МақолаларФиқҳ

ҚУРБОНЛИК КИТОБИ (“Кифоя” китобидан)

Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик «Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир». Қурбонлик шариатга иккинчи ҳажрий санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир.
Қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Қурбонлик вожиблигига далиллар: Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган.
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир», деганларини эшитдим». Сунан эгалари ривоят қилган.
Энди, «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганишга киришайлик. 
Бир кишидан битта қўй ва ўша бир кишидан етти кишигача бир мол ёки туя (сўйилишини)га айтилади.
Бу ҳукмга далиллар қуйидагича:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Мол ва туяни етти кишидан сўйилишига далил.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик». Абу Довуд, Муслим ва Термизийлар ривоят қилган.
Мол ва туя қурбонлик қилувчилар етти кишидан кам бўлсалар жоиз, кўп бўлсалар, жоиз эмас.
Бир кишига еттидан бир улушдан кам бўлмаслиги шарти билан.
Яъни, мол ёки туя қурбонлик қилинганда уни тақсимлаганда бирор кишига еттидан бирдан оз улуш темайдиган бўлиши шарт. Бу жуда ҳам нодир масала. Бир киши ўлгандан кейин ортидан ўғли ва хотини ҳамда меросга битта туя қолди. Ўша туяни она бола қубонлик қилишлари мумкин эмас. Чунки, хотинга мероснинг саккиздан бири тегади. Саккизда бир еттидан бирдан оз бўлгани учун уни қурболик қилиб бўлмайди.
Етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилганда,
Гўшт ораларида чамалаб эмас, тортиб тақсимланади. Илло калла пойча ёки териси қўшиб юборилган бўлса бундан мустасно.
Чунки, калла пойча ва терини тортиб тақсимлаш мумкин эмас.
Қурбонлик учун сотиб олинган молга олти киши шерик бўлса тўғри бўлади. Аммо сотиб олишдан аввал шерик бўлиш афзалдир.
Биров ўзим қурбонлик қиламан деб бир мол сотиб олган бўлса, олти киши келиб шерик бўлсалар жоиз.
Бой боланинг молидан отаси ёки васийси қурбонлик қилади. Бола ундан еса бўлади. Қолганини ўзидан фойдаланадиган нарсага алмаштирилади.
Яъни, гўштнинг қолганини кийимга ўхшаган ўзидан фойдаланадиган нарсага алмаштирилади. Пулга ёки таомга алмаштириб бўлмайди.
Бу гаплар Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфларга оиддир. Бошқалар боланинг молидан қурбонлик қилишни айтмаганлар. «Мухтасари Виқоя»нинг шарҳчиларидан Мулло Али қори ва шайх Илёслар боланинг молидан қурбонлик қилмаслик тўғри деганлар.
Қурбонликнинг вақти, шаҳарда сўйса ийд намозидан, бошқа жойда бўлса ийд куни тонги отганидан сўнгдир. Унинг охирги вақти учинчи куннинг қуёши ботишидан сал олдин.
Қурбонликнинг вақти ийд намозидан сўнг эканига далил:
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибдир. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир»-дедилар. Абу Бурда сўйиб бўлган эди. Бас, у: «Менинг мусиннадан яхшироқ жазаъам бор?» деди.
«Уни сўй! Аммо, сендан кейин, бирор кишидан кифоя қилмас», дедилар у зот».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга сўйиш куни, намоздан кейин хутба қилиб: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва қурбонлигимизни қилса, намоз ўқилмасидан олдин сўймасин!» дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Қурбонликнинг охирги вақтига далил.
Имом Молик Нофеъдан қилган ривоятда «Ибн Умар қурбонлик ийд кунидан кейин икки кундир дер эди», дейилган.
Фақирлик, бойлик ва туғилиш, ўлимда охирги вақт эътиборга олинади.
Агар ийди қурбоннинг аввалги кунлари бой бўлиб, охирида фақирга айланган одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. 
Ийди қурбоннинг аввалги кунлари камбағал бўлиб, охирида бойга айланган одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. 
Ийди қурбоннинг охирида туғилган одамга (бой бола қурбонлик қилади деган қавлга биноан) қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Ийди қурбоннинг охирида вафот этган одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
Кечаси сўйиш макруҳдир.
Қоронғида турли хатолар содир бўлиши мумкин.
Қурбонликни назр қилувчи ва уни сотиб олган камбағал, тириклигича садақа қилиш ила қазо қиладилар.
Аллоҳ таолонинг йўлида қурбонлик қиламан деб назр атаган ва ўзига вожиб бўлмаса ҳам, қурбонлик қиламан деб ҳайвон сотиб олган одамлар вақтида уни қила олмай вақтини ўтказиб юборсалар, ҳайвонни тириклигича садақа қиладилар. Чунки, улар ўзларига ўзлари бу ишни вожиб қилиб олганлар.
Бой, сотиб олган бўлса ҳам, бўлмаса ҳам қийматини садақа қилади.
Энди, қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сифатлари ҳақида маълумот берилади.
Қўйдан жазаъ – олти ойлик – ва ундан бошқадан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. Саний деб бир ёшилик қўй – эчкига ва икки ёшлик молга ва беш ёшлик туяга айтилади.
Бу ҳукмлар ҳадиси шарифлардан олинган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларни Ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. У зот:
«Уни сен қурбонлик қил», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бир ёшли улоқчани қурбонлик қилиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан билинади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларга тақсимлаб бўлганларидан кейин бир ёшли улоқча ортиб қолганининг хабарини берганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Уни, сен, қурбонлик қил» дейишлари шунинг далолати.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
«Мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир. 
«Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкидан бўлса, олти ойлиги бўлади.
Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўё-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилаверади.
Қурбонликка айланбош, шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Аммо ўта озғин ва сўяр жойга юриб бора олмайдиган чўлоғи бўлмайди. Шунингдек, қулоғи, кўзи, думбаси ва думининг учдан бири кетгани ҳам бўлмайди.
Бу ҳукмларнинг далил ҳадисларда келган.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, бармоқларим У зотнинг бармоқларидан қисқа, бармоқ учларим У зотнинг бармоқ учларидан кичкина: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас; ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: «Муқобала нима?» дедим.
«Қулоғининг бир томони кесилган», деди.
«Мудобара нима?» дедим.
«Қулоғининг учи кесилган», деди.
«Шарқо нима?» дедим.
«Қулоғи ёрилган», деди.
«Харқо нима?» дедим.
«Қулоғи белги учун йиртилган», деди». Сунан эгалари ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. 
Қурбонликка танланган ҳайвоннинг баркамол бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан иккита ҳикматни мулоҳаза қиламиз.
Биринчи ҳикмат: Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари.
Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. 
Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.
Иккинчи ҳикмат: Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.
Агар етти кишидан бири ўлиб қолса ва унинг меросхўрлари, қурбонликни унинг ва ўзингизнинг номингиздан сўяверинглар десалар, худди қурбонлик, таматтуъ ва қирон учун сўйилган молга ўхшаб, жоиз бўлади. Чунки, тарафлар ҳар хил бўлса ҳам, мақсад бир – қурбат ҳосил қилишдир. Агар улардан бири кофир ёки гўштни ирода қилувчи бўлса, жоиз эмас. Чунки, кофир қурбатга аҳл эмас. Гўшт исташ эса, қурбатга хилофдир. Баъзиси қурбат бўлмаган нарсанинг, барчаси ҳам қурбат бўлмайди.
Қурбонлик қилувчи ундан ўзи ейди ва кимга хоҳласа егизади ёки ҳиба қилади. Унинг учдан бирини садақа қилиш мандубдир.
Бу ҳукм ҳадиси шарифдан олинган: Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот: «Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. 
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.
Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.
Аҳли аёллик киши уларга кенгчилик бўлиши учун садақа қилишни тарк қилмоғи мандубдир.
Бу ҳукмларнинг ҳаммаси вожиб ва суннат қурбонликларга хосдир. Аммо назр қилинган бўлса, эгаси ўзи ҳам ейиши ва бойларга ҳам едириши мумкин эмас.
Сўйишни яхши билса, ўз қўли билан сўймоғи мандубдир. Бўлмаса, бошқага сўйдиради. Китобийга сўйдириш макруҳдир. 
Аммо бошқага сўйдирганда ҳам ўзи ҳозир бўлиши лозимдир. Китобий қурбат аҳли бўлмагани учун унга қурбонликни сўйдириш макруҳ бўлади. Лекин қурбонлик жоиз бўлаверади.
Имом Ал-Ҳоким «Мустадрак»да Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага:
«Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?» деди Фотима. «Йўқ. Мусулмонларга умумий», дедилар».
Унинг терисини садақа қилинади ёки доимий манфаатланадиган анжом қилиб олинади.
Пўстакми, мешкобми, хуржунми ёки шунга ўхшаш уйда доимий фойдаланиб турадиган нарса қилиб олиш дуруст. 
Агар терини бошқа нарсага алмаштирилса ёки сотилса қийматини садақа қилинади.
Гўшт ҳам бу масалада терига ўхшашдир.
Икки киши адашиб бир бирининг қурбонлигини сўйиб қўйса, бўлаверади. Тўлаб бериш йўқ. Чунки қўй шундоқ ҳам қурбонликка тайёрлаб қўйилган. Қурбонлик сўйишда бошқанинг ёрдамидан фойдаланишга рухсат бор. Иккиси сўйиб бўлиши билан ўзиникини қайтариб олади. Агар гўштни еб қўйган бўлсалар, бир бирларининг ҳақларини ҳалол қилишади.
Ғасб қилинган қўйни қурбонлик қилса ўтади. Вадийъага қўйилганни қилса ўтмайди. Иккиси ҳам эгасига тўлаб беради.
Имом Зуфар ва қолган уч мазҳабнинг имомлари ғасб қилинган қўйнинг қабул бўлмаслигини айтганлар.
Агар қурбонликка аталган ҳайвон қочиб кетиб ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси ҳам топилиб қолса, иккисини ҳам сўйилади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

www.islomota.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг