Мақолалар

ФАРЗАНД ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИ

Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбия­си, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва бошқалар.

1. Бадан тарбиясига болани жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, тозалик ва покликка ўргатиш (замона тили билан айтганда – санитария­гигиена), спорт ва бадантарбия машқларига кўниктириш кабилар киради. Боласининг соғлом бўлишини орзу қилган ота-оналар улар билан кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишлари, сузиш, чавандозлик, кураш ўйинлари, мерганлик каби машғулотларга сафарбар қилишлари лозим.

2. Руҳий тарбия вазифаси боланинг мақсади, эътиқоди, диёнати, имонини шакллантириш, унинг чин инсоний фазилатларини камол топтириш; ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан болаларда ҳақиқатни кўра билиш, жасурлик, матонат каби хислатларни шакллантириш, аксинча, дийдаси қаттиқ болаларнинг қалбини юмшатадиган омиллар ёрдамида уларни майин ҳиссиётли қилиб тарбиялашдан иборат. Болани руҳий тушкунликка тушишдан, қийинчиликлар олдида эсанкираб қолишдан ҳимоялашда бундай тарбиянинг аҳамияти катта.

3. Ақл ва фикр тарбиясини яхшилаш учун боланинг фикрлаши, заковати, хотираси ва мушоҳада қобилиятини такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотлар ўтказилади, унга турли ибратли эртак ва ҳикоялар сўзлаб берилади, зарур билим ва маълумотлар ёдлатилади. Одатда, болалар кичик ёшда ҳар бир кўрган нарсаси ҳақида сўрайдиган, уларни текшириб, синаб кўрадиган, тинимсиз саволлар берадиган бўлади. Бундай пайтда уларнинг саволларига эринмай, ҳафсала билан, тушунарли, содда қилиб жавоб қайтариш керак.

4. Ахлоқий тарбия бериш учун, энг аввало, ота-она фарзандига ахлоқ ва одоб бобида ўрнак кўрсатиши, одобдан мунтазам сабоқ бериб бориши керак бўлади. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан ҳисобланади. Бу фикр барча динларда бирдай тасдиғини топган. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.

5. Ирода тарбиясидан мақсад фарзандингизни иродаси кучли шахс қилиб камол топтиришдир. Бунда болага ўз нафси билан курашиш, шахсий орзу ва эҳтиёжларини жиловлаш ёки зарур бўлса, улардан воз кеча олиш, ўз манфаатларини бошқалар ва жамият манфаатларидан устун қўймаслик кабилар ўргатилади. Таомилда, боланинг қайсарлик даврида (тўрт ёшдан ўн олти ёшгача) олиб бориладиган ирода тарбиясида бироз қаттиққўллик, чидам керак бўлади, аммо айни дамда у севги, меҳрибонлик, самимийликни ҳам ҳис этиб турсин.

6. Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда, ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим. Болаларда катталарга тақлид қилиш кучли бўлгани учун улар олдида фаҳш, ҳақоратли сўзларни айтиш, сўкиниш, қўпол гапириш, маҳмадоналик каби иллатлардан тийилиш зарур. Инсон ўз фарзандини тарбия қилишда жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки юқорида айтганимиздек, улар катталарга жуда тез тақлид қилишади. Аввало, болаларга тўғри гапирмоғимиз даркор. Энди тили чиққан вақтида фарзандимиз оғзидан чиқаётган нобоп сўзларга бефарқ бўлмасдан, бундай сўзлар яхши эмаслигини дарҳол уқтиришимиз лозим. Акс ҳолда, бир кун келиб ўша сўзлар фарзандимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида ўзимизга нисбатан ҳам айтилиши мумкин.

7. Меҳнат тарбияси бериш учун болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, меҳнатга муҳаббат уйғотиш учун болалигидан унга турли майда юмушлар буюриб турилади. Турли касб-ҳунарлар ўргатилади, агар бунга ўзи қодир бўлмаса, бирор устозга берилади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг