятдаги ҳумаза – ғийбат қилувчи, лумаза – эса одамларни айбловчи киши эканини айтганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши таъначи ҳам, лаънат айтувчи ҳам, фоҳишабоз ҳам, уятсиз ҳам бўлмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Ўз фазли ила берган чексиз неъматларига шукр этишимизга тавфиқ ато этсин. Ҳар бир ҳолатимизга Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Д.Абдуқадиров,
“Имом Фаҳриддин ар–Розий” ўрта махсус Ислом билим юрти мудири.