УЛАМОЛАРНИНГ САМИМИЙ МУЛОҚОТИ ИККИ ЭЛНИ ЯНАДА ЖИПСЛАШТИРДИ
Бугун, 26 июнь куни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев бошчилигидаги Қирғизистон делегациясининг Фарғона вилояти Сўх туманига ташрифи доирасида маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди.
Меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ҳамроҳлик қилдилар. Ушбу самимий мулоқотларни маҳаллий аҳоли вакиллари чексиз мамнунлик ва катта олқишлар билан қарши олдилар.
Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилояти Сўх тумани тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, чашма булоғи ҳам шундай. Бу ерда азалдан аҳил-иноқ ва ўзаро тотувликда яшаб келаётган ўзбек, тожик ва қирғиз халқлари шу булоқ сувидан бирдай фойдаланади. Сўнгги вақтлардаги Чашма қишлоғида содир бўлган нохуш воқеада бир қанча одамлар азият чекди. Аллоҳга шукрки, бундай қалтис вазиятга ўз вақтида барҳам берилди. Икки давлат раҳбарлари ҳар қандай масалани музокаралар асосида тинчлик йўли билан ечим топишди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган икки давлатнинг чегарадош вилоятлари мутасаддилари мажлисларида бу каби масалаларга эътибор қаратилиб, ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.
Ташкил этилган қўшни мамлакатлар таниқли уламолари ва дин пешволарининг маҳаллий аҳолиси билан бўлган учрашувларида ҳудуддаги барча муаммолар тинч ва муроса йўли билан ҳал этилишини алоҳида таъкидланди. Узоқ йиллар давомида қирғизлар, ўзбеклар ва тожиклар азалдан ўзаро тинч-тотув, қуда-анда бўлиб яшаб келгани, бундан кейин ҳам шундай давом этиши аждодларимиз тутган йўл – чин мўминлик, биродарлик сифати эканини алоҳида баён этилди.
Сўз олган нотиқлар ўз навбатида, бугунги мураккаб даврда зиддиятли масалаларни ҳал этишда турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва ҳар қандай вазиятда оғир-босиқ бўлиш кераклигини алоҳида қайд этдилар.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда сўхликлар муҳтарам Президентимизнинг катта ғамхўрлигини ҳамиша ҳис қилиб яшамоқда. Ушбу туман юртимизнинг энг обод ва фаровон масканига айланиб, бу каби ишларнинг натижаси одамлар ҳаётида акс этишига шубҳа йўқ. Бунинг учун икки мамлакат муфтийлари таъкидлаганларидек, тинчлик-тотувлик, ўзаро тушуниш ва эзгу мақсад йўлида сидқидилдан ҳамкорлик қилиш талаб этилади, холос.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати